BBC navigation

Озарбайжон русча исмларни маън қилмоқчи

Сўнгги янгиланиш 6 март 2013 - 15:29 GMT

Озарбайжон миллатига мансуб ота-оналар энди ўз болаларига русча от қўя олишмайди

"Мария, Екатерина, Оля ёки Аля каби русча исмларни танлаш тақиқланади" - дейди Озарбайжон Терминология Комиссияси раиси муовини Сояли Содиқова.

Содиқова хонимга кўра, баъзи исмларнинг келиб чиқиши русча бўлмаса ҳам, барибир, айни номларни эшитганда, бу одам собиқ СССРдан келган, деган фикр уйғонади.

"Ўйлаб кўринг" - дейди Бокудан Би-би-си Озари Хизматига гапирган мулозим - "Озарбайжонда ким ўз қизини Дмитрий исмли йигитга узатишни истайди?"

Маълум бўлишича, янги тақиқ фақат озари миллатига мансуб оилаларга тааллуқли. Бу мамлакатда яшайдиган бошқа миллат вакиллари фарзандларига истаган отларини қўйишлари мумкин.

Айни дамда узун ва бир нечта сўздан иборат исмлар ҳам маън этилади.

Масалан, болангизга Ҳожи Нажафгули Оға, деб от қўя олмайсиз. Ота-оналар ё Нажаф, ё Гули деган битта қисқа исмни танлашлари шарт.

Терминология комиссияси зарурий ўзгаришларни қонунан асослаш учун ўз таклифларини ҳукуматга тақдим этган.

"Президент буйруғи асосида исмларнинг янги рўйхати эълон қилинади ва тайёр бўлгач, барча ЗАГС бўлимларига тарқатилади" - дейди Сояли Содиқова.

"Президентнинг буйруғи чиққач, эътирозга ўрин қолмайди ва бу масала бошқа муҳокама этилмайди".

"Озарбайжонда ким ўз қизини Дмитрий исмли йигитга узатишни истайди?"

Сояли Содиқова, Озарбайжон мулозими

Озарбайжонда ҳам собиқ Иттифоқдаги кўплаб мамлакатларда бўлганидек, аксарият фамилияларга -ев, -ов, -ева, -ова каби қўшимчалар қўшилади.

Аммо мустақилликка эришгач, кўпчилик русча қўшимчалардан воз кеча бошлашди. Дейлик, Алиўғлу, Нажафли ва Аҳмадзода тарзида фамилия охирида ўғлу калимаси ёки -ли, ёки -зода қўшимчаларини ола бошладилар.

Озарбайжонда эса айни ўзгаришларга нисбатан фикрлар ҳар хил.

Айримлар русча қўшимча ва исмлардан воз кечишни қўллашади. Бошқалар эса ҳар бир инсон боласига қандай исм беришни ўзи ҳал қилиши керак, бу давлат аралашадиган иш эмас, дейдилар.

Мустақиллик масаласи

Собиқ Иттифоқдан мустақил бўлган кўплаб республикаларда ҳали-ҳамон мавжуд русча калималар, жой номлари ва сўзлардаги таъсирлардан воз кечиш жараёни тугаллангани йўқ.

Масалан, бир неча йил олдин Тожикистон президенти ўз фамилиясидаги -ов қўшимчасини олиб ташлаб, Имомали Раҳмон бўлди.

Аммо Туркманистондаги Қизилсув шаҳрини руслар Красноводск, деб аташган бўлса, кейинроқ туркманлар Красноводскдан воз кечдилар-у, лекин эски исмини тикламасдан, Туркманбоши, деб атадилар.

Қирғизистонда эса ўзбеклар яшовчи минтақалардаги азалий ўзбекча жарангловчи жой номларини қирғизча талаффузга мослашмоқда. Дейлик, Қорасув шаҳри Кара-суу ва ё Ўш шаҳри Ош, деб расман қирғизча талаффузга мослаштирилган.

Фрунзе Бишкек, Ленинобод Хўжанд бўлиб қайтадан эски номлари тикланди.

Озарбайжон жамиятида туркчилик ғояларига мойиллик кучли

Тожикистонда эса нафақат русча, балки қатор туркий-ўзбекча топонимлар ҳам алмаштирилиб, форс-тожикча қилинди. Дейлик, Қоратегин водийси ҳозир Рашт, деб аталади.

Аксинча, туркчилик ғоялари кучли Озарбайжонда форс ва арабча калималарни туркийсига алмаштириш кечаётир. Хусусан, луғат сўзини ҳозир сўзлик, дея аташмоқда.

Минтақада фақат Ўзбекистон кам сонли туб жой аҳоли вакиллари - қорақалпоқ, тожик ё қозоқ тилларидан келиб чиққан топонимларни ўзгартиргани йўқ.

Ўзбекистонда, асосан, совет даврини эслатувчи шўравий ва русча номларнинг кўпчилиги алмаштирилган.

Айни дамда, мустақил мамлакатлар халқ тилида кенг қўлланувчи русча сўзларнинг миллий муқобилларини ҳам истеъмолга киритишга уринмоқдалар.

Бироқ ҳали ҳамон сўзлашув тилида чиптани билет, учоқни самолёт ёки кабобни шашлик, деб аташади. Шу асно адабий ва сўзлашув тили орасида фарқ сақланиб қолмоқда.

Минтақадаги айрим олимлар тил тозалиги учун миллий ва ё шарқона калималар муҳимлигини айтишади. Бошқаларга кўра, турли тиллардан қанча кўп сўз олинса ва битта нарсани ифодалайдиган синонимлар қанча кўп бўлса, тил шунча бойийди.

Уларга кўра, самолёт, учоқ ва тайёра, деб бир вақтнинг ўзида русча, туркча ва арабча сўзларни қўллашнинг ёмон томони йўқ.

Аммо бир асрдан кўпроқ мустамлакачилик остида қолган ёш мустақил мамлакатлар учун исмлар ҳамда сўзлар ҳам катта аҳамият ва баҳс-мунозарага молик бўлиб қолмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.