Қирғизистон: "Ўш садоси" муҳаррири уй қамоғига ўтказилди

Image caption Исмоилов 2010 йил июн ойи тартибсизликлари пайти қўшниси Анвар Маҳмудовнинг бедарак кетганлигида алоқадор кўрилмоқда.

2010 йил июн воқеаларига алоқадорликда айбланиб ўтган якшанба куни ҳибсга олинган ўзбек тилидаги "Ўш садоси" газетининг бош муҳаррири Муҳаммадсоли Исмоилов уй қамоғига чиқарилган.

Муҳаммадсоли Исмоилов "Одам ўғирлаш" да айбланмоқда.

Қирғизистон Ички Ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Исмоилов 2010 йил июн ойи тартибсизликлари пайти қўшниси Анвар Маҳмудовнинг бедарак кетганлигида алоқадор кўрилмоқда.

Муҳаммадсоли Исмоилов билан бирга яна олти киши ҳибсга олинган.

Маълумотларда айтилишича, 1960 йилда туғилган Анвар Маҳмудов ўзи яшаб келган Қорасув туман Шарқ посёлкасидан тахминан 18-19 июн кунлари Тико автомашинасига ўтириб кетганича қайтиб келмаган.

Ушбу воқеа юзасидан Ўш прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 10-17 июн кунлари Анвар Маҳмудов тартибсизликларда 10 дан ортиқ қирғизларни яширган ва егулик берган, у берган хабар асосида ҳарбийлар келиб қирғизларни қутқазишган.

Бундан гўёки хабар топган Маҳмудовнинг қишлоқдошлари уни "хиёнат"да айблашган. Милициянинг ишонишича, улар орасида "Ўш садоси" бош муҳаррири Исмоилов ҳам бўлган.

Шундан сўнг келтирилишича, ғазабланган ўзбеклар Анвар Маҳмудовни Тико машинасига ўтирғизиб, номаълум томонга олиб кетишган.

2010 йил июн воқеаларидан кейин болаларини олиб Ўзбекистонга кетган Маҳмудовнинг хотини орадан уч йил ўтиб Ўшга қайтгани ва ҳақиқатни юзага чиқишида ёрдам сўраб милицияга мурожаат қилгани айтилади.

Милиция ходимлари Маҳмудов томонидан қутқарилган 12 қирғизни топишгани , уларнинг кўрсатмалари олинганини маълум қилишган.

Маҳмудовнинг йўқолишида айбланаётган Исмоилов икки ойлик уй қамоғига чиқарилган, унинг қандай кўрсатма бергани ҳали очиқланмаган.

"Ўш садоси" муҳаррирининг ушбу жиноятга алоқаси борлигига ҳамкасблари, уни яқиндан билган инсонлар ишонишмаяпти.

Воқеа юзасидан ҳибсга олинган яна икки киши Ўш шаҳар Ички Ишлар бўлими вақтинчалик қамоқхонасида қолдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