BBC navigation

Тожикистон шимолида полиция ходимларига қуролли ҳужум

Сўнгги янгиланиш 15 январ 2013 - 11:32 GMT
Тожик полицияси

Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти Конибодом шаҳрида номаълум шахсларнинг полиция ходимларига қуролли ҳужуми натижасида бир полициячи ҳалок бўлган ва яна бир нафари яраланган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, душанба куни тушликдан кейин соат 15:30да Конибодом шаҳридаги давлат автонозирлари "Опел-Астра" русумли енгил машинани тўхтатиб, йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчини жаримага тортмоқчи бўлганлар.

Аммо, йўл ҳаракати нозирлари билан ҳайдовчи ва унинг ёнида бўлган йўловчи ўртасида жанжал юз беради.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, йўловчи ва ҳайдовчи полициячиларга қарата ўточар қуроллардан ўқ узишади ва ҳодиса жойидан ғойиб бўлишади.

Кўп ўтмай Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари "Опел-Астра" автомашинасини қидириш амалиётини бошлашади.

Автомобил топилгач ҳайдовчи, йўловчи ва полиция кучлари ўтрасида тўқнашув юз беради.

Тўқнашув пайтида машина йўловчиси ҳалок этилади ва тўқнашув юз берган жойдан қурол-аслаҳалар ва ўқ-дорилар топилади.

Ички ишлар вазирлигидаги манбалар айни ҳодиса юзасидан тергов иши бошлатилгани учун қўшимча маълумот бера олмасликларини маълум қилганлар.

Айни пайтда Суғд вилояти прокурори Шариф Қурбонов сешанба куни Хўжанд шаҳрида журналистлар билан учрашув чоғида Конибодом шаҳрида полиция ходимларига қилинган ҳужум учун “бир террорчи гуруҳ”ни масъул деб билган.

Жаноб Қурбоновнинг айтишича, гуруҳнинг бир аъзоси полиция ходимини тўппончадан отиб ташлаган ва яна бир полиция ходимини яралаган.

Яраланган полиция ходими шифохонада ҳушига келган ва ҳозирда унинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

Унинг айтишича, қотил шахси тўлалигича аниқланган ва у полиция кучларига қаршилик кўрсатаркан ҳалок этилган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.