BBC navigation

'Соқолингизнинг катталиги муштингиздан ортмасин'

Сўнгги янгиланиш 20 ноябр 2012 - 11:43 GMT

Тожикистон Ислом маркази Уламолар Кенгаши Ҳанафий мазҳабига мансуб мусулмон эркаклари ва аёлларининг қандай соқол ва либосда юришларига оид янги меъёрларни эълон қилди.

Белгиланган янги меъёрларга мувофиқ, эркаклар соқолларининг ҳажми ўз муштлари катталигидан ортмаслиги лозим.

Хотин-қизлар эса, фақат авратларини ёпиб турувчи сатрда юришлари керак.

Аён бўлишича, кенгаш Тожикистон Диний ишлар бўйича қўмитасининг буйруғи билан бу ишга қўл урган.

Аммо янги тартиб-қоидаларнинг аниқ қачондан бошлаб кучга кириши маълум эмас.

Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, масъуллар нега бу каби меъёрлар жорий этилаётгани сабабларини изоҳлашмаган.

Мухбирларимиз бу хусусда қўмита ва кенгашдан изоҳ олишга бўлган уринишлари самарасиз якунланганини айтишди.

Ўз ўрнида, янги тартиб-қоидаларни бузганларга қарши қандай жазо чоралари кўзда тутилиши ҳам очиқланмаган.

Муносабат

Маҳаллий кузатувчилар сўнгги янгиликни мамлакат диндорларига қарши охирги йилларда кучайиб бораётган диний босимларнинг бир кўриниши сифатида баҳолашмоқда.

Сўнгги йилларда Тожик ҳукумати диндорларнинг ҳуқуқларини оёқ-ости қилишда танқидлар остида қолиб келади.

Буларнинг сирасида масжидлар фаолиятини текшириш, ёпиш, диний партия ва ҳаракатлар тарафдорларига қарши кўплаб маҳкама жараёнлари, ибодат либосида юрганлар ва соқоллиларга қарши таъқиблар тилга олинади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, охирги йилларда мамлакат аҳолисининг динга бўлган қизиқишининг кучайгани яққол кўзга ташланади.

Бу эса, радикал исломнинг кучайишига йўл қўймаслик учун мамлакатдаги диний ҳаётни ўз назорати остига олишга жиддий ҳаракат қилаётган масъулларни хавотирга солмай қўймаган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Тожикистонда фаолияти тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик айби билан 150 дан ортиқ киши қамоққа ташланган.

Хорижий давлатлар мадрасаларида таҳсил олаётган талабалар ортга қайтарилган.

"Ота-оналарнинг масъулиятлари тўғрисида"ги янги қабул қилинган қонунга мувофиқ, 18 ёшгача бўлганларнинг намоз ўқиш учун масжидларга чиқишлари тақиқланган.

Тожикистон сўнгги йиллларда "Жамоати Ансуруллоҳ" гуруҳи масъул деб билинган худкушлик ҳужуми дохил қатор зўравонликларга саҳна бўлганди.

Биринчи ҳолат эмас

2009 йилда Тожикистон Маориф вазирлиги 50 ёшгача бўлган ўқитувчиларнинг соқолда юришларини буткул тақиқлаб, ундан катта ёшда бўлганларининг соқолларини 3 сантиметр билан чеклаб қўйганди.

Тожикистон Ислом маркази Уламолар Кенгаши эса, худди ўша йили хотин-қизларга маҳаллий либослар асосидаги сатрда юришларини тавсия қилганди.

Кенгаш тавсиясида сатр кийган хотин-қизларнинг хорижга тақлидан қоматларини яққол кўрсатиб турувчи тор либосда бўлмасликлари, шунингдек, фақат кўзлари кӯриниб турувчи бошдан-оёқ қора ниқобда бўлишларининг ҳам номувофиқлиги айтилганди.

Тожикистонда кузатилаётган бу каби ҳолат АҚШ Давлат департаментининг эътиборидан ҳам четда қолмаганди.

Департамент дунёдаги диний эркинликлар билан боғлиқ бу йилги ҳисоботида ушбу масалага алоҳида тўхтаб ўтган ва соқолда юришни тақиқловчи қонун йўқ эканига қарамай, тожикистонлик масъуллар соқоллиларни ҳибсга олиш учун рейдлар уюштиришаётганини айтиб ўтганди.

Ҳисоботда, бунга мисол ўлароқ, ўтган йил январ ойида пойтахт Душанбеда ўттиз соқоллининг ҳибсга олиниши воқеаси келтирилганди.

Тожикистонда яқинда олиб борилган ва мамлакатдаги исломий радикаллашув муаммосини ўрганишни мақсад қилган тадқиқот натижаларига қаралса эса, сўнгги ўн йилликларда дин жамият ҳаётида муҳим ўрин тута бошлаган. Одамлар ҳам фуқаровий идоралардан кўра, динийларига кўпроқ ишона бошлашган.

Тожикистондаги аксариятнинг наздида эса, исломий радикаллашувнинг кучайишида ижтимоий-иқтисодий муаммолар ўз таъсирига эга.

Aзиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.