BBC navigation

Маҳмуд Худойбердиевнинг янги суратлари интернетда қизғин баҳсларни уйғотди

Сўнгги янгиланиш 11 январ 2013 - 14:17 GMT
Маҳмуд Худойбердиев

Маҳмуд Худойбердиев Тожикистонда фуқаролар уруши йилларида энг таниқли дала қўмондонларидан бири эди

Facebook ижтимоий веб тармоғида Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг янги суратлари пайдо бўлиши қизғин баҳсларни уйғотган.

Икки сурат муҳожиротдаги таниқли мухолифат журналисти Додожон Атоулло томонидан қўйилган.

Маҳмуд Худойбердиев 1992-1997 йилларда Тожикистонда юз берган қонли фуқаролар уруши пайтида дала қўмондони сифатида ном чиқарди.

Полковник бошчилик қилган ҳарбий бўлинма тўғридан-тўғри президент Раҳмонга бўйсунар ва қуролли исломий мухолифатга қарши курашда асосий кучлардан бири ҳисобланарди.

Бироқ, Маҳмуд Худойбердиев 1997 йили Тожикистонда ҳукумат ва мухолифат ўртасида имзоланган тинчлик битимини тан олмаслигини эълон қилди.

Кўп ўтмай марказий ҳукуматга қарши исён кўтарган полковник ўз тарафдорлари билан мамлакатдан сиқиб чиқарилди.

1998-йил ноябрида эса Маҳмуд Худойбердиев бошчилигидаги қуролли гуруҳ Тожикистон шимолидаги Хўжанд ва Чкаловск шаҳарларида бир неча муҳим муассасаларни босиб олди.

Ҳукумат қўшинларининг исёнчиларга қарши бир неча кун давом этган амалиёти чоғида ўнлаб инсонлар ҳалок ва яна кўплар яраланди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўшанда қўшни Ўзбекистонни исёнчи полковникни дастаклашда айблади.

Ҳозирга қадар Маҳмуд Худойбердиевнинг қаерда бошпана топгани маълум эмас.

Аммо, баъзи таҳлилчилар фаразига кўра, Маҳмуд Худойбердиев ўз тарафдорлари билан Ўзбекистон ҳудудида бошпана топган.

Хўш, кутилмаганда исёнчи полковник суратлари интернетда қай тарзда пайдо бўлди?

Би-би-си айни савол билан Додожон Атоуллонинг ўзига боғланди.

Додожон Атоулло: Бир неча йил муқаддам, эсингизда бўлса, Тожикистон ҳукумати Маҳмуд Худойбердиев ўлдирилганини эълон қилди. Лекин у тирик ва соғ-саломат. Фотосурат тарихи қуйидагича: сиз ишонмаслигингиз мумкин, лекин суратни менинг яқин дўстим Тожикистон ҳудудидаги Анзоб довони яқинида олган ва ўша ерда Маҳмуд Худойбердиев билан суҳбатлашган. Бу 2012-йил баҳорида бўлган.

Би-би-си: Сиз Маҳмуд Худойбердиев сурати Тожикистон ичкарисида олинганини айтаяпсиз. Лекин, исёнчи полковник 13 йил муқаддам мамлакатдан куч билан чиқариб юборилганини ҳамма яхши билади. Энди қандай қилиб, у Анзоб довонида бемалол юриши мумкин? Бу деярли имконсиз эмасми?

Додожон Атоулло: Биласизми, Маҳмуд Худойбердиев тожикистонлик бошқа барча ҳарбий қўмондонлардан, энг аввало, ўта профессионаллиги билан фарқ қилади. У олий ҳарбий таълимга эга. Мен уни яхши таниган ҳарбийлар, мутахассислар ва журналистлар билан кўплаб суҳбатлар ўтказганман. Уларга кўра, Маҳмуд Худойбердиев ўта моҳир ҳарбий стратег ҳисобланади. Бугун Тожикистон ҳукуматига мухолифатда бўлган ҳар қандай одам халқ кўз ўнгида қаҳрамонга айланади. Мен Тожикистондаги парламент вакилари, вазирлар ва кўплаб таниқли шахслар Маҳмуд Худойбердиев билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилишаётганларини яхши биламан. Лекин, Маҳмуд Худойбердиев суратини фейсбукка қўйганимда ушбу суратлар одамлар орасида бу қадар катта шов-шувни уйғотади, деб ўйламагандим....

