BBC navigation

Ўзбек-Қозоқ чегарасида 40 тача транзит юк автомобили йиғилиб қолган

Сўнгги янгиланиш 24 феврал 2013 - 11:14 GMT

Ўзбек божхоначилари бир кунда бир ёки икки автомобилни текширувдан ўтказмоқдалар.

Қозоғистон расмийларининг хабар қилишларича, Ўзбекистон ўз ҳудудидан ўтадиган транзит автомобиллари текширувини кучайтиргани сабабли Ўзбек-Қозоқ чегарасида 40 қа яқин юк автомобили тўпланиб қолган.

Қозоғистоннинг Жанубий Қозоғистон вилояти Божхона назорати департаментидан хабар қилишларича, шу йилнинг 11 февралидан буён Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги "Яллама", Қозоғистоннинг "Бауржан Кўнисбаев" чегара текшириш нуқтасида 38 оғир юк автомобили йиғилиб қолган.

Қозоқ божхоначиларининг айтишларича, 11 феврал кунидан Ўзбек божхоначилари Ўзбекистоннинг ҳудуди орқали Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистонга ўтмоқчи бўлган транзит автомобилларини текширишни қаттиқлаштирганлар.

Ўзларининг қарори борасида Ўзбекистон Божхона қўмитаси тушунтириш бергани йўқ.

Транзит автомобиллар синчиклаб текширилаяпти, уларга ортилган товарлар бошдан-оёқ текшириб чиқилаётгани ҳақида айтмоқдалар қозоғистонлик масъуллар.

Натижада "Яллама" чегара постидаги Ўзбек божхоначилари бир кунда атиги бир ёки икки транзит автомобилини текширишга улгураяптилар.

Қозоқ божхоначиларига кўра, улар чегара нуқтасидан бир автомобилни ўтказишга ўртача 1 соату 20 дақиқа сарфламоқдалар.

Божхоначилар Қозоғистон ҳудудида бир неча кунлаб кутиб қолаётган автомобиллар ҳайдовчиларига қўлларидан келганча ёрдам бераётганларини айтмоқдалар.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.