BBC navigation

Путинга суиқасда айбланган шахс 'қийноққа тутилган'

Сўнгги янгиланиш 17 январ 2013 - 14:36 GMT

Осмаев ўзининг ҳибсга олинганидан бошлаб қийноққа тутилганини айтган

Россия Президенти Владимир Путинга қарши суиқасд ҳозирлашда айбланган Адам Осмаев терговда берган барча кўрсатмаларини рад этган.

Бунга сабаб, у билан фуқаровий никоҳда бўлган Амина Окуеванинг айтишича, кўрсатмаларнинг қийноқлар остида берилганидир.

Амина Окуева бу ҳақда Одессадаги маҳкама жараёни арафасида журналистларга маълум қилган.

"Бу кўрсатмалар ҳибсга олинганимдан бошлаб ҳуқуқ-тартибот идоралари менга ўтказган жисмоний ва руҳий босимлар остида олинган", дейилади Осмаевнинг журналистларга тақдим этилган баёнотида.

Айбланувчи шунингдек, аввал берган кўрсатмаларидан ёзма равишда воз кечгани ва қийноқ ҳолатлари юзасидан текширув ўтказишни талаб қилганини айтади.

Украина қамоқхонасида бўлган Осмаев 2012 йил 4 феврал куни Украина Хавфсизлик Хизмати томонидан ҳибсга олинган пайтда бошига тўппонча қўндоқлари билан урилгани, тепкилангани ва бошига пакет кийгазилиб, томиридан гиёҳванд модда юборилганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, оғриқлар натижасида у бир неча ой давомида ўрнидан туролмаган.

Сайлов арафасидаги суиқасд

Россия фуқароси бўлган Осмаевга қарши жиноят иши "террорчи ташкилот тузиш" ва "террорчилик амалини тайёрлаш" бандлари бўйича қўзғатилган.

Россия уни экстрадиция қилишни сўраган, аммо бу сўров Оврўпо Инсон ҳақлари маҳкамаси унинг аризасини кўриб чиқиши жараёнида тўхтатилган.

Ҳимоячиларга кўра, Адам Осмаев Россияда қийноқларга юз тутиши мумкин.

Путинга суиқасд борасида Россиянинг 1-канали 2012 йил 27 февралда, Россиядаги президентлик сайловларига бир ҳафта қолганда хабар қилган.

Лавҳада улар Путинга суиқасдни 4 мартда, президентлик сайловлари ортидан амалга оширишни режалагани аниқлангани айтилган.

Адам Осмаев ва Илья Пьянзин, шунингдек, Чечен Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров ҳаётига суиқасд уюштиришда ҳам айбланадилар.

Уларнинг қўлга олинишини Россияда кўплар Путинга дастакни оширишни кўзлаган сайловолди ўйини дея баҳолаганлар.

Владимир Путин нуфузли лавозимларни эгаллаб келаётган йиллар давомида унга қарши камида олти марта суиқасд амали тайёрлангани хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.