BBC navigation

Келин-куёвларга: 'Орқа фонда президент кулиб турсин'

Сўнгги янгиланиш 31 январ 2013 - 09:52 GMT

Сураткашларга кўра, фотоальбомда келин-куёвлар президент Гурбангули Бердимуҳаммедов портрети фонида акс этган камида учта сурат бўлиши лозим

Туркманистонда янги урф бўлаётган анъанага мувофиқ, никоҳларини расман қайддан ўтказиш учун келаётган келин-куёвлар президент Гурбангули Бердимуҳаммедов портрети фонида суратга тушишлари лозим.

Бу ҳақда муҳожиратдаги туркман фаолларининг "Хроника Туркменистана" веб саҳифаси хабар тарқатган.

Сўнгги йилларда пойтахт Ашхобод ва мамлакатнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳашаматли янги Бахт Уйлари қурилган.

Бахт Уйларида ёшлар расман никоҳдан ўтишдан ташқари, тўй базмларини нишонлашлари ва махсус ташкил этилган хоналарда яқинларию дўстлари билан суратга тушишлари ҳам мумкин.

Сураткашлар эса, уларнинг никоҳ тўйларини бошдан-оёқ суратга тушириб, келин-куёвларга махсус фотоальбом ҳам тайёрлаб беришаркан.

Веб саҳифа эса, ўзининг сўнгги хабарини айнан ана шу каби сураткашларнинг сўзларига таяниб тарқатган.

Сураткашларга кўра, фотоальбомда келин-куёвлар президент Гурбангули Бердимуҳаммедов портрети фонида акс этган камида учта сурат бўлиши лозим.

Аммо бунинг расмий қарорми ёки Фуқаровий Никоҳларни Қайд этиш идораларининг ташаббуси, маълум эмас.

Агар, веб саҳифа тарқатган хабарга таянилса, пойтахт Ашхободдаги янги ЗАГС идорасида бу шарт деб кўрилади ва никоҳ маросими арафасида бу хусусда ёшлар билан келишиб олинади.

'Келин-куёвлар кўчат ҳам экишсин'

Туркман раҳбарининг бундан икки йил аввалги буйруғида эса, ёш келин-куёвларга тўйлари куни кўчат ўтказиш ва шаҳардаги йирик ёдгорликларни зиёрат этишлари буюрилганди.

Бу ҳақда Британияда чоп этилувчи нуфузли "Гардиан" газети хабар берганди ва буни "бемалол яккаҳокимликнинг бир кўриниши деб баҳолаш мумкин"лиги ҳақида ёзганди.

Президентнинг буйруғига асосан, кўплаб жуфтлар бир-икки қадаҳ шампан шароби билан нишонлаш умидида бўлган кунда туркманистонлик янги оилалар 1948 йилги қақшатқич ер силкиниши, Иккинчи Жаҳон уруши қурбонлари хотираси, Конституция ва Мустақиллик шарафига қўйилган ёдгорликларни бориб кўришлари шарт бўлади.

Туркманистон президенти ҳукуматнинг айнан тўй маросимларига бағишланган йиғинида бунинг сабабини, "замонавий жамиятда оилавий қадриятларни сақлаб қолиш ва ёш авлодни халқнинг анъаналарию урф-одатларини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашнинг фавқулодда муҳим"лиги билан изоҳлаганди.

"Гардиан"га кўра, Гурбангули Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ғайриодатий йўлини мерос қилиб олмас, деган умидлар сўниб бормоқда.

"Жаноб Бердимуҳаммедов ҳам муайян маънода марҳум Туркманбоши яратган шахсга сиғинишнинг барча кўринишларини фақат ўзиники билан алмаштириш мақсадидагина йўқ этаётган кўринади", деб ёзилади мақолада.

Худди ўша йили президент Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзов олти маротаба лойиқ деб топилган унвон соҳибига айланган ва "Туркманистон қаҳрамони" деб топилганди.

Туркман президентининг тўй маросимларига оид янги буйруғи пойтахт Ашхободда янги "Бахт Саройи"нинг очилиш куни арафасида эълон қилинганди.

Янги буйруққа биноан, ушбу саройда никоҳлари расман қайд этилган жуфтлар яқиндаги хиёбонга кўчат ўтказиб, бир умр уни парваришлари лозим бўлади.

Туркман раҳбарига кўра, бу - саройни "ям-яшил жаннатга айлантиради".

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.