BBC navigation

Маҳбус Борис Шихмурадов тақдири...

Сўнгги янгиланиш 28 декабр 2012 - 15:45 GMT

Туркман қамоғида бедарак кетган вазирни излаб...

Бундан роппа-роса 10 йил муқаддам Туркманистон Миллий телевидениесида ўта абгор аҳволдаги шахс пайдо бўлиб, президент Ниёзов жонига суиқасд уюштирганини тан олганди.

Томоша қилишmp4

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Бундан 10 йил аввал Туркманистон Миллий Телевидениесида ўта абгор аҳволдаги шахс пайдо бўлиб, президент Ниёзов жонига суиқасд уюштирганини тан олганди.

"Биз ярамаслар, мафиямиз, нашавандлармиз", дея ақл бовар қилмайдиган изҳоротларни қилаётган инсон яқиндагина мамлакатнинг энг обрўли шахсларидан бўлган Ташқи Ишлар вазири Борис Шихмурадов эди.

Эртаси куниёқ Борис Шихмурадов ва унинг қатор ҳамкорлари умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилдилар. Ўшандан бери улардан ном нишон йўқ...

1993-1999 йиллари Ташқи Ишлар Вазири вазифасини бажарган Борис Шихмурадов мустақил Туркманистон ташқи сиёсатининг меъмори, президент Сапармурод Ниёзовга жуда яқин бўлган шахс сифатида кўриларди.

Лекин кейинчалик уларнинг орасидаги муносабат совуқлашиб жаноб Шихмуродов Хитойга элчи этиб жўнатилди.

2001 йил ноябр ойида Борис Шихмуродов элчилик вазифасидан истеъфо берганлигини маълум қилиб, мухолифат томонига ўтаётганлиги ҳақида баёнот билан чиқди.

Борис Шихмурадов Ташқи Ишлар вазири сифатида Афғонистонга сафарларидан бирида...

Туркман расмийлари унга қарши қуро-яроғ савдосида айблар билан жиноий иш очиш билан жавоб бердилар.

Борис Шихмурадов оиласи аъзоларига кўра, Турманистон Халқ Демократик Ҳаракатига асос солган Борис Шихмурадов 2002 йил ноябр ойида мамлакатга қайтиб, президент Ниёзовни қудратдан четлатиш йўлида халқни сафарбар қилиш мақсадларини яширмаган.

Унинг рафиқаси Татьяна Шихмурадовага кўра, турмуш ўртоғи яширин тарзда Туркманистонга қайтиш режаларини ҳазиломуз тарзда оила даврасида тилга олган.

"Эрондан келаётган юк машинасида савдогар ёда ҳайдовчи бўлиб борсаммикан, Ўзбекистон орқали ўтаймикан, ё юзимни гримм қилиб, учоқда бораймикан, деб ҳазиллашарди", дейди Татьяна Шихмурадова.

Борис Шихмурадов оиласи ҳозирда муҳожиратда яшайди ва қаерда эканликларини ортиқча ошкор қилишдан ўзларини тиядилар.

Отасининг мухолифат сафларидаги фаолиятида ёрдамчи бўлган Байрам Шихмуродовга кўра, Туркманбошини тинч йўлда қудратдан четлатиш, истеъфога чиқишга мажбурлаб, тез орада сайловларни ўтказиш режалари кўриб чиқилаётган эди.

Лекин воқеаларнинг расмий талқини ўзгача. Уларга кўра, 2002 йил 25 ноябр куни Шихмурадов дохил мухолифатчилар Президент кетаётган машиналар карвонини ўққа тутиб, унинг жонига суиқасд уюштирганлар.

Аммо Ниёзов суиқасддан омон қолиб, бу амалда мухолифатчиларни айблаб чикди.

Шу заҳотиёқ мамлакат бўйлаб қама-қамалар бошланди.

Борис Шихмурадов ва унинг қатор ҳамкорлари яширинишди.

Туркман расмийларига кўра, қулга олингунга қадар ўтган бир ой мобайнида Борис Шихмурадов бир неча кун Ўзбекистон элчиси қаророгоҳида ҳам бошпана топган.

