BBC navigation

Собиқ Тожик бош вазири 40 кунга ҳибс қилинган

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 13:36 GMT

Cобиқ бош вазир Абдумалик Абдуллажонов Тожикистоннинг Интерполга берган халқаро қидируви асосида ҳибсга олинган.

Украина пойтахтидаги маҳкама бир кун олдин халқаро аэропортда қўлга олинган Тожикистоннинг собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажоновни 40 кунга вақтинча ҳибс қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Киев шаҳар Бориспол туман маҳкамаси вақтинчалик ҳибс муддатини 40 кун этиб белгилашга қарор қилган.

Украина расмийларига кўра, ана шу 40 куннинг ичида Тожикистон ҳукумати Абдумалик Абдуллажоновни экстрадиция қилиш ҳақида расман мурожаат этиши лозим.

Расмий Киевга кўра, шу вақтгача Тожикистондан бундай сўров олгани йўқ.

Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, собиқ бош вазир Абдумалик Абдуллажонов Тожикистоннинг Интерполга берган халқаро қидируви асосида ҳибсга олинган.

Тожикистонинг Бош прокуратураси жаноб Абдуллажоновни қатор айбловларда айблаб 2007 йилда Интерпол қидирувига бергани маълум қилинган.

Душанбедан Абдумалик Абдуллажоновни экстрадиция қилиш сўровини Украина қондиришга қарор қилса, собиқ бош вазир маҳкамага мурожаат қилиб, бу қарор устидан шикоят қилиши ёки Украинадан сиёсий бошпана сўраши мумкинлиги хабар қилинган.

Тожик мухолифати хабар қилишича, Абдумалик Абдуллажоновни озод этишда кўмак сўраб, дипломатик идоралар ҳамда халқаро ташкилотларга мурожаат қилинган.

7 феврал куни Киевда жаноб Абдуллажоновни ҳимоя қилиш учун адвокат ёлланган.

Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов 5 февралдан 6 февралга ўтар кечаси Киевнинг "Бориспол" халқаро аэропортида ҳибсга олинган.

Муҳожиротдаги Тожикистоннинг "Ватандор" ижтимоий-сиёсий ҳаракати раҳбари Додожон Атовуллоевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Абдумалик Абдуллажонов АҚШдан Украинага сафар қилиш ниятида эканини маълум қилган, бироқ жаноб Атовуллоев бу учрашувини собиқ Шўро республикаларидан ташқарида, мисол учун, Олмонияда ташқил қилиш маслаҳатини берган.

Бироқ Абдумалик Абдуллажонов ўзига Украинада тўла хавфсизлик кафолатини беришганини айтиб йўлга чиққан.

Тожикистон ҳукумати Интерполга берган қидирув сўровида Абдумалик Абдуллажоновни уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш ва терроризм бандларида айблаган.

Хусусан, Тожик ҳукумати 1998 йилда Хўжанд шаҳрида уюштирилган полковник Маҳмуд Худойбердиев раҳбарлигидаги давлат тўнтаришига уриниш тепасида турганликда айблаган.

Тожик мухолифати муҳожирликдаги таниқли сиёсатчининг қўлга олинишини шу йил ноябрига мўлжалланган Тожикистон президентлигига сайлов билан боғламоқдалар.

Додожон Атовуллоев сўзларига кўра, жаноб Абдуллажонов Тожикистондаги "вазни оғир" сиёсатчилардан бири.

У 2013 йил ноябр ойига мўлжалланган Тожикистондаги президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган, бироқ мамлакатда узоқ вақт яшамагани боис ҳар қандай муқобил номзодни дастаклашга рози бўлган.

Абдумалик Абдуллажонов 1992-93 йилларда Тожикистон бош вазири лавозимини эгаллаган.

У 1994 йилдаги президентлик сайловида жорий Президент Имомали Раҳмонга қарши ўз номзодини илгари сурган ва анча овоз тўплаган.

Шундан кейин Абдумалик Абдуллажонов Тожикистонни тарк этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.