BBC navigation

Назарбоев СССРнинг қайта тикланишига қарши чиқди

Сўнгги янгиланиш 25 январ 2013 - 14:04 GMT

Таҳлилчиларга кўра, Назарбоев Москвани интеграция масаласида "чуқур кетмаслик" ҳақида огоҳлантирмоқда

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев СССРнинг қайта тикланишига мутлақо қарши эканини айтган.

Остонада хорижий дипломатлар қаршисида гапирган жаноб Назарбоев Авросиё минтақасидаги интеграция жараёнлари собиқ иттифоқни қайта тирилтиришни назарда тутмаслигини урғулаган.

"Мен яна бир марта таъкидламоқчиман, шахсан менинг ташаббусим билан амалга оширилаётган Авросиё интеграцияси ҳеч қачон қандайдир сиёсий иттифоқлар, айниқса, аллақачон ҳамманинг эсидан чиқиб кетган собиқ Советлар Иттифоқини қайта тиклашга қаратилмайди", - деб айтган Президент Назарбоев.

Қозоғистон раҳбари аввалроқ мамлакатнинг "сиёсий суверенитети муҳокама этилмаслиги"ни айтган эди.

Шу ой бошларида Қозоғистон фан ва маданият арбоблари билан учрашган жаноб Назарбоев "бизнинг мустақиллигимизга рахна соладиган ҳар қандай уюшмадан чиқамиз", - деб айтган.

Божхона Иттифоқи

Айни пайтда жаноб Назарбоев Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий интеграция жараёнларини ҳимоя қилган.

"биз мустақиллигимизга рахна соладиган ҳар қандай уюшмадан чиқамиз"

Нурсултон Назарбоев

Унга кўра, Божхона Иттифоқига қарамасдан, бу уч давлат ўзининг миллий манфаатларига бўлган мустақил давлатлар сифатида қолмоқда.

Жаноб Назарбоев Авросиёдаги интеграция жараёнларининг асл мақсадларига шубҳа билан қаровчи сиёсатчиларни "совуқ уруш давридаги тасаввурлар билан" яшаётганликда айблаган.

Таҳлилчиларга кўра, собиқ шўро ҳудудидаги турли-туман интеграция лойиҳалари ташаббускори бўлган Президент Назарбоевнинг сўнгги баёноти Москвага ўзининг интеграцион лойиҳаларида жуда "чуқур кетмаслик" ҳақида берилган ишорадир.

'Табиий жараён'

Собиқ Иттифоқни қайта тиклаш ҳақидаги гап-сўзлар Владимир Путиннинг Кремлга қайтиши билан янада кўпайган.

Путин учинчи муддатга сайланиш арафасида собиқ СССР ҳудудида Авросиё Иттифоқини яратиш ғоясини устивор йўналиш, деб эълон қилган эди.

Ушбу ғоя ўртага ташланган 2011 йил охирида Президент Назарбоев бу ғояга қарши чиқмаган, балки унинг ўзига тегишли эканини хотирлатиш билан кифояланган, холос.

Собиқ иттифоқ давлатлари раҳбарларидан фақат Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу ғояни дарҳол рад этган.

Путиннинг чиқишидан бир неча ҳафта ўтиб, мамлакат конституциясининг навбатдаги санаси муносабати билан гапирган жаноб Каримов собиқ Совет Иттифоқининг қулашини "табиий ва қонуний жараён" деб атаган.

У интеграция ғоялари тобора сиёсий тус олаётганини урғулаб, уларга эҳтиёткорлик билан ёндошишга чақирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.