BBC navigation

Қозоғистонда Владислав Челах устидан маҳкама бошланди

Сўнгги янгиланиш 19 ноябр 2012 - 11:09 GMT

Толдиқўрғон шаҳрида сафдошларини ўлдиришда айбланаётган Владислав Челах устидан маҳкама бошланди.

Маҳкама очиқ деб эълон қилинган бўлса-да маҳкама иштирокчиларининг розилиги билан жараёнга ҳалақит бермаслиги учун журналист ва тасвирчилар залдан чиқариб юборилган. Ҳакам томонларни таништириб, уларнинг ҳуқуқини билдиргандан кейин жараёнда айбловчи ва гувоҳларни тинглаш бошланган.

Толдиқўрғон шаҳар маҳкамасининг кириш жойи метал детектор ва полиция билан жиҳозланган.

Маҳкамада иштирок этишни истовчилар, ушбу қатъий текширувдан ўтиши шарт.

Бу бинода 14 сафдоши ва бир ўрмончини ўлдириб уларнинг жасадини ёқиб юборишда айбланаётган 19 ёшли Владислав Челах устидан очиқ маҳкама бўлиб ўтмоқда.

Маҳкама залига суратга олиш учун фақатгина тасвир ва суратга олувчи журналистлар киритилди.

Айбланувчилар учун мўлжалланган ойнали хоначада Владислав Челах юзини кўрсатмаслик учун кепкани бостириб кийган ҳолда бошини эгиб ўтирди.

Суратчи ва тасвирчилар жуссаси кичикккина Владиславни айлантириб суратга оларди.

Залдаги ўриндиқлар эса жабрланувчилар ва Челахнинг яқинлари ҳамда қизиқувчилар билан тўлган.

Соат 10:00 да жиноий ишлар бўйича туманлараро ҳарбий ҳақам Ербол Ахметжанов кириб келди ва маҳкамани бошлади.

Ҳакам маҳкама жарёни ҳақида таништиришни бошлаган вақтда залдаги иштрокчилар ҳеч нарса эшитилмаётгани ва кўринмаётганини айтиб норозилик билдиришди.

Ҳакам бу масалага таништирув расмиятчиликлари тугаши билан қайтишини билдирди.

Владислав Челах ўрнидан туриб ўзини таништираётган вақтда, залда ҳеч нарса эшитилмаётгани ҳақида яна овозлар келди.

Шунда Челах ҳакамга бақирган ҳолда мурожаат қилди.

“Муҳтарам ҳакам. Журналистларни чиқаришингизни сўрайман. Гапларим ўзимга ҳам эшитилмаяпти”, - дея бақирди судланувчи.

Ҳакам ҳамма томонинг розилигини олиб журналист ва тасвирчиларга зални бўшатиб қўйишни сўради.

Журналистлар биринчи қаватда ташкил қилинган махсус хонага ўтказилди. Бу ерда 3 та монитор маҳкама залидан тўғридан тўғри тасвирларни узатиб турибди.

Маҳкама жараёнида Челахнинг адвокати ишни манфаатдор томонларга очиқ ҳолда қайта ўрганиб чиқиш учун терговга юборишни ва материалларни томонларга очиқ деб эълон қилишни сўради. Аммо унинг сўрови қондирилмади.

Ҳакам тушлик учун танаффус эълон қилганда, Владислав Челахнинг адвокати Серик Сарсенов ҳакамнинг ушбу қароридан норози эканлигини билдирди.

“Барча ҳужжатларни ўрганиб чиқишга ҳақ берувчи конституцион ҳуқуқ бузилмоқда. Бугунги кунгача мен ва Челах аслида ҳолат қандай эканлигини билмаймиз. Ҳуқуқда содир этилган жиноятнинг обеъктив аломатлари деган тушунча бор. Аммо Челахни айбловчи қарор қонунни қўпол бузган ҳолда чиқарилгани учун биз ушбу ҳолатлардан бехабар қолмоқдамиз”, - дейди Серик Сарсенов.

Владислав Челах Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош “Арканкерген” чегара постида 14 сафдоши ва бир ўрмончини ўлдиришда ҳамда жасадларни ёқиб юборишда айбланмоқда.

Челахга 9 банд бўйча айблов қўйилган.

Адвокат маҳкама жараёнида Челах ушбу қўйилган айбловларнинг айримм қисмларини бўйнига олиши мумкинлигин айтди.

Аммо ушбу тан олишларнинг ичига қотиллик кирмаслигини билдирди.

Қозоқ расмийларига кўра, 31 май куни Қозоғистон билан Хитой чегарасида фақат йилнинг иссиқ ойларида ўрнатиладиган вақтинчалик "Арканкерен" чегара постида 14 чегарачи ва бир ўрмончининг куйиб кетган жасадлари топилган.

Президент Назарбоев юз берган ҳодисани террор амали деб атаган, мамлакатда бир кунлик мотам эълон қилинган.

Қўлга олинган ягона тирик қолган аскар Владислав Челахнинг хизматдошларини ўлдирганини тан олганини айтганлар Қозоқ расмийлари.

Қозоғистон прокуратураси 19 ёшли аскарнинг хизматдошларини ўлдиргани иқрори ёзиб олинган видеони намойиш этган.

Бироқ аскарнинг яқинлари ва адвокати бу иқрорликларни қийноқ ва босимлар остида олинганини айтиб келишади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.