BBC navigation

Тутқун Уйғур ёзувчиси Нурмамат Ёсин тақдирига ойдинлик киритиш талаб қилинмоқда

Сўнгги янгиланиш 3 январ 2013 - 15:49 GMT

Нурмамат Ёсин "Ёввойи каптар" ҳикояси учун қамалган.

Қатор халқаро ташкилотлар Хитой қамоқхонасида сақланган ёш Уйғур ёзувчиси Нурмамат Ёсин ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин Хитой ҳукуматидан унинг тақдири борасида маълумот беришни талаб қилмоқдалар.

Халқаро Amnesty International ташкилоти ҳикояси учун қамалган ёш Уйғур ижодкорининг ўлими Хитой ҳукумати учун "шармандали айблов" эканини айтган ва Нурмамат Ёсин ўлимини сир сақлаш ҳаракатларини қоралаган.

Уйғур Американ Ассоциацияси Хитой ҳукуматидан зудлик билан Нурмамат Ёсин ҳақида ахборот беришни талаб қилган.

Уйғур Американ Ассоциациясига кўра, Нурмамат Ёсин оламдан ўтгани ҳақида хитойлик ҳуқуқшунос олим Тенг Бияао Twitterдаги саҳифасида маълум қилган.

Тарқатилаётган хабарларга кўра, Нурмамат Ёсин 2011 йилда хасталикдан вафот этган.

Ассоциация "Эркин Осиё" радиоси Мандарин хизматининг Нурмамат Ёсин оиласи билан суҳбатлашиб хабар тарқатганини ҳам маълум қилган.

"Эркин Осиё" радиосига кўра, яқинлари Нурмамат Ёсиннинг ўлгани ҳақидаги хабарни рад этганлар, яқинда уни бориб кўрганларини даъво қилганлар.

Бироқ Хитой ҳукумати унинг аҳволи ҳақида ҳеч қандай ахборот тарқатмаган.

Нурмамат Ёсиннинг қамоқхонада жуда ёмон аҳволда сақлангани, қийноқларга солингани ҳақида хабарлар тарқалган.

Нурмамат Ёсин 1974 йилда туғилган.

Унинг қамалишига Қашғарда нашр этиладиган журналда "Ёввойи каптар" ҳикояси сабаб бўлган.

Бу ҳикоя шоҳ каптарнинг ўғли номидан ёзилган.

Инсон томонидан қафасга солинган каптар тутқунликда яшашдан кўра ўз жонига қасд қилишни афзал билади.

"Мана энди ниҳоят мен эркин ўла оламан", дейди каптар.

"Ёввойи каптар" 2004 йилда ёзилган ва Хитой расмийлари муаллифни "бўлгинчиликни гижгижлаш"да айблаб ҳибсга олганлар.

Нурмамат Ёсин ҳибсга олинган пайтида унинг компютери мусодара қилинган, хабарларга кўра, компютерида шеърлари, ҳикоялари ва тугалланмаган - жами 1600 асари бўлган.

2005 йилда ёзувчи устидан маҳкама қарори эълон қилинган, Amnesty International ташкилоти Нурмамат Ёсин маҳкамасининг адолатсиз ўтганини таъкидлаган.

Маҳкама уни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

"Нурмамат Ёсин аввалбошданоқ қамалмаслиги керак эди ва агар тасдиқланадиган бўлса, ёш ёзувчининг ўлими Хитой ҳукумати назаридаги адлия тизими учун шармандали айбловдир", деб айтган Amnesty Internationalнинг Осиё-Тинч Уммони бўйича Директори ўринбосари Кетрин Бабер.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг.

Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.