BBC navigation

Тожикистон Эронга қўшилмайди

Сўнгги янгиланиш 7 феврал 2013 - 11:10 GMT

Эронлик сиёсатчи Саид Харрозийнинг баёноти Тожикистонда хуш қаршиланмади

"Эрон сиёсатчиси Саид Харрозийнинг баёноти Тожикистон маданий ва сиёсий доираларида норозилик уйғотмоқда".

Тожикистон тарафи ўз таассувини ана шундай жавоб билан изҳор этган.

Президентликка номзод жаноб Харрозий агар ғолиб чиқсам, Арманистон, Озарбайжон ва Тожикистонни Эрон таркибига қайтариб оламиз, деган баёнот билан чиққан эди.

Расмий Душанбе наздида бу "фитнакорлик ва жаҳолат бўлиб, минтақа ҳамда дунёдаги ҳозирги вазиятни тушунмаган ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан бехабар одамнинг гапидир".

Тожикистон назарида, ягона тарих, маданий, тил ва миллий алоқалар, шаксиз, Эрон билан жипс ҳамкорлик қилиш учун замин яратади.

Бироқ бу ҳамкорлик тенг ҳуқуқлилик ва иккинчи томоннинг ички ишларига аралашмаслик асосида амалга оширилиши лозим.

"Тарафлар бир-бирларининг ҳудудий бутунлиги ва давлат мустақиллигини тан олишлари даркор" - дейилади Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Тожикистон ва Эрон форс мамлакатлари бўлиб, бу маданий алоқалар томонларнинг яқин муносабатларига йўл очган.

Хусусан, Теҳрон Тожикистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганди. Аммо Эрон аҳолиси аксаран шиалар, Тожиклар эса сунний.

Шунга қарамай, Теҳроннинг Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириши йўлида форсийзабон Тожикистоннинг тутажак аҳамияти катта.

Айни дамда, Тожик ҳукумати Эрондаги Ислом Жумҳуриятнинг Исломий ғояларига эҳтиёткорлик билан ёндашади.

Сўнгги йиллари Эрон Исломий билим даргоҳларида таълим олаётган ўз талабаларини Тожикистон қайтариб олганди.

Эрон шиа, Тожикистон эса сунний мамлакат

'Бизникилар ва бошқалар'

Эронда айрим доиралар нафақат форсийзабон Тожикистон, балки қўшни Арманистон ҳамда Озарбайжонни ҳам тарихий Форс салтанати бир қисми сифатида кўришади.

Эрон шимолида кўп миллионли туркий халқлар, хусусан, озарбайжонлар истиқомат қилишади.

Лекин Боку ва Теҳрон муносабатлари айнан тарихий ва маданий масалаларга келганда кўпинча мос тушмайди.

Бир неча йил олдин Бокуга келган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинежод Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашуви чоғида Каспий денгизи тарихи борасида бир неча муддат тортишиб, ўзаро қочиримлар билан гап бошлашганди.

Бир йил олдин ЮНЕСКО тор - Озарбайжон мусиқа асбоби, деб атаркан, бу қарор Эронда норозиликларга сабаб бўлди.

Қадим Эрон ёки Форс салтанати тарихан Марказий Осиё, Афғонистон ва жанубий Қофқоз билан чамбарчас боғлиқ.

Айни тарихий воқелик ушбу мамлакатларни яқинлаштириши учун кучли асос бўла олади. Бироқ бу, афтидан, сиёсатчиларга ва улар яқинликни қандай тушунишларига ҳам боғлиқ.

"Кошки..."

Хўш, нима учун Эрон президентлигига номзодлардан бирининг баёноти Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигини махсус нота билан чиқишга ундади?

Би-би-си ушбу савол билан Эронда нашр этилувчи "Кимёи Саодат" веб саҳифасининг муҳаррири, тожикистонлик журналист Саидюнус Истаравшанийга боғланди.

