BBC navigation

Киев маҳкамаси собиқ Тожик бош вазирини яна ҳибсда қолдиришга қарор қилди

Сўнгги янгиланиш 22 март 2013 - 15:07 GMT

Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, жаноб Абдуллажонов Тожикистоннинг Интерполга берган қидируви асосида ҳибсга олинган.

Украина пойтахтидаги Аппеляция маҳкамаси Киев шаҳри Шевченко туман судининг Тожикистоннинг собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажоновни ҳибсда ушлаб туриш қарорини кучида қолдирган.

Бундан бир ҳафта олдин - 15 март куни Шевченко туман маҳкамаси Абдумалик Абдуллажоновни экстрадиция ҳибсида ушлаб туриш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Украина қонунчилигига биноан, экстрадиция ҳибси 12 ойгача давом этиши мумкин.

Америка Қўшма Штатларида бошпана изловчи мақомига эга Абдумалик Абдуллажонов шу йилнинг 5 феврал куни Америкадан учиб келган пайти Киевнинг "Бориспол" аэропортида ҳибсга олинган эди.

Украина Ички ишлар вазирлиги жаноб Абдуллажоновнинг Тожикистон унга нисбатан Интерполга берган қидируви асосида ҳибсга олинганини билдирган.

Бироқ Абдумалик Абдуллажонов ўзига қарши Душанбе расмийлари илгари сурган айбловларни рад этади, бу айбловларнинг сиёсий сабабларга асосланганини айтади.

Интерполга Тожикистон берган қидирув жаноб Абдуллажонов АҚШ ҳудудида ва Оврўпога сафар қилишида монеълик қилмаган.

Тожикистон ҳукумати Абдумалик Абдуллажоновни уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш ва терроризм бандларида айблаган.

Хусусан, Тожик ҳукумати 1998 йилда Хўжанд шаҳрида уюштирилган полковник Маҳмуд Худойбердиев раҳбарлигидаги давлат тўнтаришига уриниш тепасида турганликда айблаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги Абдумалик Абдуллажоновни Тожикистонга экстрадиция қилмаслик, уни озодликка чиқаришни сўраб мурожаат қилган, Украина расмийларини мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни ҳурмат қилишга чақирган.

Тожик мухолифати муҳожирликдаги таниқли сиёсатчининг қўлга олинишини шу йил ноябрига мўлжалланган Тожикистон президентлигига сайлови билан боғлаганлар.

Киевдаги маҳкама пайти Абдумалик Абдуллажонов ўзининг Тожикистонга экстрадиция қилинишини "ўлим билан тенг" деб атаган.

Жаноб Абдуллажонов 2013 йил ноябрида Тожикистонда мўлжалланган президентлик сайловида қатнашиш ниятини билдирган, бироқ мамлакатда узоқ вақт яшамагани боис ҳар қандай муқобил номзодни дастаклашга рози бўлган.

Абдумалик Абдуллажонов 1992-93 йилларда Тожикистон бош вазири лавозимини эгаллаган.

У 1994 йилдаги президентлик сайловида жорий Президент Имомали Раҳмонга қарши ўз номзодини илгари сурган ва анча овоз тўплаган.

Шундан кейин жаноб Абдуллажонов Тожикистонни тарк этган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.