BBC navigation

Президент Назарбоев Қозоғистон тараққиётига оид ўз режаларини эълон қилди

Сўнгги янгиланиш 14 декабр 2012 - 13:36 GMT
Назарбоев

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни деярли чорак асрдан буён идора этиб келади

Қозоғистон халқига йиллик анъанавий мурожаат билан чиққан президент Нурсултон Назарбоев мамлакатнинг 2050 йилгача бўлган тараққиёт режаларини очиқлаган.

Шу билан бирга жаноб Назарбоев 2025-йилдан бошлаб Қозоғистоннинг лотин алифбосига ўтиши учун тайёгарлик кўришни бошлаш ҳақида кўрсатма берган.

У, шунингдек, марказий ва маҳаллий ҳокимиятларга берилажак ваколатлар ҳам ўзгаришини маълум қилган.

Элбошига кўра, 2013-йилдан бошлаб марказ ва ҳудудлар ўртасидаги ваколат бир-биридан ажратилган ҳолда бўлади.

Жойлардаги ҳокимларга кўпроқ мустақил ҳаракат қилиш ваколати берилиши кутилмоқда.

Нурсултон Назарбоев қишлоқ округлари ва туман типидаги посёлкаларда ҳокимлар сайлаш йўли билан аниқланишини ҳам билдирган.

Қозоғистон бўйича Би-би-си мухбири Шодиёр Сайфнинг айтишича, жаноб Назарбоевнинг бу йилги мурожаати "ўзининг узатилиш шакли билан фарқ қилиб турибди".

"Ҳар йили мурожаатни тўғридан тўғри марказий телеканаллар орқали кўриш мумкин эди. Аммо бу йилги мурожаат ёзиб олинган ҳолда кўрсатилмоқда. Журналистлар эса ушбу мурожаатни янги қуриб битказилган "Остона опера" опера ва балет театридан бевосита кузатишаяпти, мурожаат матни эса ахборот агентликлари орқали ёзма равишда узатилмоқда," - дейди Шодиёр Сайф.

Унинг таъкидлашича, Нурсултон Назарбоевнинг бу йилги мурожаатида энг "шов шувли деб кўрилаётгани" Қозоғистоннинг лотин алифбосига ўтиш тўғрисидаги топшириғи бўлган.

Лотин алифбоси истиқболи

Таҳлилчилар қозоқ алифбосининг лотин алифбосига ўтказиш режаларини турлича талқин қилишмоқда.

Баъзилар режани "рус тили таъсиридан қутилиш сари ташланган бир қадам" деб баҳолашмоқда.

Бошқалар эса буни Қозоғистоннинг туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо экани билан изоҳлашади.

Уларга кўра, Қозоғистонни лотин алифбосига Туркиянинг юқори мулозимли ундаётган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.

Жаноб Назарбоевнинг ўзи эса янги қарорни "лотин алфибосини замонавий ахборот алифбоси" деб баҳолаган.

Режага мувофиқ, Қозоғистон 2025 йилдан бошлаб лотин алифбосига босқичма-босқич ўтиши мумкин.

Тўлиқ лотин алифбосига ўтиш қачон якунланиши борасида қозоқ расмийлари бирор изоҳ беришгани йўқ.

Маҳаллий ҳокимиятлар ваколати

Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, "Қозоғистонча демократия ривожланишининг янги турдаги давлатчилигини шакллантириш лозим".

Шу сабабдан 2013 йилдан бошлаб, марказий ва ҳудудлардаги ҳокимият ўртасидаги ваколатлар аниқ қилиб бўлиб чиқилади.

Жойлардаги ҳокимиятлар молиявий ва кадрлар заҳиралар билан мустаҳкамланади.

Жамоатчилик назоратини ошириш учун эса, қишлоқ округлари ва туманларда ҳокимлар сайланадиган бўлади.

Нурсултон Назарбоев, ҳаммаси бўлиб, икки ярим мингдан зиёд ҳоким сайлаш йўли билан аниқланишини айтиб ўтган.

Хавфсизлик муаммолари

Йиллик мурожаатида Қозоғистон президенти ёшларни "радикал ислом"дан қайтишга чақирган.

"Радикал исломий оқимларга берилиш - ўрта асрларга олиб боради," - деб айтган Нурсултон Назарбоев.

"Қозоғистон жамиятини хавотирга солиб турган масалалардан бири, бу диний ҳолатдир. Албатта биз мусулмонмиз, яъни ҳанафий мазҳабидаги суннийлармиз. Бу аждодларимиз томонидан танланган ва анъаналарни ҳурмат қилишга асосланган йўлдир," - деб айтган Қозоғистон раҳбари.

Элбоши қозоқларнинг аждодлари ҳеч қачон қизларнинг юзини тўсмаганини, шундай қилмоқчи бўлганлар анъаналарга ҳурмат билан қараши зарурлигини уқтирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.