BBC navigation

Бишкекда марҳум Алишер Соиповнинг укалари дўппосланган

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 09:46 GMT

Шоҳруҳ Соипов Ўшда чиқадиган "Дайджест" газетаси бош муҳарриридир.

Бишкекда якшанба оқшомида марҳум журналист Алишер Соиповнинг уч укаси дўппосланган. Ҳужумга учраганлар орасида бўлган журналист Шоҳруҳ Соипов душанба тонгида Бишкекдаги Би-би-си мухбирига йўллаган СМСида уни ва укаларини 2 декабр соат 23:00дан бери Бишкек шаҳри Октябрский тумани ички ишлар бошқармасида ушлаб туришганини билдирган.

СМСда у, шунингдек, якшанба соат 21:30да Қирғизистон парламенти депутати Омурбек Текебаевнинг жиянлари арматуралар билан уларга ташлангани ва "миллий адоват" туфайли дўппослаганлари, ва ҳозирги пайтда "Текебаев терговчиларга босим" ўтказаётгани даъво қилинади.

Бишкекдаги мухбиримиз Шоҳруҳ Соипов билан телефон орқали боғланганда, Соипов ўз аҳволи ва ҳужум ҳақидаги саволларга аниқ жавоб бера олмаган.

Шоҳруҳ ва Юсуф Соиповлар олган жароҳатлари туфайли ҳозирда касалхонага ётқизилганлар. Шоҳруҳ Соиповнинг телефони ҳозирда ўчирилган.

Мухбиримиз, шунингдек, Октябрский тумани ички ишлар бошқармаси, Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси, ҳамда Ички Ишлар Вазирлигига ҳодисага аниқлик киритиш учун борган, бироқ расмийлар унга ҳеч қандай муносабат билдирмаганлар.

Октябрский ички ишлар бошқармасида қурбонлар билан бирга бўлган қирғизистонлик инсон ҳақлари фаоли Азиза Абдирасулова Фергананюс.ком хабар агентлигига ҳужум тафсилотларини гапириб берган.

"Кеча кечки тўққиз яримларда Шоҳруҳ ва унинг икки туғишган укаси, ҳамда унинг дўсти ўзлари яшайдиган уйдан чиқаётганларида, уларга тўрт йигит арматуралар билан ҳужум қилишган ва шафқатсизларча уришни бошлашган. Ака-укалар қайтиб квартира томон қочганлар, лекин ҳужумчилар уларнинг орқасидан қувлашган, квартира деразаларини синдирганлар ва эшикни синдира бошлашган. Улар Соиповлар милицияни чақирганларидан кейингина кетишган. Жиноят жойида икки арматура ва Омурбек Текебаевнинг жияни Азамат Текебаевнинг мобил телефони топилган", - деб айтган Абдирасулова хоним Фергананюс.ком сайтига.

Унга кўра, Шоҳруҳ танасининг кўп қисмлари кўкарган, у юрагини ушлаб ўтирибди ва гапира олмаяпти. Фаол судмедэкспертиза ўтказилгани, аммо жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмаганини билдирди.

Текебаев муносабати

Таниқли сиёсатчи Омурбек Текебаев матбуотни ҳодиса тафсилотларини текширмай хабар тарқатмасликка чақирди.

Таниқли сиёсатчи, Қирғизистон парламентининг собиқ спикери, ҳамда "Ата-Мекен" партияси асосчиси Омурбек Текебаев жияни ва ака-ука Соиповлар ўртасида қандай келишмовчилик ё адоват бўлгани аниқ эмас. Бишкекдаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевга кўра, Шоҳруҳ Соипов бош муҳаррири ҳисобланмиш "Дайджест" газетасида Текебаев оиласига қарши мақолалар кўзга ташланмаган.

Айни дамда 24.kg хабар агентлигига кўра, Омурбек Текебаев ўз жиянининг ура-урда иштирок этгани борасидаги текширилмаган маълумотни чоп қилмасликни сўраган. У ҳодиса борасида маълумотга эга эмаслигини айтган.

Хабарларга кўра, Азамат Текебаев ҳозирда Октябрский тумани ички ишлар вазирлигида сўроқ қилинаяпти.

Азамат Текебаевнинг адвокати Анатолий Духовных баёнот чиқариб, ўз ҳимоячиси ҳақиқатдан ҳам муштлашишда иштирок этгани ва унда 10 киши қатнашганини билдирган. Баёнотда айтилишича, терговчи органлар можаро тафсилотларини ўрганиб чиқишмоқда.

Адвокат ҳодиса борасида бошқа маълумот бермаган, бироқ инсон ҳақлари фаоли Азиза Абдирасулованинг ҳодиса борасида матбуотга бераётган интервьюларидан норозилик изҳор қилган.

Бу Шоҳруҳ Соиповга уюштирилаётган биринчи ҳужум эмас.

У ўтган йили 10 август куни Ўш шаҳри аэропортида номаълум шахслар томонидан калтакланган ва шифохонага ётқизилган.

Шифокорлар унга мия чайқалиши ташхисини қўйганлар.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш очилгани ва тергов олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганлар. Бироқ, Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шоҳруҳ Соиповнинг калтакланиши унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ эмас, деб айтган.

Унинг акаси, ўзбек тилидаги мубоҳасали "Сиёсат" газетаси муҳаррири, ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Алишер Соипов 2007 йилда Ўшда отиб ўлдирилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.