BBC navigation

Меҳнат муҳожирлари: 'Байрамни ватанга қайтганда қиламиз!'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2013 - 13:46 GMT

Муҳожирлар байрам кунлари пул ишлаб олишни афзал кўришади

Москвада Наврўз байрами 8 йилдан бери нишонланиб келинмоқда. Бу йилги Наврўз тантаналари 24 март куни "Лужники" стадионида ўтказилади.

Эълонга кўра, Севара Назархон ва "Ялла" гуруҳи ташрифи ҳамда 20 минг киши иштирок этиши кутилаётган ушбу байрамга таклифномалар бепул тарқатилмоқда.

Аммо Россиядаги меҳнат муҳожирларининг кўнглига байрам сиғмайди. Улар бошқа байрамлар қатори Наврўзни ҳам иш жойларида ўтказишга одатланишган.

"Якшанба куни бизда иш кўп бўлади, – дейди гулистонлик Дилдора. Бошқа кунлари кунига 800 – 1000 рубль пул топсам, шанба–якшанба кунлари яхшироқ пул ишлайман. Бу ой ҳали уйга пул юбора олганимиз йўқ, ишлашим керак".

Дилдора пойтахтдаги кафе тармоқларининг бирида официантлик қилади. Яна бир суҳбатдошим эса байрам эсида ҳам йўқлигини айтди.

"Ташвиш кўп, – дея изоҳлади ишчи Рустам ака. Укам бедаво дардга чалинган, уйда шароит оғир. Дорилари жуда қиммат, шу ердан олиб жўнатаяпман. 18 минг рублга олинган дори 2 хафтага етади"...

"Бу ой ҳали уйга пул юбора олганимиз йўқ, ишлашим керак"

Гулистонлик Дилдора

Кўп қаватли уйларнинг бирида яшайман, ҳовли супурувчимиз ўзбек киши. Ҳар куни ишга кетган-қайтганда кўз тушавериб салом–алик қиладиган бўлиб қолганмиз. Бир куни гаплашиб қолиб унинг аслида тарих ўқитувчиси эканлигини билгандим. Наврўз байрамига уларни ҳам таклиф қилдим. На байрам, на машҳурлар Даврон акани қизиқтирмади. "Байрамни Андижонга қайтганда қиламиз", - деди у ўкинч билан.

Хуллас, бу ердаги байрамларнинг меҳнат муҳожирлари учун қизиғи йўқ. Уларнинг мақсади фақат ишлаш, пул топиш, тирикчилик, рўзғор, уй–жой...

Хўш, унда байрам ким учун ташкил қилинаяпти?

Кузатишларимга кўра, шаҳарда ўтказилаётган байрам тадбирларида аксарият ҳолларда (хукумат вакиллари ва мансабдор шахсларни ҳисобга олмаганда) аввал юртимизда яшаган рус ва бошқа миллат вакиллари, рус диёрига келиб ўрнашган (фуқаролигини олган) юртдошларимиз, энг озчилиги эса қизиққонроқ ёш йигит-қизларимиз (байрам кунлари дам олиш кунига тўғри келган кишилар ҳам шулар сирасига киради).

Бухоролик Моҳира опа эса ҳар йили ижарадаги уйида Наврўзни нишонлайди. Чунки унинг бўш вақти кўп. Бу аёлнинг ўзи 3 хонали уйни ижарага олиб, яна ҳар бир хонасига ўнлаб юртдошларимизни ижарага қўяди. Бундай хонадонлардан опада яна иккита бор. "Ишнинг кўзини биладиган" бу аёлга бошқа бирор жойда ишлашнинг ҳожати йўқ. Қизлари билан текин яшашганидан ташқари, ҳар бир хоналар унга яхшигина даромад келтириб турибди.

"Ўтган йили газда сумалак қилдик, – дейди Моҳира опа. Ҳамма квартирантларим ўртага пул ташлаб, Наврўз куни эрталабгача ўтирдик. Бу йил ҳам шундай қиламиз".

Кунига 12–14 соатлаб ишлайдиган ҳамюртларимизнинг эрталабгача байрам қилиб ўтиришлари камдан–кам учрайдиган воқеа. Чунки тик оёқда ишлаб, чарчайдиган кишилар уйга келиб бирпас ўтиради–ю, яна эртаси куни эрталаб ишга боришини ўйлаб дам олишни афзал кўради.

Москвадаги меҳнат муҳожирларининг ҳар бирининг ҳаёт тарзи ҳар-хил, аммо байрамлар масаласида деярли барча юртдошларимизда ўхшаш ҳолатни кўриш мумкин. Уларга байрамлардан кўра, ойлик олган, уйга пул юборган кунлари кўпроқ хурсандчилик келтиради. Бу борада фаррош ака ҳақ: Наврўзни Ватанга қайтганда нишонлаймиз. Ҳозир эса ҳеч кимни байрам қиладиган кайфияти йўқ...

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.