BBC navigation

Москвада "миграцион патрул"лар дастлабки рейдларини бошлашган

Сўнгги янгиланиш 14 феврал 2013 - 12:33 GMT

Халқ дружиначилари ушлаган меҳнат муҳожирлари автобусларда милиция бўлимига олиб борилган.

Хабарларга кўра, Қозон вокзалида ўтказилган рейдда кўнгилли қўриқчиларга қизил боғич ва "Миграцион патрул" деган ёзувли кийимлар берилган.

Дружиначилар Москвага ноқонуний келган муҳожирларни ушлаб, аввало уларнинг рус тилини билишини аниқлаштираётган экан.

Россиядаги инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, дружиначилар янгилик эмас. Собиқ Иттифоқ пайтида ҳам бундай кишилардан фойдаланилган.

"Давлатнинг қанча машинаси бор, ички ишлар бўлимлари, махфий хизматлар, суд, прокуратура, шунча структуралар ишлаб турганда яна дружиналарни ташкил қилиши давлатнинг ўз муаммоларини қандай ечишни билмай, эски коммунистик тузум воситаларига қайтаётганлигини кўрсатади. Бу муаммонинг ечими эмас. Энг хавфлиси бу дружиналар муҳожирларнинг ишини енгиллатмайди, балки зўравонликларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Ҳеч ким билмайди дружиначиларга қўшилаётганлар орасида қандай ниятли кишилар борлигини. Бундай тузилмалар рус миллатчиларига қўл келиши мумкин" дея хавотирини билдиради ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроев айни пайтда Санкт Петербургда эканини, ўтган ҳафта 7 февралда жума намозига чиққан юзлаб мусулмонларнинг ушланиш воқеасини ўрганаётганини айтади.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, кўплаб жабрланганлар унга милиция ходимлари ўзларини ҳеч бир сабабсиз калтаклаганини гапириб беришган. Уларнинг орасида жума намозини ўқишга борган ўзбек, тожик, озарбайжон, мисрлик муҳожирлардан ташқари, намозга чиқишга улгурмаган, масжиднинг олдидаги дўконда ишлайдиган афғонлар ҳам бўлган. Милиция калтаги остида қолган афғонлар Петербургда узоқ йиллардан буён яшаб келишганини, фарзандлари университетларда ўқиб юрганини, ҳукуматнинг қилаётган ишларидан таажубда эканликларини билдиришган. Баҳром Ҳамроев суҳбатлашган кўпчилик россияликлар ҳам ҳукуматнинг муҳожирларга, мусулмонларга қилаётган сиёсатини қоралашган.

Айни пайтда тузилган кўнгилли дружиначилар сафига ёшлар билан бирга кекса ёшдагилар ҳам борлиги кўрсатилиб, бу иш кенг тарғибот қилинмоқда.

Москваликларнинг халқ дружиначиси сафига қўшилишларига нима сабаб бўлгани сўралганда, улар ўзларининг фаол фуқаролик позициясига эгаликларини, бу ишга пул тўланмаса ҳам, атроф-муҳит яхши бўлишига ёрдам бериш муҳимлигини айтишган.

Халқ дружиначилари ушлаган меҳнат муҳожирларини милиция бўлимига олиб боришади.

"Миграция ва қонун" марказидагиларга кўра, дружиначилар ичида рус тилини яхши биладиган муҳожирларнинг бўлиши бу борадаги ишни енгиллаштирар экан.

Миграция хизмати вакиллари бундай рейдлар ҳафтада бир неча марта ўтказилишини, муҳожирлар ҳеч бир ҳужжатсиз ушланса, 2 мингдан 5 минггача жарима солинишини маълум қилишган. Меҳнат муҳожири кейинги сафар яна қўлга тушса, ватанига депортация қилинади.

Яқинда Россия мухолифатининг Мувофиқлаштирувчи Кенгаши Марказий Осиёнинг уч давлати-Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан виза тартибини жорий этишга чақирган эди.

Кенгаш қабул қилган баёнотда минтақадан муҳожирлар оқими тобора кўпайиб бораётгани, бу эса Россиянинг ўзидаги меҳнат бозорига путур етказаётгани айтилади.

Мухолифатнинг фикрича, кўпчилик муҳожирларнинг ярим қуллик шароитларида яшашаётгани уларни жиноятчилар сафини тўлдиришга мажбур қилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.