Саидюнус Истаравшаний: Нега Нега Тожикистон ҳукуматининг жаноб Харрозий баёнотидан бунчалар ташвишга тушганини аниқ билиш учун тожикистонлик сиёсатчиларнинг ўзларидан сўраш керак бўлади. Мен узоқ йиллардан буён Эронда яшаётган ва ишлаётган бўлсам-да, президентликка номзод Оятулло Харрозий деган шахс ҳақида илк бор эшитишим. Бу шахс Эронда сўзи эътиборга олинадиган даражада танилган эмас. У Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги унинг баёнотига расмий муносабат билдирадиган даражада таниқли шахс эмас. Оятулло Харрозий президентликка ўз номзодини қўйган кўплаб номзодлардан бири, холос. Одатда, президентликка ўз номзодини қўйган шахснинг ном чиқариш ва жамоатчиликка ўзини танитиш мақсадида турли хил баёнотларни қилиши дунёнинг аксар мамлакатларида кенг тарқалган. Эрон ҳам бундан мустасно эмас. Бундай шов-шувли баёнотларни чиқариш номи чиқмаган номзодга қўл келади. Бу табиий бир ҳол. Лекин, мени таажубга солган нарса бу эмас. Кошки, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқа жойларда бундай кескин баёнотларни қилсайди. Мисол учун, Тожикистон тупроқлари бошқа бир давлатга берилган пайтда. Ё бўлмаса, бизга умуман бегона бўлган бир мамлакат ўз қўшинларини ярим асрга Тожикистон ҳудудига жойлаштирганда. Кошки, Тожикистон давлати мазкур ҳолатларда ўз кучини кўрсатсайди. Йўқ, бундай пайтларда овозларини чиқаришмайди. Аммо, ҳеч кимга нотаниш бир шахснинг оғзидан қандайдир бир баёнот янграса, "ғайрат қони қайнагани" мени уялтиради.

Би-би-си: Жаноб Харрозийнинг мазкур баёнотини Эронда қўллаб-қувватлашадими?

Саидюнус Истаравшаний: Ҳа, бундай баёнотлар ва ўхшаш қарашлар изҳори Эронда бир тоифа шахслар эътиборини ўзига қаратиши аниқ. Шунинг учун жаноб Харрозий бир пайтлар Эрон таркибида бўлган Озарбайжон, Арманистон, Гуржистон, Баҳрайн ва Амирликларни осонлик билан қўлдан бой бергани учун куюнадиган ва "Буюк Эрон"ни қайта тиклаш ғояси билан яшаган кўплаб эронликлар кайфиятига эътиборини қаратган. Албатта, бу ерда жаноб Харрозийнинг Озарбайжон ва Арманистон сафига Тожикистонни қўшгани эътиборга молик. У, агар президент этиб сайланса, Тожикистон, Арманистон ва Озарбойжонни Эронга қайтаришини айтган. Маълум бўладики, бу шахс тарих билан унчалик яхши таниш эмас. Зоҳиран, Харрозий Тожикистонни Гуржистон билан алмаштириб юборган кўринади; зеро, ҳақиқатан ҳам, бу уч мамлакат (Озарбойжон, Арманистон ва Гуржистон) унчалик узоқ бўлмаган ўтмишда Эрон таркибида бўлганлар, аммо Тожикистон эмас.

Би-би-си: Эронлик сиёсатчилар Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлардан қанчалар хабардор деб айта оласиз?

Саидюнус Истаравшаний: Ростини айтсам, Эронлик сиёсатчилар Марказий Осиёдаги сиёсий жараёнлар бир ёқда турсин, ҳаттоки, минтақа мамлкатлари билан унчалик яхши таниш эмаслар. Уларнинг Марказий Осиё ҳақидаги билим даражалари матбуотда чиқаётган мақола ва таҳлиллар даражасида. Аммо минтақани аниқ ва чуқур биладиганлар жуда ҳам оз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.