BBC navigation

Кремл нима учун Доғистонда раҳбар алмаштирди?

Сўнгги янгиланиш 31 январ 2013 - 10:14 GMT

Душанба куни Россия Президенти Владимир Путин Доғистон раҳбари вазифасини бажарувчи этиб 66 ёшли Рамазон Абдулатиповни тайинлади.

Ундан аввалги раҳбар 48 ёшли Муҳаммадсалом Муҳаммадов ( Магамедсалам Магомедов) президент маъмуриятининг бешинчи ўринбосарига айланди.

Муҳаммадовнинг истеъфосига доир миш-мишлар бундан бир неча кун аввал тарқалган, аммо айрим ишончли манбаларга кўра, душанба кунига қадар унинг ўзи ҳам вазият ўз фойдасига ҳал бўлишига шубҳа қилмаган.

Путин эса ўзининг анъанадорлиги ва ҳар нарсага эҳтиёткорона муносабати билан танилган ва афтидан бу каби қарор учун кескин сабаблар бўлган.

Баҳсли тахминлар

Россия матбуотида турфа тахминлар ўртага отилмоқда, улар орасида, ҳатто, бир қадар ақл бовар қилмайдиганлари ҳам бор, масалан, гўё Кремлдагилар Муҳаммадовнинг Дубайда ҳордиқ чиқариб қайтганини ёқтиришмаган...

Айримлар эса, Муҳаммадов яқинда республика раҳбарлиги учун тўғридан-тўғри сайловда қатнашаман, деган баёноти билан Путиннинг ғазабига дучор бўлган.

Россия президенти гўё бу каби сайловдан воз кечиш ниятида экан.

Аммо бу каби тахминлар анчайин бетайиндир, чунки Муҳаммадов 2010 йилда беш йиллик муддат билан айни лавозимни эгаллаган ва Доғистондаги келаси сайловга қадар ҳали бир икки қовун пишиғи бор...

Иккинчидан, Путин минтақавий сайловлар ҳақида қандай фикрда деган саволга аниқ жавоб йўқ. Ўтган йил охирларида Путин матбуот анжуманида ана шундай саволга, минтақавий сайловларга ҳеч бир қаршилигим йўқ, қабилида жавоб берганди.

Учинчидан, Путиннинг авторитар раҳбар эканига ҳеч кимда шубҳа йўқ, аммо у бир жумла учун битта раҳбардан воз кечадиган даражада эмас.

Ўртада яна ёш масаласи ҳам баҳс қилинмоқда. Яъни, Муҳаммадов Қафқозда “авторитет”га эга бўлиш учун ҳали ёш деган қараш, аммо бундан уч йил аввал уни ҳеч ким ёш демаган эди.

Рамзан Қодиров эса ундан ҳам ёшроқ ва афтидан, унинг ёши раҳбарлик қилишига ҳалақит бераётгани йўқ

Шимолий Қафқоз масалаларини бир неча йилдан бери ўрганиб келаётган журналист Юлия Латининага кўра, Муҳаммадовнинг истеъфо беришига асосий сабаб - унинг Федерал куч тизимлари билан зиддиятга борганидир.

Федерал куч тизимлари Доғистон собиқ раҳбарининг собиқ жангариларни тинч ҳаётга қайтариш ва анъанавий исломчилару салафийлар билан музокараларини ўзбошимчалик деб ҳисоблашган...

Ким келди?

Президент Владимир Путин Доғистонга фахрий сиёсатчини раҳбар этиб юборишга қарор қилди

Рамазон Абдулатипов колхоз раиси оиласида туғилган. У оиладаги тўққинчи фарзанд бўлган. Мутахассислиги бўйича фелдшер, аммо кейинроқ район комсомол қўмитасига бошчилик қилиш билан бирга сиртдан Доғистон Университетининг тарих факультетини тамомлаган.

Ленинградда кандидатлик ва докторлик ишини ёқлаган. Илмий ишлар мавзуси ривожланган социалистик давлатда миллий алоқалар ҳақида бўлган. Илмий коммунизмдан сабоқ берган.

1988 йилда КПСС Марказий Қўмитасининг миллий муносабатлар бўлимига ишга таклиф қилинади ва кўп ўтмай Россия парламентининг Миллатлар Кенгашига раислик лавозимига тайинланади.

