Турк дунёси форумида туркийтил давлатлар иттифоқи ҳақида орзу

Image caption Турк дунёси форуми, Истанбул

Шу ой бошларида Туркиянинг Истанбул шаҳрида Турк дунёси форуми бўлиб ўтди.

Марказий Осиё ва Туркиялик арбоблару олимларни жамлаган айни форумда туркий давлатларнинг бугунги муаммолари ҳақида гапирилди.

Келажакда туркий давлатларнинг интеграцияси ва бирдамлиги мавзуси ҳам бир неча нутқларда тилга олинди.

Турк дунёси форумидаги энг кўп сонли вакиллар жамоаси Қозоғистондан бўлса, энг ози Ўзбекистондан эди.

Асосан, илм аҳли қатнашган бу форумда туркий халқлар ва давлатларнинг бугунги муаммолари қатори келажаги ҳақида сўз борди. Турк давлатларининг бирлиги хақида орзу умидлар изҳор қилинди.

Аммо замонавий дунё реалликларига турк давлатлари ва ё халқлари бирлиги ғояси канчалар мос тушади? Хайрулло Файз бу ҳақда Туркиянинг туркий давлатлар бўйича собиқ вазири, таниқли сиёсатшунос Аҳад Андижоний билан суҳбатлашди.

Хайрулло Файз: Турк дунёси форумида сўз борган “туркий давлатлар бирлиги” бугунги кун реалликлари билан қанчалар уйғун деб ўйлайсиз?

Аҳад Андижоний: Турк давлатлари бирлиги масаласига бир неча томондан қараш керак, масалан, сиёсий бирлик масаласи алоҳида, иқтисодий ва ё маданий бирлик масаласи алоҳида мавзу. Буларнинг бари уйғун кечиши ҳам мумкин Оврўпо Иттифоқига ўхшаб ва ё айрича бир томони ривожланиб қолганлари оқсаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Турк дунёси форумида қатнашаётган илм аҳлининг аксарияти Турк дунёси бирлиги ҳақида орзу қилади. Аммо реал политик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу орзунинг рўёбга чиқиши учун дунёвий шарту шароитлар тайёр эмас. Айниқса, сиёсиё маънодаги бирлик ўнгимиздаги ўн йил, эллик ва ё ҳатто юз йилда ҳам амалга ошмаслиги мумкин...Шунда ҳам маданий ва ё иқтисодий интеграция масаласи ҳам узоққа чўзиладиган жараён деб кутиб ўтирмаслик керак.

Хайрулло Файз: Сиз Оврўпо Иттифоқини тилга олдингиз, аммо маълумки бу бирликнинг асосида демократик қадриятлар ётади, Марказий Осиё давлатларида эса бу асос йўқ, яъни, Ўзбекистону Туркманистондаги ҳолат диктаторликка яқин бўлса, Қозоғистон ва Қирғизистонда авторитар тузум унсурлари бор...

Image caption Аҳад Андижоний:"Туркий тиллар иттифоқи учун замонавий дунё тайёр эмас, аммо..."

Аҳад Андижоний: Дунё тарихига назар ташласак, икки хилдаги бирлик ва ё иттифоққа мисолларни кўрамиз. Булардан бири марказда қудратли давлат ва унинг атрофида кичик, нисбатан ожиз мамлакатларнинг тўпланмаси ва улар ўз навбатида кучли давлатга қарам бўлган бир тузум. Бунга эски Шўролар иттифоқи мисол бўлади. Варшава шартномаси ҳам шу йўсинда... Иккинчиси эса сиёсий тизимлари ва иқтисодий сиёсатлари бир бирига яқин бўлган давлатлар иттифоқи, бунга бугунги кунда Оврўпо Иттифоқи мос тушади. Ана шу икки йўлдан бошқа бир йўл инсоният тарихида бўлмаган. Империялар табиийки бундан мустасно. Биринчи айтган моделимиз турк дунёсига тўғри келмайди, чунки бунинг учун масалан собиқ Шўро Иттифоқида бўлгани каби кучли давлат – Россия каби давлат йўқ. Иккинчи моделни эса назаран амалга ошириш мумкин, аммо бунда ҳам сиёсий тузумлар бир бирига ўхшаш бўлиши керак. Тузумларнинг бири диктаторлик, бирида монархия унсурлари ва яна бири авторитар бўладиган эса, уларнинг бошини бир жойга қовуштиришнинг имкони йўқ. Иқтисодий бирлик ҳам бир бирига яқин давлатларни бирлаштиради. Агар бир давлатнинг ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариши бир неча миллиардга тенг, бошқа бириники эса миллионлар билан ўлчанса унда айни масала боши берк кўчага киради. Ўзбекистон ва Туркманистондаги сиёсий тузум эса бошқа давлатлар, масалан Туркияни бир четга қўйинг, қайсидир маънода Қирғизистон билан иттифоққа кириши имконсиздир. Чунки биз “диктаторлик” ва ё “авторитар” деган давлатларда иқтисодий алоқалар ҳам чекланади. Бу давлатларни бошқарган арбоб ва ё гуруҳ чегаралар оша пул айланиши ва савдони назорат қилишни истайди.Улар нафақат молиявий, балки маънавий, қайсидир маънода фикрий алоқаларни ҳам назорат қилишни, чеклашни исташади. Шунинг учун ҳам ўзаро алоқалар ривожланмай қолиб кетаверади. Оз миқдорда иқтисодий алоқалар ушлаб турилади, аммо бу алоқаларни халқ эмас, давлат йўлга қўяди.

