BBC navigation

Москвада қўлга олинган афюн Тошкентдан келганми?

Сўнгги янгиланиш 28 феврал 2013 - 11:38 GMT

Россиянинг гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосига қарши кураш полицияси ўта йирик миқдордаги афюн қўлга туширилгналигини маълум қилди.

Гиёҳванд моддаларга қарши кураш назорати бўйича федерал хизмат раҳбари Виктор Ивановнинг маълум қилишича, ушбу афюн Москва вилоятига Тошкент вилоятидан келаётган бўлган.

Мусодара этилган афюннинг улгуржи нархи 18 миллион америка доллари, чакана нархи эса 10 баравар кўплиги айтилади.

Жаноб Ивановга кўра, гиёҳванд моддаларни Ғозиев исмли шахс қабул қилиб олаётган бўлган. Баъзи интернет саҳифаларида Ғозиев аслида Рустам Ғозиев экани, у Тожикистон, Россия ва ЎЗбекистон фуқаролигига эга эканлиги ва бир вақтлар Тожикистонлик исёнкор Полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг қуролли гуруҳи аъзоси бўлганини хабар қилганлар.

Тожик ҳукумати Полковник Худойбердив Ўзбекистон ҳукумати томонидан яшириб келинаётганини даъво қилиб келади.

Ана шу маназарда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ охирги ҳодисаданинг қандай сиёсий аҳамияти бор?

Москвада нашр этилувчи "Независимая Газета"нинг Марказий Осиё бўйича шархловчиси Виктория Панфиловага кўра, ҳозирда Маҳмуд Худойбердиев Тожикистон ҳудудида ўз фаолиятини янада фаоллаштираётгани борасида мишмишлар пайдо бўлган.

Виктория Панфилова: Биз биламизки, жорий йил Тожикистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Ва бу сайловлар ўтказилишига ҳалақит бериши мумкин бўлган, ёки қандайдир рақиб шахс пайдо бўлишига етаклаши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинаяпти. Ҳозирда Полковник Худойбердиевдан таҳдид келаётгани сезилаяпти. Бу ҳақиқий таҳдидми ёки асоссиз, бунга мен баҳо бера олмайман, лекин бу шахс билан боғлиқ ҳар бир нарса кўп маънога эга. У Тожикистон тарихида жуда қизиқ рол ўйнаган, у ҳам ижобий, ва ҳам салбий қаҳрамондир. Худойбердиев борасида Тожикистонда якка бир қараш йўқ.

Би-би-си: Маҳмуд Худойбердиев ҳақида сизга бугунда нималар маълум?

Виктория Панфилова: Менга маълум бўлгани шуки, бу одам бугунда тирик ва гўёки Ўзбекистон ҳудудида яшаяпти. Билганим шу ҳозирча.

Би-би-си: Сиз қаердан биласиз унинг тириклиги ёки гўёки Ўзбекистонда эканлигини?

Виктория Панфилова: Унинг суратлари Facebook да пайдо бўлди. У кишининг кўринишига қарасангиз, суратлар бугунги кунда олинган. Мен Худойбердиевни шахсан ўзим ҳали Тожикистонда бўлган йиллари билардим. Бугунги суратлари билан солиштирсангиз, бу ҳудди ўша одам, лекин унинг юзига вақт ўз таъсирини ўтказган. Тожикистон ҳукумати у Ўзбекистонда эканига ишончи комил. Бир вақтлар унинг топширилишини ҳам сўрашган. Бугун ҳам жон деб уни қайтариб олган бўлишарди.

Би-би-си: Худойбердиевга ва айни дамда унга бошпана бераётгани даъво қилинаётган Ўзбекистонга Тожикистондаги сайловларга аралашишнинг нима кераги бор?

Виктория Панфилова: Энг аввало сув муаммосини ечиш учун. Маълумки, Ўзбекистон қаршилигига қарамай, Тожикистон йирик Роғун ГЭСини қуриб битиришга бел боғлаган. Раҳмон ҳукуматда қолар экан, Роғун бўйича ўзаро муросага келинмайди. Шундай экан, бошқа йўл йўқ. Лекин, айни дамда Ўзбекистон қандайдир йўл билан тожик сайловларига аралашмоқчи деган маълумот менда йўқ. Ҳеч кимда йўқ, менимча.

Би-би-си: Йирик миқдорда гиёҳванд модданинг айнан бугунда қўлга олингани ва у Тошкент вилоятидан келгани эълон қилинаётгани қизиқ. Бу бугунги Россия-Ўзбекистон алоқалари учун нимани англатади?

Виктория Панфилова: Биласизми, бугунда Россия ва Ўзбекистон алоқалари энг яхши кунларни бошидан кечираяпти, деб айтмаган бўлардим. Ўзаро қийинчиликлар пайдо бўлган. Ҳар доим Ўзбекистон ва Россия алоқаларида қандайдир қийинчиликлар келиб чиқса, дарров Тошкентга қандайдир йўл билан таъсир қилиши мумкин бўлган маълумот юзага чиқади. Ҳудди шунга ўхшаш маълумот Гулнора Каримовага боғлиқликда ҳам пайдо бўлганди. МТС ширкати фаолиятининг Тошкентда ёпилиши ортидан шундай маълумот чиққанди, лекин кейин Тошкент МТС ширкати ходимларига қарши жиноий ишларни тўхтатишга мажбур бўлди.

Би-би-си: Нарконазорат раҳбари Ивановнинг сўзларидан ҳудди Тошкент вилоятида наркотиклар саноат кўламида ишлаб чиқарилаётгани ва бунда қайсидир маънода ҳукумат доиралари аралашганига ишорани сезса бўлади. Бу ишора атайлаб қилинаяптими?

Виктория Панфилова: Йўқ, мутлақо. Улар ҳукумат доиралари аралашувини назарда тутишяпти, деб ўйламайман. Лекин, айни дамда бу янгилик Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказа олишига мен ишонаман.

Би-би-си: Сиз айтдингизки, Худойбердиевнинг Тожикистон сайловларига таҳдиди сезилмоқда. Лекин бу таҳдидни тўхтатишдан Россия қандай манфаат кўради?

Виктория Панфилова: Гап шундаки, Ўзбекистон Коллектив Ҳавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзолигини тўхтатиб қўйди. Россия аксинча минтақадаги назоратини кучайтирмоқчи. Ўзбекистон ана шу назоратдан бироз четга чиқмоқда. У мустақилроқ сиёсат юргизаяпти. Бу Россияга тўлиқ манзарани бермаяпти ва ҳалақит бераяпти. Россия Ўзбекистон ҳам ана шу блокка кириши ва барча Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар тенг бўлишидан манфаатдор, чунки ўшанда Россиянинг таъсири минтақада тенг тақсимланган бўлиб қолади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.