1991 йилнинг март ойида Олий Мажлиснинг машҳур “олтилиги” таркибида ўша пайтдаги раис Борис Ельцинни лавозимидан четлатишга ҳаракат қилади. Июн ойига келиб эса, Вадим Бакатин билан жуфтликда вице-президентлик ўрни учун сайловда қатнашади. Аммо кўп ўтмай янги ҳукумат билан тил топишади ва Виктор Черномирдин ва Сергей Кириенконинг ҳукуматида миллатлар масаласи бўйича Бош вазир ўринбосари бўлади.

2005-2009 йилларда Россиянинг Тожикистондаги элчиси лавозимини эгаллайди.

"Салафийларни қонун доирасига киритиш Кремлни қаттиқ ғазабга солди. Муҳаммадов балогардон эди, бу айниқса, Доғистондаги анъанавий Ислом раҳбари саналган Саид Афанди Чиркейск ўлдирилиши билан кучайди... Билишимча, шундан кейин Хавфсизлик Кенгашининг мажлиси чақирилди. Мажлисда ФСБ раҳбари Ботников ғазаб отига миниб, Муҳаммадовни лавозимларни сотишда айблади", дейди Юлия Латинина.

" Муҳаммадов биринчи бўлиб жангариларни тинч ҳаётга қайтаришга доир комиссия тузишга журъат қила олди. Унинг фаол иштироки билан расмий диндорлар ва ноанъанавий исломчилар ўртасида музокаралар ўтказилди. Албатта, мавжуд вазиятни юмшатиш учун бу етарли эмас эди. Аммо мана шу ҳаракатларнинг ўзиёқ Федерал куч тизимларининг ёвқарашига сабаб бўлди", дейди Озодлик радиосининг шарҳловчиси Вадим Дубнов.

Аммо Қафқоз бўйича бошқа бир мутахассис, замонавий дунёнинг Дин ва Сиёсат стратегик тадқиқотлари маркази раҳбари Максим Шевченко ўзгача фикрда...

"Бу мутлақо бўлмаган гап, комиссия Федерал куч тизимлари томонидан ташкил этилган ва фақат Муҳаммадов номи остида расман фаолият юритарди. Салафийлар билан Федерал куч тизимлари ва Миллий аксилтеррор қўмитанинг розилигисиз алоқа қилишнинг имкони йўқ эди. Доғистонда Федерал куч тизимлари бўлимлари орасида рақобат борлиги ва бунинг муаммога таъсири эса бошқа бир масала", дейди Максим Шевченко.

Иқтисоднинг боши берк кўчаси

Шевченко масаланинг иқтисодий томонига урғу беради.

"Муҳаммадсалом Муҳаммадов йирик сармоядорлар билан келиша олмади, мана унинг муаммоси нимада... Доғистон бой республика. Муҳаммадов катта миқдорда сармоялар ётқизишни ният қилган эди, аммо шиша заводини қуришдан бошқасига қурби етмади. Махачқалъадаги бандаргоҳ барбод бўлмоқда, кемалар занглаётир, ахир бу бандаргоҳ қишда ҳам музламайди ва стратегик муҳим жой саналади...Йўллар абгор бир ҳолатда", дейди Максим Шевченко.

Шевченкога кўра, Доғистонни ҳозирги иқтисодий боши берк кўчага республиканинг ўтмишдаги раҳбари киритиб қўйган. Ҳеч кимни хафа қилма, кучли гуруҳлар ўртасидаги мувозанатми бузма ва оқибатда ҳеч нарса қилма деган бир сиёсат юргизилган.

"Муҳаммадов ростдан ҳам ожиз президент эди", дейди Юлия Латинина.

Миллий масала

Доғистон конституциясида 14 та титул миллатлар қайд этилган. Улар орасида аварлар ва дарғинларнинг сони кўпроқ... Шўролар даврида ҳам, кейинроқ ҳам бу икки миллат ўртасида ошкор этилмайдиган кадрлар мувозанати сақлаб келинган.

Максим Шевченкога кўра, ота-ўғил Муҳаммадовлар пайтида дарғинлар жуда катта кучга айланишди ва бу мувозанатни бузган ҳолда, қарама-қаршиликларга сабаб бўлди.

