Лансет: МДҲда соғлиқни сақлаш тизимлари ночор аҳволда

Image caption Лансет ҳисоботи муаллифлари МДҲдаги ҳукуматларни соғлиқни сақлаш соҳасини кўпроқ молиялашга ундайдилар

Британияда чоп этилувчи нуфузли Лансет тиббий журнали ҳисоботига кўра, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзолари бугунда тараққиёт жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади, аммо соғлиқни сақлаш соҳасида ўхшаш муаммоларга эгалар.

Бу давлатларнинг барида ўртача умр нисбати 1990-йилларда кескин тушиб кетди, баъзи давлатларда бу нисбат ҳали ҳам кўтарилганича йўқ.

Ғарбий Оврўпо билан солиштирса, МДҲ ҳудудида юрак қон-томир касалликлари энг катта қотил ҳисобланади. Юрак қон-томир касалликларига собиқ шўро давлатларида кенг тарқалган спирти ичимликларнинг суистеъмол қилиниши ва эркаклар орасида чекувчиликнинг юқори даражада қолаётгани, ўсиб бораётган ижтимоий тенгсизлик, ва ночор тиббий хизматлар сабабдир.

МДҲ аъзолари соғлиқни сақлаш тизимларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилганлар, жумладан бошланғич тиббий хизматларни кучайтириб, касалхоналарни қисқартириш, ва тиббиёт соҳасига ажратиладиган кам молия муаммосини ечишга уринганлар.

Бироқ, ҳисоботга кўра, йирик муаммолар сақланиб қолмоқда. Тиббий хизмат учун пора тўланиши ва тиббий хизмат сифатининг ночор бўлиб қолаётгани асосий мисоллардир.

Назорат

Лансетга кўра, МДҲ давлатларида ўртача умр нисбати паст бўлиб қолаётганига юрак қон-томир касалликларидан ташқари, она ва болалар ўлими даражасининг юқорилиги, ва айниқса ВИЧ ва сил каби юқумли касалликларнинг кенг тарқалаётгани сабабдир.

Ҳисобот муаллифлари бу муаммолар ечими йўлида ҳукуматларни зудлик билан чора кўришга ундайди. Бу чоралар сирасига тамаки устидан назоратни кучайтириш, қонуний ва ноқонуний алкоголга бўлган талаб ва таклифни кўриб чиқиш, соғлиқни сақлаш идораларининг молияни тўғри йўлда сарфлашига эришиш, эскирган муолажа турларини янги далил-исботга асосланган клиник усуллар билан сиқиб чиқариш, касалхоналардан кўра бошланғич тиббий хизматлар аҳамиятини ошириш каби чоралар киради.

ВИЧга қарши суст кураш

Ҳисоботда алоҳида эътибор ВИЧнинг тарқалишига қаратилади.

Кўп йиллар давомида баъзи собиқ совет давлатлари, хусусан Россия ва Украина, энг тез ўсиб бораётган ВИЧ эпидемиясига эга эдилар.

Энг кўп юқиш ҳолларига игна орқали гиёҳванд моддаларнинг қабул қилиниши сабаб қилиб кўрсатилган. Бироқ, ҳисоботга кўра, ҳудуддаги кўп ҳукуматлар мазкур эпидемияга қарши кескин курашмаганлар.

ВИЧ дастурлари ночорлигича қолмоқда, ВИЧ хасталари учун антиретровирал терапия яхши йўлга қўйилмаган.

Бунга асосий сабаблардан дея бангиларга ва ВИЧ билан оғриган одамларга нисбатан даволашдан кўра жазолаш муносабати мавжудлиги мисол қилиб келтирилади.

Порахўрлик

Лансет ҳисоботига кўра, 1990-йилларда кескин қисқартирилган тиббий молиялаш ҳали ҳам пастлигича қолмоқда. Айниқса Марказий Осиё ва Қофқозда бу ноқонуний тўловлар, тиббий хизмат учун пора беришнинг кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Даромади бир-биридан кескин фарқ қилувчи ночор ва бадавлат хасталар бир хилда тўловларни амалга оширадилар. Бу каби тўловлар айни дамда қиммат ва кераксиз муолажани рағбатлантиради.

Баъзи МДҲ аъзоларида олиб борилган сўровларга кўра, респондентларнинг 50 фоизи тиббий муолажанинг қимматлиги туфайли шифокорга мурожаат этмаганлар.

Бу каби тўловлар ўртача даражада Беларусда 13 доллар бўлса, Озарбайжонда 100 долларга тенг.