BBC navigation

Имомали Раҳмон: тожикистонликлар уйида давлат байроғи бўлиши керак

Сўнгги янгиланиш 26 ноябр 2012 - 14:30 GMT

Президент Имомали Раҳмон ватанга муҳаббат рамзи сифатида давлат байроғини уйларга осишга чақирган.


Тожикистон Президенти халқини уйларида давлат байроқларини осиб қўйишга ва давлат байроғи рамзи туширилган нишонларни тақиб юришга чақирган.

Имомали Раҳмонга кўра, бу ватанга муҳаббат ва ҳурмат маъносини англатиб туради.

"Ватанга муҳаббат ва эъзозни намоён этишнинг энг яхши белгиси ҳар бир одамнинг кўксида байроқ акси бор нишонлар бўлиши, уй ва иш жойларида давлат байроқлари осиб қўйилишидир",- деб айтган Тожикистон Президенти шанба куни Миллий байроқ куни муносабати билан телевидение орқали қилган мурожаатида.

Жаноб Раҳмоннинг сўзларига биноан, ривожланган давлатларнинг фуқаролари уйида камида битта миллий байроқ бўлишига интилади.

"Шу сабабли, биз ҳам бундай ташаббусларни кенг қўллашимиз лозим. Бу миллий ўзлигини англаш ва миллий давлатчиликни ривожлантиришга бевосита ҳисса қўшади",- деб таъкидлаган Тожикистон раҳбари.

Президент Раҳмон қайд этишича, давлат байроғига ҳурматни кўрсатиш "жамиятнинг ҳар бир аъзосининг тарихий ва фуқаролик бурчи ҳисобланади"." Биз доимо миллий байроғимиз ҳар бир фуқарода давлат учун фахр туйғуларини уйғотишига ва миллий мустақилликни мустаҳкамлашига эришишимиз лозим",- деб қўшимча қилади Тожикистон президенти.

Тожикистонда Миллий байроқ куни муносабати билан 8500 кишилик байрам марши ўтказилиши мўлжалланган.

Асосий байрам тадбирлари дунёдаги энг баланд байроқ ўрнатилган майдонда бўлиб ўтади.

Шунингдек, тадбир доирасида 35 км масофага мўлжалланган веломарафон ўтказилиши кўзда тутилган.

Байрам тантаналари туфайли Душанбе шаҳридаги бир қанча марказий йўллар ёпилиши айтилган.

Тожикистонда Давлат байроғи куни 2009 йилдан буён Имомали Раҳмон ташаббуси билан ўтказиб келинади.

Тожикистон миллий байроғи тикилган устуннинг баландлиги 165 метр бўлиб, байроқ узунлиги 60 эни эса 30 метрга етади.

Қизил, яшил ва оқ ранглари бўлган Тожикистон байроғи 1992 йил 24 ноябрда мамлакат Олий кенгаши сессиясида қабул қилинган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.