BBC navigation

Қирғизистон муфтияти: 'Мобил телефон ва электрон почта орқали юборилган талоқ машруъ'

Сўнгги янгиланиш 18 январ 2013 - 12:46 GMT

Қирғизистон муфтияти мобил телефон ва электрон почта каби воситалар орқали талоқ хабарини юбориш машруъ ҳисобланиши ҳақида фатво чиқарган.

Ушбу фатвода бу йўлда талоқ беришнинг шартлари ҳам айтиб ўтилган.

Би-би-си билан суҳбатда Қирғизситон муфтийси Раҳматулло хожи Эгамбердиев охирги вақтларда телефон ва электрон почта орқали юборилувчи талоқлар ҳақида кўплаб саволлар келиб тушаётгани бу каби фатвони чиқаришга эҳтиёжни туғдиргани ҳаиқда айтди.

Раҳматулло хожи Эгамбердиев: Шунинг учун бизнинг фатво бўлимимиз бу ҳақда фатво чиқаришга қарор берди. Аслида талоқнинг икки жихати бор, араб тилида улардан бири марсума ва бошқаси мустабина. Марсума бу талоқнинг кимгадир кимдандир аниқ йўналтирилиган бўлиши кераклигини англатади. Мустабина эса хабарни ёзганда ашёвий шаклда қолиши мумкин бўлган жиҳатидир, масалан қалам билан қоғозга ёзганда. Ғайри мустабина шакли эса масалан, ҳавога, сувга, парланган деразага ёзилиб, кейинчалик ўчиб кетадиган шаклидир. Хуллас ана шу икки жиҳатга, марсума билан мустабинага риоя қилинган бўлса, яъни талоқ мобил телефон орқали юборилиб, лекин юборилган шахси аниқ бўлса, ҳамда бу талоқ ният билан айтилган бўлса, у машруъ ҳисобланади. Лекин бировнинг телефонидан, адашиб бошқа бировга юборилган талоқлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Би-би-си: Бу каби йўлда юборилган талоқлар билан муаммолар кўплаб учраб турадими?

Раҳматулло хожи Эгамбердиев: Бировнинг телефонидан юборилган талоқлар юзасидан муаммолар учраб туради. Масалан, Россияга ишлашга кетган қирғизистонликлардан келиб тушган талоқлар. Шундай бир ҳодиса бўлган, Россияда ишлаб, ўша ерда бошқа бир аёл билан яшаётган кишининг аёли унинг телефонини олиб биринчи хотинига талоқ хабарини юборган. Биринчи хотини ийманиб, эридан тафсилотларни сўрамаган.

Би-би-си: Бу масаланинг кўтарилаётганининг ўзи шу йўлда берилган талоқлар натижасида ажрашишлар кўпаётганидан далолат берадими?

Раҳматулло хожи Эгамбердиев: Албутта бу каби тенденция бор. Бу динга эмас, муҳожирлик миқёслари кенгайши ортидан келиб чиқаётган жиҳатлардир. Хавотирли ери шуки, талоқнинг масуълияти, жиддийлиги ва маъносини тушунмасдан, айтиб қўяётган ёшлар сони кўпаймоқда. Шунинг учун биз имомлармизга талоқ ҳақида ёшлармизга кўпроқ тушунтириш ва изоҳ бериш кераклигини айтиб келганмиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.