"Республикадаги иккинчи, аммо аксарият фикрича биринчи шахс Махачқалъа ҳокими Саид Амиров буни ёдда тутиш керак. У дарғин миллатига мансуб. Дарғинларнинг деярли тўлиқ ҳокимияти остида аварлар ўзларини "қуруқ қолган", деб ҳис қилишарди. Энди эса аварлардаги "қасос" кайфиятини қўлламаслик керак. Шунинг учун Доғистонга авар бўлган, аммо 25 йилдан бери Москвада яшаган, Доғистонда маҳаллий иттифоқчиларга эга бўлмаган ва тамомила Федерал марказга бўйсунадиган шахсни жўнатишмоқда", дейди Шевченко.

Юлия Латинина эса ҳамма масалани миллатлар билан боғламаслик керак деган фикрда. "Доғистон миллий бир гуруҳларга жуда ҳам бўлиниб кетган минтақа эмас, одамларнинг бошқа қизиқишлари ҳам бор...Масалан, маҳаллий олигарх Сулаймон Керимовни олинг, у лазгин, аммо унинг атрофидагилар аварлардир", дейди Латинина.

"Абдулатипов минтақадаги радикал исломий кайфиятда бўлган гуруҳлар билан тил топишолмайди, Доғистондаги кланлар ҳам ўзаро келишишлари амримаҳол", дейди Россия Ислом қўмитасининг раҳбари Гейдар Жамол.

Мутахассислар, шунингдек, Россиянинг энг бадавлат шахсларидан бири саналган олигарх Сулаймон Керимовнинг эҳтимолий иштироки ҳақида сўз юритишмоқда.

Айримлар, Муҳаммадов Керимовнинг одами эканини тасдиқлашса, бошқалар унинг ишдан олиниши ортида бу маҳаллий бойвачча турганини даъво қилишади.

Аммо барча тахмину таҳлилларни ўргансангиз, аксарият аслида Керимовнинг сўнгги воқеаларда иштироки қанчалар аниқ эканига доир кўп нарса билмаслиги аён бўлади.

Қулашми ё парвоз?

Бошқа томондан Муҳаммадсалом Муҳаммадов кўтарилди, дейиш мумкин. Кремл маъмуриятининг ўринбосарлиги лавозими билан "жазолашмайди".

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, янги ўринбосар нималарга маъсул бўлиши яқин кунларда аниқ бўлади. Демак, аввал тайинлашди, вазифаларни энди ўйлаб кўришади... Бюрократлар лаҳжасида буни бир қадар ҳурматсизлик билан "томга қараб тепишди", дейишади.

Муҳаммадовнинг ўзи эса Москвага кўчишини журналистлар билан суҳбатда муваффақиятли ишлари учун мукофот дея талқинлади.

Хуллас, Кремл Муҳаммадовни хафа қилишдан ўзини тийди. Юлия Латининага кўра, Москвадагилар агар Муҳаммадовга яхши лавозим беришмаса, унда унинг тарафдорлари тартибсизликларга қўл уришлари ва ё ҳеч қурса Абдулатиповнинг ҳаётини қийинлаштириб қўйишлари мумкин эди.

Доғистонда сайлов бўладими?

"Умид қиламанки, сайлов бўлади, чунки Доғистон халқи буни истайди, чунки Доғистонни алоҳида бир минтақага Доку Умаровнинг жангарилари эмас, балки бизнесменлар, ҳокимлар, "Ягона Россия"га аъзолик гувоҳномалари билан юрганлар айлантириб қўйишди... Одамлар "кучли шахслар"дан чарчаб кетишди. Уларнинг деярли ҳар бири қандайдир қотилликларга алоқадор эканликлари ҳақида миш-мишлар урчиб кетган. Абдулатипов эса сайловлар тарафдори эканини айтмоқда, буни республикада хуш қаршилашди. Умид қиламанки, у Путин билан учрашувда ўз мавқеъсини аниқ баён этган", дейди Максим Шевченко.

Юлия Латинина эса сайловлар бўлмайди деб ҳисоблайди. "Афсус, чунки сайлов бўлса, бошқа минтақалардан кўра ҳақиқийроқ кечарди... Албатта, Доғистонда сиёсат билан шуғулланаман десангиз, пулингиз ва автоматларингиз бўлиши керак. Аммо бошқа минтақаларга нисбатан бу ерда ҳақиқий рақобат бор ва сайлов кучли ҳамда халқ кўнглига ёққан шахсни ҳукуматга олиб келиши мумкин. Кремль эса айнан шуни истамайди", дейди Юлия Латинина.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.