Би-би-си: Додожон, Тожикистонда 1997 йилда тинчлик битими имзоланганидан буён ҳозирга қадар Маҳмуд Худойбердиев сурати бир ёқда турсин, унинг на тириги ва на ўлиги маълум эди. Орадан ўн беш йил ўтиб бу суратларни Facebook тармоғига нима мақсадда қўйдингиз?

Исёнчи полковникнинг қаерда яширингани ҳозирга қадар маълум эмас

Додожон Атоулло: Ростини айтсам, маълум бир мақсадни кўзламагандим. Фотосуратлар архиви ичидан унинг суратига кўзим тушди ва уни фейсбукка қўйишга қарор қилдим. Бундан ташқари, Тожикистон ичкарисида ҳозир Маҳмуд Худойбердиев ўз аскарлари билан яна бостириб кирмоқчи, деган маънода ҳукумат томонидан кучли ташвиқот олиб борилаяпти. Ҳаттоки, менга келган ишончли маълумотларга кўра, Тожикистон юқори мулозимлари қамоқхонама-қамоқхона юриб, фуқаролар урушидан кейин озодликдан маҳрум этилган эски дала қўмондонлари билан учрашиб, агар улар Маҳмуд Худойбердиевга қарши махсус батальонга киришга рози бўлсалар, уларни қамоқдан озод этишга ваъда қилишаётган экан.

Би-би-си: Полковник Худойбердиев қуролли тарафдорларининг Тожикистон шимолига бостириб кирганига мана ўн уч йилдан ошди. Наҳотки, шунча йилдан буён у Тожикистон ичкарисида яшаган бўлса? Бунга, гапнинг рости, ақл бовар қилмайди.

Додожон Атоулло: Яширмайман, мен Маҳмудга айни саволни берганимда, у одатда: "Мен жаҳон фуқаросиман," деб жавоб қайтаради. Мен у билан уч марта турли мамлакатларда учрашганман. Мен, мазкур мамлакатлар раҳбариятини ноқулай аҳволга қўймаслик ва халқаро жанжал чиқармаслик учун, уларнинг номларини айтмайман. Аммо, менинг полковник Худойбердиев билан охирги учрашувим иссиқ мамлакатлардан бирида денгиз бўйидаги оромгоҳда юз берганди.

Би-би-си: Аммо, кўплаб мутахасиссларнинг ишонч билан айтишича, Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудида, президент Каримовнинг шахсий назорати остида ва, ҳаттоки, юқори ҳарбий мансабга эга эмиш...

Додожон Атоулло:У ҳарбий одам. Менда бир одат бор: президент Раҳмонга мухолифатда бўлган инсонлар билан учрашганимда, улар ким бўлишидан қатъи назар, қаерда яшашларини ва нима иш қилаётганларини сўрамайман. Яъни, уларнинг шахсий ҳаётларига таалуқли саволларни бермайман. Хўш, нима учун бундай қиламан? Сабаби битта: мабодо, қўлга тушиб қолгудек бўлсам, мухолифатчиларнинг қаерда яшашларини қийноқлар остида айтиб қўймай, дейман.

Би-би-си: Тожикистонда бу йил президентлик сайлови бўлиб ўтилиши кутилаётган бир пайтда Маҳмуд Худойбердиев суратларининг интернетда пайдо бўлиши ғайритасодифий эмасми? Сиз исёнчи полковник Тожикистонга яна бостириб киришни режалаяпти демоқчимисиз?

Додожон Атоулло: Маҳмуд Худойбердиев якка эмас. Бугун Тожикистонда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ва унда ўзгаришлар бўлишини истаган юзлаб Маҳмудлар бор. Лекин, менинг ишончим комилки, Маҳмуд Худойбердиев Тожикистонга бостириб кирмоқчи эмас. Буни бошқа мухолиф кучлар ҳам истамайди. Биз президентлик сайловида иштирок этишни истаймиз, холос.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.