Бунинг учун туркман расмийлари Ўзбекистон элчисини исталмаган шахс, дея эълон килиб, мамлакатни тарк этиши учун 48 соат мухлат бердилар.

Борис Шихмуродовни эса ҳодисалардан роппа-роса бир ой ўтиб, 25 декабр куни ҳибсга олдилар.

Атиги бир неча кун давом этган тергов натижасида 29 декабр куни мамлакат Олий Маҳкамаси Шихмуродов дохил қатор шахсларни олий жазо -25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Эртаси куни мамлакат Халқ Маслаҳати Кенгаши жазони умрбод қамоқ жазосига ўзгартириш учун овоз берди.

Шихмурадов рафиқасининг айтишича, умрбод қамоқ жазоси ўша вақтда Туркманистон Жиноий Кодексида умуман мавжуд эмасди.

Халқаро ташкилотлар туркман расмийларининг 25 ноябр ҳодисалари версиясини савол остига олиб келадилар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига кўра, гўёки суиқасдга уриниш рўй берганлиги атрофидаги даъволар ўта шубҳали.

Ҳукм эълон қилинганидан бери ўтган 10 йил мобайнида туркман расмийлари Шихмуродов ва унинг ҳамкорлари қаерда ва қандай аҳволда эканлиги ҳақида маълумот беришдан бош тортиб келмоқдалар.

"Ҳатто энг репрессив режимлар даврида, фашистлар концлагери бўладими, Сталин ҳибсхоналарими маҳбуслар ўзлари ҳақида ташқи дунёни хабардор қилиш йўлини топардиларку... Қандай қилиб йигирма биринчи асрда 100 дан ортиқ кишини ўзлари ҳақида ҳеч қандай хабар бера олмайдиган шафқатсиз ихота шароитида ушлаш мумкин, мен буни тасаввуримга сиғдира олмайман. Улар ҳаёт эмас, шунинг учун хабар бера оламяптилар, деган фикрдан ўзимни чалғитишга ҳаракат қиламан...", дейди Татьяна Шихмурадова.

2006 йили БМТ Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини танқид остига олиб, Борис Шихмурадов ва унинг ҳамкорлари ишини кўтарган.

Бу танқидга жавобан туркман расмийларининг ёзишларича, мамлакатда биронта ҳам сиёсий мотивлар асосида қамалган инсонлар йўқ.

"Борис Шихмуродов ва унинг тарафдорлари террорчиликда айбланган. Туркманистон қонунларига мувофиқ бу каби шахслар билан халқаро ташкилотлар ва оила аъзоларининг учрашувларига ҳибснинг дастлабки 5 йили мобайнида рухсат берилмайди" , дейилади ушбу мактубда.

Қамалганлардан эса 10 йил мобайнида дарак йўқ...

Туркманбоши 2006 йили оламдан ўтди.

Лекин мамлакатда сиёсий ислоҳотлар рўй бериши мумкинлиги ҳақидаги умидлар тез орада чипакка чиқди.

Туркманбоши изидан бораётган жорий президент Гурбангули Бердимуҳаммадов суиқасдда гумон қилинганларга нисбатан ҳам унинг йўриғини сақлаб қолди.

Борис Шихмуродовлар оиласи ҳануз ўша саволлар ва биронта ҳам жавобсиз ҳаёт кечиришга мажбурлар.

БМТ декларациясига мувофиқ Борис Шихмуродов ва унинг сафдошлари кабилар "мажбурий равишда бедарак кетган инсон", дея кўрилади.

Ушбу халқаро ҳужжатда айтилишича, жаҳондаги биронта ҳукумат инсонларнинг мажбурий равишда бедарак кетишларига қўл урмаслиги, йўл кўймаслиги ёда тоқат қилмаслиги керак.

БМТнинг мажбурий бедарак кетганлар бўйича ишчи гуруҳи Шихмуродов ва унинг сафдошлари ишини назорат остига олиб, Туркман расмийларига сўровнома жўнатган... Лекин бу ҳам натижасиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.