BBC navigation

Афғон-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашув бўйича текширув олиб борилмоқда

Сўнгги янгиланиш 23 март 2013 - 10:16 GMT

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шўробод туманида 22 март тунида афғонистонликлар ва маҳаллий аҳоли орасида юз берган қуролли тўқнашув юзасидан текширув ишлари бошланган.

Бу ҳақда туман милиция бўлими маълум қилган.

Афғон-тожик чегарасида юз берган ҳодисада уч афғон ва Саричашма қишлоғилик яна бир киши нобуд бўлган.

"Милициянинг оператив-қидирув гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда. Айтишим мумкинки, Афғонистон фуқаролари тарафидан тожик-афғон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳоллари ҳар доим содир бўлади", - деб айтган Шўробод тумани милиция хизмати бошлиғи Баҳром Назаров Би-би-си билан суҳбатда.

Афғонистондан ўтган 4 кишидан иборат қуролли гуруҳ уч тожикистонликни гаровга олган ва қўлларини боғлаб ўзлари билан чегаранинг нариги тарафига олиб кетмоқчи бўлишган.

Кейинроқ гаровдагилар афғонларнинг қўлларидан қуролларини олиб қўйишга муваффақ бўлишган.

Ўртада келиб чиққан отишмада уч афғонистонлик ва Пирназар Исматов исмли тожикистонлик ўлдирилган.

Афғонистонлик қуролланган шахслар контрабанда билан шуғулланиб келгани айтилаяпти.

Афғон-тожик чегарасида жойлашган Шўробод туманида қуролли тўқнашувлар, гаровга олиш ва кейин пул талаб қилиш ҳоллари тез-тез рўй бериб туриши ҳақида айтилади.

Тожикистон Афғонистон билан яхши қўриқланмайдиган қарийб 1 ярим минг чақиримлик чегарага эга.

Аксар қисми тоғлардан иборат ушбу ҳудудлар чегарачилар учун ўта мураккаб ва хатарли саналади. Ва айнан мана шу ерлар афғон гиёҳванд савдогарлари учун мақбул минтақа ҳисобаланади.

1990 йилларда кечган ички урушлар пайти гиёҳванд савдоси кўплаб шўрабодликлар учун оила боқишнинг ягона йўли бўлиб қолганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.