Олма отада тужжорлар норозилик намойишига чиққанлар

Image caption Барахолка бозори ёпилса, минглаб дўкондор ва тужжорлар ишсиз қолиши мумкин

Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳридаги энг йирик бозорлар мажмуасида савдо қилувчи юз нафарга яқин тужжор мажмуадаги бешта бозорнинг ёпилишига қарши норозилик намойишини ўтказган.

"Барахолка" номи билан машҳур бўлган бу бозорлар мажмуасида минглаб дўконлар мавжуд.

Олма Ота маъмурияти январь ойида мазкур бозорлардаги ёнғин хавфсизлигига оид шароитни қониқарсиз дея баҳолаб уларни беркитиш билан огоҳлантирганди.

Дўкондорлар намойишини кузатган Олма отадаги Би-би-си мухбири Шодиёр Сайфнинг айтишича, тужжорлар эрталаб соат 10ларда мажмуа олдидаги катта кўчага йиғилиб, бозор ёпилмаслиги ва савдо қилишда давом этишларига йўл очиб берилишини талаб қилишган.

Намойишчилар атрофи кўп сонли милиция ходимлари билан ўраб олинган.

Намойишчилар қаршисига бозор маъмурияти ва ҳокимият вакиллари келганлар. Бозор маъмуриятини намойишчиларни тинчланишга ва тарқалишга чақирган.

Ҳокимият ўз қарорини изоҳлай туриб, тужжорларни январь ойида огоҳлантиргани ва ёнғин хавфсизлик чоралари кўрилса, савдо давом этишини айтмоқда.

Бироқ, намойишчилар бундай огоҳлантириш бўлмаганини айтишади. Уларнинг арз қилишича, бозор ёпилгудек бўлса, улар кредит ва қарзларини тўлай олмай қолишлари мумкин.

"Ҳукуматнинг охирги қарорига кўра, Олма Отадаги 75 бозордан 35таси йўқ қилиниши керак. Уларнинг ўрнига савдо мажмуаларини қуриш кўзда тутилган. Қолган 40таси эса қайта таъмирланиши керак", - дейди мухбиримиз.

Расмий маълумотга кўра, Олма Ота бозорларида 25 минг тужжор ишлайди. Аммо, норасмий ҳисобларга кўра, бу сон анча каттароқ.

"Бозорлар ёпилса, бу тужжорларнинг ярми ишсиз қолиши мумкин. Ҳукумат бозорларни ёпиш ё таъмирлаш ҳақида гапираяпти, лекин ундан сўнг ишсиз қоладиган минглаб одамлар нима қилишлари кераклиги борасида, ё муқобил иш ўринлари яратиш борасида бирор бир таклиф айтмаяпти", - дейди мухбир.