BBC navigation

Тожикистонлик амалдорнинг ўғли маҳкамада ютиб чиқди

Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2013 - 10:20 GMT

"Имруз-ньюс"рўзномаси амалдорларнинг "дардисар" фарзандлари ҳақида мақола чоп этган.

Душанбе туман маҳкамаси Тожикистон темир йўллари раҳбари Омонулло Ҳукумовнинг ўғли Рустам Ҳукумовнинг "Имруз-ньюс" тожик рўзномасига қарши шикоят аризасини тўлиқ қондириб, унинг фойдасига ҳукм чиқариб берган.

Маҳкама "Имруз-ньюс"рўзномасига гўёки Рустам Ҳукумовга етказган маънавий зарари учун 10 минг доллар миқдорида жарима тўлаш ва илгари чоп этилган мақоласини инкор этиб чиқишни топширган.

Маҳкама жараёни даъвогарнинг талаби билан ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

"Имруз-ньюс" газетининг ҳимоячиси Гулчехра Холматова чиқарилган ҳукмдан таъжубдалигини айтган ва маҳкама жараёни кўплаб қонунбузарликлар билан ўтганини таъкидлаган.

Рустам Ҳукумовнинг норозилигига газетда ўтган йилнинг октябр ойида чоп этилган мақола сабаб бўлган, унда сиёсатчиларнинг ўғиллари ҳақида сўз бориб, ноқобил ҳаракатлари ота-оналарига муаммо туғдириши айтилган.

Ҳукумовнинг номи Тожикистонда россиялик учувчиларнинг ҳибсга олиниши ортидан кенг жамоатчилик тилига тушганди.

2010 йил сентябр ойида Ҳукумовни Россия маҳкамаси ўн йилга озодликдан маҳрум қилган. Унга жиноий гуруҳ тузиш ва Россияга ноқонуний тарзда гиёҳванд моддаларни олиб кириш айблари қўйилган.

2011 йилда россиялик учувчиларнинг ватанига қайтиши билан Россия маҳкамаси Рустам Ҳукумовга қўйилган айбловни бекор қилган ва унинг айби исботланмаганини билдирган.

Кузатувчиларга кўра, Рустам Ҳукумов россиялик учувчиларни озод қилиш эвазига қамоқдан чиқарилган бўлиши мумкин.

Тожикистонда юқори лавозимли раҳбарларнинг наркотик савдосига аралашгани тез-тез ошкор бўлиб қолади.

Тожик хавфсизлик ходими, юқори лавозимли мансабдор ёки унинг қариндоши катта миқдордаги қорадори билан қўлга тушиши аслида янгилик деб қаралмаслиги айтилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.