BBC navigation

Агар аёл давлат тепасига келса...

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 14:29 GMT

Беназир Бҳутто борасида фикрлар зиддиятли эди, лекин унинг бошқаруви Покистон жамиятида чуқур из қолдирди

Жаҳонга донғи кетган сиёсатчи аёллар озмунча эмас. Маргарет Тетчер, Ҳиллари Клинтон, Мадлен Олбрайт, Кондолиза Райс, Тансу Чиллер, Беназир Бҳутто ва Индира Ганди каби исмларни билмайдиган одам кам топилади.

Аммо дунё аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи хотин-қизларнинг сиёсат, тижорат ва жамиятдаги мавқеи ҳатто тенг ҳуқуқлиликнинг энг чўққисига эришган ғарбда ҳам тўлиқ намоён бўлмагани айтилади.

Бироқ бугун аёл киши дунёни бошқарса, яъни сиёсат ва иқтисодда аёллар мавқеи кучайса, қашшоқликни тугатиш ва оилалар бахтини таъминлашга кўп эътибор қаратилмасмиди, урушларга чек қўйилмасмиди ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаттиқроқ интилмасмидилар, деган саволлар айтилмоқда.

Тадқиқотларга кўра, аёллар етакчилик усуллари бошқачароқ: Улар кўпроқ ҳамкорлик қилишади ва жамият фикрига қулоқ тутишади.

"Аёл киши ҳокимиятда бўлса, ҳар бир олган қарорида болалари, неваралари тақдирини ўйлайди" - дейди Ирландиянинг собиқ президенти Мэри Робинсон.

Бугун аёллар жаҳон иқтисодини юргизишда катта кучга айланмоқда. Аёллар сарфлаётган 20 триллион доллардан кўпроқ пул йил сайин кўпаймоқда.

"Жамиятлар тараққий этиши учун аёлларга эҳтиёж катта" - дейди АҚШ собиқ давлат котиби Кондолиза Райс - "Тинчлик жараёнларида аёлларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар оиласини асрашга интилишади. Низоларда ахир аёллар энг кўп азият чекишади".

Сўнгги кузатувларга кўра, раҳбар аёллар ўз жамоаларига тоза ичимлик суви келтириш, таълим ва тиббиётни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратадилар. Тижорат очган аёллар бошқа хотин-қизларни ишга ола бошлашади.

Бугун Жанубий Америкада аёл президентлар ҳокимиятга кела бошлашган.

Минтақанинг машҳур аёллари

"Ўзбекистон шароитида аёл кишининг президент бўлиши муаммо эмас, жамият бунга қаршилик қилмайди"

Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи

Минтақадаги машҳур сиёсатчи аёллардан бири - марҳума Беназир Бҳутто.

Кўплар унинг бош вазирликка эришиши отаси туфайли деса, бошқалар унинг хонадони коррупцияга ботганди, деб айблайди.

"Аммо Беназир Бҳуттонинг ҳокимиятга келиши Покистон учун улкан ўзгариш бўлди" - дейди Би-би-си Ўрду Хизматидан Умбер Хайрий - "У аёллар ҳуқуқини таъминловчи қонунлар қабул қилишга интилди, илк аёллар банкини ташкил этди ва ҳатто зўравонлик қурбони бўлган қишлоқ аёллари билан бевосита бориб учрашди".

"Тўғри, Покистонда ҳарбийлар ва диний уламолар мавқеи баланд, шу боис Беназир Бҳутто айни тўсиқларни енгиб ўтиб, кўп режаларини амалга ошира олмади".

Ҳозир марҳуманинг маслакдошлари Бҳутто хонимнинг ғоясидан бири - ўта қашшоқ аёлларга мунтазам кўмакни таъминлайдиган ижтимоий карточка тизимини йўлга қўйишган. Шу асно ёрдам нафақаси эркакнинг эмас, бевосита аёлнинг қўлига топширилмоқда.

Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг энг машҳур аёлига айланган, деса бўлади

Марказий Осиёда эса Қирғизистондаги ғалаён ортидан қисқа муддат аёл киши - Роза Ўтинбоева президент бўлди.

"Роза Ўтинбоева аёлларга оид янги қонунлар қабул қилгани йўқ, бу қонунлар бор эди" - дейди Би-би-си Қирғиз Хизматидан Оқчўлпон Қўйчиева - "Лекин у аёлларни руҳлантирди ва парламентга кўплаб хотин-қизлар киришди".

"Айрим фикрларга кўра, ўша қонли воқеалар ортидан аёл кишининг президент бўлгани эҳтиросларни бир қадар туширган. Эркак киши бўлганида, ким билади, низолар яна кучайиб кетармиди, деган фикрлар ҳам бор".

Минтақадаги йирик оилалар вакилалари ҳам ўз мамлакатлари ва ҳатто халқаро миқёсда ном қозонишмоқда.

Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда бу ҳолатлар яққол кўзга ташланади.

Аммо Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова бугун ўз мамлакатидаги энг машҳур аёллардан. Халқаро миқёсда эса турли фикрларга сабаб бўлаётган кўп қиррали шахс.

Сўнгги чиқишларидан бирида Гулнора Каримова "Амбицияли ҳар қандай шахс президент бўлиши мумкинлиги" ҳақида ҳам гапирганди.

Бугун ғарб матбуотида Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг янги президенти бўлишга интилмаяптими қабилидаги фикрлар ҳам ўртага чиқа бошлаган.

"Ўзбекистон шароитида аёл кишининг президент бўлиши муаммо эмас, тарихда ҳам бизда аёл бошқарувчилар бўлган" - дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов -"Жамият бунга қаршилик қилмайди".

"Аммо бу шахс аёл бўладими, эркак бўладими, барибир, адолатли сайловлар орқали ҳокимиятга келиши керак".

"Агар эркин сайлов ўтказилса, Гулнора Каримовада сайланиш имконияти бўлмаса керак" - давом этади таҳлилчи - "Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳам унинг потенциали кўринмайди".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.