BBC navigation

Жанубий Қозоғистонда 17 ёшли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг қотили ушланган

Сўнгги янгиланиш 11 феврал 2013 - 12:15 GMT

Қотилликка қурилишда ишлаган бошқа муҳожирлар ҳам гувоҳ бўлишгани айтилади.

Маҳаллий каналлар қурилишини олиб борган тадбиркор ўтган йилнинг апрель ойида ўзбекистонлик ишчисини ўлдириб 3 метрлик чуқурга кўмиб юборган. Боласини йўқотган ўзбекистонлик ота она ярим йил ўтиб Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органи мурожаат қилган. Жиноятга икки ўртада келиб чиққан жанжал сабаб бўлгани айтилмоқда.

Исми шарифи ошкор қилинмаётган фарғоналик 17 ёшли ўсмир 2012 йилнинг февраль ойида Жанубий Қозоғистон вилояти Мақтаарал туманига ишлаш учун келади. Каналлар қурилишини олиб борувчи маҳаллий тадбиркорнинг қўлида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлайди. Айбланувчининг айтишича, 2012 йилнинг 1 апрель куни Бестам овули каналида қурилиш олиб борилаётганда жабрланувчи билан дуч келади.

“Унинг ишчиси замбилда қум олиб кетаётган бўлади ва унинг туфлисига қум тўкиб юборади. Тадбиркорнинг жаҳли чиқиб уни икки марта уради. Танасига етказилган жароҳатлар сабаб йигит ўша ернинг ўзида жон таслим қилади. Айбланувчининг ва гувоҳларнинг айтишича, у содир бўлган воқеадан қўрқиб кетиб қотилликни яширишга тушади. Жабрланувчининг кийимлари ечиб олиб бошқа ишчига кийдиради ва овул бўйлаб бу йигитни уйига кузатиб қўйяпман, деб машинага солиб айлантиради”, - дейди Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзова.

Жабрланувчини эса бошқа ишчиларни кўндириб ўша ердаги ёнилғи бочкаси ёнидан 3 метрлик чуқур қазиб қўмиб юборади.

2012 йилнинг ноябр ойида Мақтаарал туман полициясига вилоят прокуратурасидан Ўзбекистон фуқаросининг аризасига кўра одам йўқолганилиги ҳақида хабар келиб тушади.

Аризада 17 ёшли йигит ўртоғи билан 2012 йилнинг феврал ойи ўртасида Қозоғистонга иш излаб кетгани бўйи қайтмагани ёзилган эди.

Полиция шу йилнинг январ ойида канал қазиш билан шуғулланувчи чимкентлик тадбиркорни қўлга олади. Дастлабки тергов давомида тадбиркор унинг қўл остида ростдан ҳам ушбу йигит ишлаганини ва кейин уйига қайтиб кетганини билдирди.

Аммо далиллар ва гувоҳларнинг сўзларидан кейин тадбиркор ростдан ҳам жиноят содир этганлигини тан олган.

Жабрланувчининг исми шарифи этика нуқтаи назаридан ошкор этилмаяпти. Қотиллик юзасидан жиноий иш очилган.

Қозоғистонда турли манбаалар 500 мингдан бир миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат қилиши айтилади.

Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органлари мамлакатда меҳнат муҳожирларга нисбатан ва улар томонидан жиноятлар содир этилиб турилишини айтишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.