BBC navigation

Қозоғистонда бир нечта мустақил ОАВнинг фаолияти тўхтатилиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 21 ноябр 2012 - 08:09 GMT

Олма ота прокуратураси маҳкамадан Қозоғистондаги бир қатор мустақил матбуот ва жамоат ташкилотларини экстремистик деб топиб фаолиятини тўхтатишни сўради.

Мурожаатда “Республика” ва “Взгляд” газетаси ва унинг веб саҳифалари, “К+” телеканали, “Стан ТВ” видео портали ҳамда уларнинг веб саҳифаларининг Қозоғистон ҳудудида фаолияти ва тарқатилишини тўхтатиш ҳақида гап боради.

Бу ҳақда Бош прокуратуранинг расмий вакили Нурдаулет Суиндиқов маълум қилди.

Бундан ташқари мухолиф партияси ва яна бир жамоатчилик ташкилотининг ҳам фаолияти тўхталиши сўралган.


“2012 йили 20 ноябр куни Олма ота шаҳар прокуратураси маҳкамага қуйидаги ариза билан мурожаат қилди: рўйхатдан ўтмаган жамоатчилик уюшмалари “Алға” ва “Халқ майдони”ни экстремистик ташкилот деб топилсин ва Қозоғистон ҳудудида уларнинг фаолиятига чек қўйилсин”, - деган Бош прокуратура вакили Нурдаулет Суиндиқов.

Прокуратура ушбу мурожаатга мухолифатдаги “Алға” партияси лидери Владимир Козлов устидан чиқарилган маҳкама қарори асос бўлганини билдирган.

Маҳкама “Алға”, ва “Халқ майдони” аъзолари Жанаўзендаги намойиш ўтказган нефтчилар орасида тарқатган варақа ва нашриёт маҳсулотлари ҳамда чиқишлари ижтимоий адоват қўзғаш ва ҳукуматни куч билан босиб олишга қаратилганини аниқлаган.

Ҳукмномада кўрсатилишича, ““К+” телеканали, “Стан-ТВ”, “Республика” интернет портали, “Республика овози” ва “Взгляд” газеталардаги матераилларнинг мазмун моҳияти ижтимоий адоватни қўзғашга йўналтирилган”.

- “К+” телеканали кўрсатувлари, “Взгляд”, “Республика овози” газеталаридаги мақолалар, “Республика”, “Стан-ТВ” интернет порталидаги материаллар таҳлил қилинганда ҳукуматни куч билан босиб олиш ва давлат хавфсизлигига таҳдид солиш каби маъно борлиги аниқланди, - дейилади Бош прокуратура веб саҳифасига қўйилган хабарда.

Юқорида номи келтирилган оммавий ахборот воситалари Қозоғистонда ҳукуматга мухолиф бўлган нашрлар ҳисобланади.
Қозоғистонда бўлаётган ва давлатга қарашли матбуот четлаб ўтадиган мавзулар ушбу нашрларда фаол ёритилиб келинади.

Жанаўзенда 7 ой давом этган нефтчиларнинг намойиши ушбу медиа орқали фаол ёритилган.

Намойишлар 2011 йилнинг 16 декабр куни оммавий тартибсизликларга айланиб кетган ва ҳукумат кучлари майдонга йиғилганларга нисбатан ўқ узган.

Натижада расмий маълумотларга кўра 16 киши ҳалок бўлган ва 100 ортиқ одам тан жароҳати олган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.