'Ашулани фақат русчасидан олинг, ахир, бу қанақа гап?'

  • 4 Апрел 2013
Россияда яқиндан бошлаб меҳнат муҳожирларининг рус тилидан имтиҳон топширишлари ҳам шарт қилиб қўйилди

Тожикча ёки ўзбекча ўйноқи мусиқа сиз ўтирган такси ёки маршрутка салонидан таралса, нима қилган бўлардингиз?

Рақсга тушиш учун майдон бўлмаса ҳам, беихтиёр қўлингизни кўтаришингиз ёки ҳеч қурса, бошингизни қимирлатишингиз табиий.

Аммо Россиянинг Екатеринбург шаҳрилик йўловчи ўзига табиий туюлмагани учун "қулоқни қоматга келтирувчи" русча бўлмаган ашула юзасидан Свердловск вилояти омбудсменига шикоят қилган.

Йўловчи аёлнинг шикояти ортидан Екатеринбург шаҳар ҳокимияти нақлиёт ширкатларига фақат рус тилидаги радиостанцияларни қўйиш тавсия этилган йўриқномани юборган.

Буларнинг барчаси ортидан, екатеринбурглик ҳуқуқ фаоли Вячеслав Башков эса, русча бўлмаган мусиқаларни тақиқлаш қарорини камситувчи дея прокуратурага ариза билан мурожаат этган.

Фаолнинг айтишича, "ҳокимиятнинг йўриқномаси инсон ҳуқуқларини поймол этиши, нославян давлатлар фуқароларига қарши дискриминация экани боис, ноқонунийдир".

Вячеслав Башковнинг шикоятига маҳаллий прокуратуранинг муносабати қандай бўлгани маълум эмас.

Москвадан биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири Россиянинг чекка вилоятларида маршрутка ҳайдовчиларининг аксариятини марказий осиёликлар ташкил этиши ва екатеринбурглик йўловчининг шикоятига сабаб бўлган ҳоллар, кам бўлса-да, учраб туришини айтади.

"Бу -тўғри гап. Битта, иккита ҳайдовчи шундай қилади. Кейин ҳамма шикоят қилишга тушиб кетади. Бунинг ортидан, бу гап худди миш-миш каби тарқалиб кетади", дейди.

Суҳбатдошимиз Россияда ҳозирги вазият тамаддунлар, маданиятлар тўқнашуви даражасида экани, худди, Оврўподаги каби исломофобия ҳам кузатилаётгани, шу боис, пашшадан фил ясаш каби ҳолат бўлаётганини айтади:

Биринчи ҳолат эмас

Россия бугун марказий осиёлик аксарият фуқаролар учун тирикчилик манбаига айланган

Турли манбаларга таяниб, Россияда 5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги тахмин қилинади.

Яқинда Россиянинг Омск шаҳридаги энг йирик “Триумф” савдо марказига марказий осиёликлар киритилмаётгани ҳам хабар берилганди.

Савдо маркази маъмурларидан бири бу хабарларни тасдиқлаган, аммо бунинг ирқчилик кўриниши эмаслигини айтиб, бунга улар тарафидан ўғрилик содир этиш ҳоллари ортгани сабаб бўлганини айтганди.

Марказий осиёликларга қарши бу каби очиқча ман этувчи ҳолат шу пайтгача Россияда кузатилмаган.

Москвада меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаол Баҳром Ҳамроев юз берган бу икки воқеа Россияда миллатчилик кайфиятларининг янада кучайиб бораётганига далолат қилишини айтади.

Фаолга кўра, Россияда вужудга келган бу каби вазиятга энг аввало Россия ҳукуматининг ўзи айбдор:

Суҳбатдошимиз бу каби ҳодисаларни яхшилаб ўрганишда давом этишлари, сўнгра ҳуқуқий талаблар билан чиқишлари ва агар шунда ҳам, Россия жамоатчилиги ушбу муаммони ечишга етарлича эътибор қаратмаса, сиёсий талабларни илгари суришга ўтишларини айтади.

"Чунки, бу каби ҳолатлар фақат тожик ёки ўзбекка нисбатан бўлаётгани йўқ. Қофқоз халқлари, дейлик, чеченлар, доғистонликлар билан доим муаммоларимиз бир", дейди фаол.

Сўров ва кайфият

Фаоллар сўнгги йилларда Россияда миллатчилик кайфиятлари янада кучайиб бораётганини таъкидлашади

Агар, ўтган йил якунида "Левада" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган сўров натижаларига қаралса, Россия аҳолисининг аксарияти меҳнат муҳожирлари сонининг камайтирилиши ва уларни ортга қайтариш йўлида кескин чоралар кўрилишини исташади.

Марказ раҳбари муовини Алексей Гражданкинга кўра, Россиядаги кўпчилик ҳукуматнинг меҳнат муҳожирларини жамиятга мослаштириш масаласига етарлича эътибор бермаётганидан хавотирда.

Унинг айтишича, худди шу сабабдан ҳам, сўров иштирокчиларининг аксари меҳнат муҳожирлари Россияда жиноятчилик ҳолларининг ортишига олиб келмоқда, деган фикрда.

Россия аҳолиси кўпчилигининг наздида мавқеъларининг ноқонуний экани ва жамиятга аралашиб кета олмаганликлари сабаб, меҳнат муҳожирлари ўзларига таҳдид солишади.

Ўтган йил август ойида Россия фуқароларининг норозиликлари тарихда кузатилмаган бир даражага етган, 70 фоизга яқин аҳоли ҳукумат меҳнат муҳожирлиги оқимининг олдини олиши шарт, деган фикрни билдиришганди.

Жаноб Гражданкиннинг айтишича эса, меҳнат муҳожирларининг ўз оилалари ва маданиятларидан узилиб қолганликлари уларнинг жиноийлашувларига йўл очади.

Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғига кўра, кучли ватанпарварлик туйғуларигина Россиянинг яхлитлигини сақлашга кўмак беради.

Улардан яна ярмининг фикрича, худди ана шу ватанпарварлик туйғусининг юзага чиқиши меҳнат муҳожирларига қарши ёвқарашликни кучайтиради.

Бу мавзуда батафсилроқ