АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майк Ҳаммер Тошкент ва Душанбега йўл олган

Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти тарқатган хабарга кўра, АҚШ Давлат котибининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майк Ҳаммер Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Жаноб Ҳаммернинг Марказий Осиё бўйлаб сафари 7 апрелдан 14 апрелгача давом этиши ҳақида Давлат департаменти хабар қилган.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майк Ҳаммернинг икки мамлакатда муҳокама этишни мўлжаллаётган асосий мавзулари сифатида сўз эркинлиги, ошкоралик бўлиши айтилмоқда.

Жаноб Ҳаммернинг Ўзбекистон ва Тожикистонда журналистлар, ҳукумат расмийлари, фуқаролик жамияти вакиллари ва талабалар билан учрашишни режалаётгани, бошқа мавзулар қатори АҚШнинг демократик институтларни дастаклаш масаласи ҳам муҳокама этилиши хабар қилинмоқда.

Душанбе шаҳрида жаноб Ҳаммернинг Тожикистон Алоқа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари билан учрашиши, бу учрашувларда матбуот ва Интернет эркинлиги масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Давлат департаментига кўра, америкалик юқори лавозимли меҳмон ҳукумат шаффофлиги ва матбуот эркинлиги масалаларини Тошкентдаги анжуманда, журналистлар, вазирликлар вакиллари ва парламент аъзолари билан учрашувларда гаплашмоқчи.

Анжуманнинг 11 апрелга мўлжаллангани маълум этилган.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Майк Ҳаммернинг мустақил журналистлар билан Facebookда чатлашиши ва ёзиб олинадиган муҳокамада қатнишиши хабар қилинган.

Майк Ҳаммер 2012 йилнинг 30 мартида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси сифатида қасамёдга келтирилган.