Қирғизистон собиқ президентининг ўғли сиртдан 25 йилга қамалди

Image caption Максим Бакиев 250 минг фунт стерлинг гаров пули эвазига Лондон маҳкамаси томонидан қўйиб юборилган эди.

Бишкекнинг Первомайский туман маҳкамаси Қирғизистон собиқ президентининг ўғли, Тараққиёт, инвестиция ва инновация бўйича Марказий агентлик (ЦАРИИ) собиқ раҳбари Максим Бакиевни 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маҳкама шунингдек Максим Бакиевга нисбатан уч йилгача раҳбарлик лавозимида ишламаслик, мол-мулкини мусодара қилиш ва жазони қаттиқ тартибли қамоқхонада ўташ бўйича қарор чиқарди.

Қирғизистон Бош Прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, Максим Бакиев 30- модда "Жиноятга алоқадорлик", 303- модда "Порахўрлик", 306- модда "Қирғизистон Республика манфаатларига зид шартномаларни имзолаш" каби жиноятларда айбдор деб топилган.

Давлат қораловчиси Максим Бакиевни юқоридаги моддалар бўйича айбдор деб топиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва мол-мулкини мусодара қилиш бирга бирга жазони қаттиқ тартибдаги колонияда ўташини сўраган эди.

Маҳкаманинг бу қарорига асосан, Бош прокуратура Максим Бакиевни Қирғизистонга экстрадиция қилишни сўрашда давом этишини билдирган.

Максим Бакиев ЦАРИИнинг раҳбари бўлган пайтда отаси Қурбанбек Бакиевнинг вазифасидан фойдаланиб , 2007 йил "Витяз" пансионатига қарашли 9,32 гектар ерни ноқонуний эгаллагани ва давлатга 123 миллион 498 минг 700 сом зарар етказгани айтилади.

Шунингдек, Чакан ГЭСнинг қариийб хўжайини ҳисобланган Алексей Ширшов билан тил бириктириб, "Северэлектро" ҳиссаларини арзон баҳода сотиб олганликда ва давлатга 135 миллион 700 минг доллар зарар келтирганликда айбланган.

Қочқинлар

Қирғизистон собиқ президенти Қурбанбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев 2012 йил октябрида Буюк Британиядан сиёсий қочқин мақомини олган.

Ўтган йили АҚШ Британиядан Максим Бакиевни молиявий жиноятларда айблаб, уни Америкага экстрадиция қилишни сўраган.

Максим Бакиевнинг айблари исботланса, у АҚШда узоқ йиллик қамоқ жазосига юз тутиши мумкин.

2012 йил 12 декабрда АҚШ сўровига биноан Лондонда қўлга олинган Максим Бакиев маҳкама томонидан 250 минг фунт стерлинг гаров пули эвазига озодликка чиқарилган эди.

Максим Бакиевни АҚШга экстрадиция қилиш бўйича маҳкама 2013 йил 13 майда бўлиб ўтиши керак.

Қирғизистон собиқ президенти Қурбанбек Бакиев Белоруссиядан сиёсий бошпана олишга муваффақ бўлган эди.

Бакиев ва унинг оила аъзолари мамлакатда турли жиноятларда айбланиб, сиртдан узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Қирғиз ҳукумати Белоруссиядан Бакиевни мамлакатга топширишни талаб қилиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