BBC navigation

Дубайда тожик мухолифати раҳбари ҳибсга олинди

Сўнгги янгиланиш 24 декабр 2012 - 10:39 GMT
Умарали Қуватов

Умарали Қуватов Тожикистонда сиёсий ислоҳотлар ўткзаишни талаб қилиб келади

Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган "Группа 24", ("24-гуруҳ") раҳбари Умарали Қуватов якшанба куни тунда Дубай аэропортида ҳибсга олинган.

Дубай полициясининг тожик мухолифати фаолларига маълум қилишича, Умарали Қуватовнинг ҳибсга олинишига Тожикистон ҳукумати юборган талаб сабаб бўлган.

Талабда Умарали Қуватов Тожикистонда экан ўзи раҳбарлик қилган ширкатга тегишли 6 миллион доллар маблағни ўзлаштиргани маълум қилинади.

Икки йил муқаддам ташкил этилган "Группа-24" асосий мақсади мухолифат кучларини бирлаштириш ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон истеъфосига эришиш эканини эълон қилган.

Йигирма тўрт нафар ишбилармон ва сиёсатчи асос солган ушбу гуруҳ шу йил ёзида Тожикистон шарқидаги Хоруғ шарқида ҳукумат қўшинлари ва қуролли исёнчилар ўртасида тўқнашувлар юз бериши ортидан танилди.

Гуруҳ ўз сафларида бугунги кунга келиб 10 мингдан зиёд аъзоси борлигини даъво қилади.

Сафдошларидан бирининг Би-би-сига маълум қилишича, Дубай маҳкамаси Умарали Қуватов устидан маҳкама ишини сешанба куни эрталаб кўриб чиқади.

Яқинларига кўра, 43 ёшли Умарали Қуватов Тожикистонда экан "Фароз" номли ширкатга раҳбарлик қилган.

Афғонистонга ёнилғи етказиш билан шуғулланган мазкур ширкат Имомали Раҳмон куёвларидан бири билан ҳамкорлик қилган.

Умарали Қуватов президент куёви босимлари остида ватанни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Охирги пайтларда жаноб Қуватов Москвада истиқомат қилаётганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.