BBC navigation

Собиқ Тожик бош вазири Абдуллажонов Киев аэропортида ушланган

Сўнгги янгиланиш 6 феврал 2013 - 12:14 GMT

Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, Абдумалик Абдуллажонов Тожикистон Интерполга берилган қидирув сабаб ҳибсга олинган.

Украинада Тожикистоннинг собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов ҳибсга олинган.

Украина Ички ишлар вазирлиги Америка Қўшма Штатларидан учиб келган Абдуллажонов Интерполга берилган қидирув сабаб ҳибсга олинганини тасдиқлаган.

Муҳожиротдаги Тожикистоннинг "Ватандор" ижтимоий-сиёсий ҳаракати раҳбари Додожон Атовуллоевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Абдумалик Абдуллажонов АҚШдан Украинага сафар қилиш ниятида эканини маълум қилган, бироқ жаноб Атовуллоев бу учрашувини собиқ Шўро республикаларидан ташқарида, мисол учун, Олмонияда ташқил қилиш маслаҳатини берган.

Бироқ Абдумалик Абдуллажонов ўзига Украинада тўла хавфсизлик кафолатини беришганини айтиб йўлга чиққан.

Кеча, 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси Киевнинг "Бориспол" халқаро аэропортидан қўнғироқ қилган Абдумалик Абдуллажонов ўзининг ҳибсга олинганини маълум қилган.

Украина Ички ишлар вазирлиги Тожикистон собиқ бош вазирининг Интерполга берилган қидирув асосида ҳибсга олинганини тасдиқлаган.

Тожикистон ҳукумати Интерполга берган қидирув сўровида Абдумалик Абдуллажоновни уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш ва терроризм бандларида айблаган.

Хусусан, Тожик ҳукумати 1998 йилда Хўжанд шаҳрида уюштирилган полковник Маҳмуд Худойбердиев раҳбарлигидаги давлат тўнтаришига уриниш тепасида турганликда айблаган.

Тожик мухолифати муҳожирликдаги таниқли сиёсатчининг қўлга олинишини шу йил ноябрига мўлжалланган Тожикистон президентлигига сайлов билан боғламоқдалар.

Додожон Атовуллоев сўзларига кўра, жаноб Абдуллажонов Тожикистондаги "вазни оғир" сиёсатчилардан бири.

У 2013 йил ноябр ойига мўлжалланган Тожикистондаги президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган, бироқ мамлакатда узоқ вақт яшамагани боис ҳар қандай муқобил номзодни дастаклашга рози бўлган.

Абдумалик Абдуллажонов 1992-93 йилларда Тожикистон бош вазири лавозимини эгаллаган.

У 1994 йилдаги президентлик сайловида жорий Президент Имомали Раҳмонга қарши ўз номзодини илгари сурган ва анча овоз тўплаган.

Шундан кейин Абдумалик Абдуллажонов Тожикистонни тарк этган.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.