Хайрулло Файз: Туркийтил давлатлар орасида энг қудратлиси Туркия, бу давлат жиддий маънавий таъсир кучига эга...Қардош давлатлардаги бугунги муаммолар ҳалида ва ўзаро иттифоқчилик ҳамда ҳамкорлик учун Туркия нималар қилиши мумкин?

Аҳад Андижоний: Мен йигирма йилдан бери бу мавзуда ёзмоқдаман. Ростдан, Туркия сиёсий, маданий ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик мавзусини кун тартибига илдам чиқара оладиган мамлакатдир. Бунда Туркиянинг ичкаридан бир қийинчилиги йўқ. Туркия имкон қадар ҳаракат қилаяпти, аммо Туркийтил давлатлар иттифоқи ғоясини ҳаёт ҳақиқатига айлантира оладими деган саволга “йўқ” деб жавоб берган бўлардим. Чунки Туркия ҳозиргача ўз ички муаммоларини ечолгани йўқ. Шарқ томонида террорчи гуруҳ ва бўлгинчилик муаммоси бор. Қибрис муаммоси долзарб. Арманлар мавзуси ҳам кун тартибидан тушгани йўқ.

Хайрулло Файз: Форумда чиқиш қилган қозоғистонликлар, озарбайжон, ўзбекистонликлар ҳаммалари бир маънода ё ўз дардларини дастурхон қилишмоқда ва ё ўз моделларини мақташмоқда... Ўртада уйғунлик сезилмаяпти?

Аҳад Андижоний: Бу ҳам яхши, чунки форумда қатнашаётганлар ўзаро фикр алмашишади, матбуотда улар ҳақида тушунча ҳосил бўлади. Масалан, Қозоғистон ва ё Ўзбекистоннинг қарашлари ёйинланади. Бу давлат раҳбарларининг қарашлари ҳақида гапиришса ҳам майли, чунки уларнинг қарашларини ҳам билиш керак. Бу ҳам бир огоҳликдир. Келишсин, тушунтиришсин, эҳтимол бир тарғиботчилик қилишар, бунинг аҳамияти йўқ, уларни “диктаторни тарғиб қилаяпти” деб кўкрагидан итармаслик керак, чунки бу ҳамкорлик илдизига болта уради.

Хайрулло Файз: Сизга маълумки, бугунги туркийтилли давлатлар сунъий равишда яратилгандир. Яъни, туркийтил жумҳуриятларда фақат қирғизу ўзбек, қозоғу туркман яшамайди, худди шундай қўшни давлатларда, масалан, Тожикистон ва ё Афғонистонда бўлгани каби...Агар бу туркийтил давлатлар иттифоқи юзага келадиган бўлса, унда минтақа жуғрофияси ўлароқ Тожикистон ва Афғонистоннинг ўрни қандай бўлади? Улар билан робита нималарга асосланади?

Image caption Турк дунёси форумининг энг таниқли меҳмони Ўлжас Сулаймонов

Аҳад Андижоний: Табиий, бирлик ва ё иттифоқ тузилар экан, у қаерда бўлмасин бошқаларни ва ёки четда қоладиганларни ташвишга солади. Туркийтил давлатлар иттифоқи ўртага келадиган бўлса, зотан мен буни бугунги ҳаёт ҳақиқатлари назаридан ҳали бери амалга ошади деб ўйламайман, аммо бу дейлик Тожикистон ва ё Афғонистон учун бир мушкулот ўлароқ кўриниши мумкин. Аммо ҳозирги дунёда бунга ўхшаш ҳолатлар кўп, масалан Юнонистонда, Булғористонда турк озчиликлари бор, Эронда озари-турк озчилиги бор, Ироқда ва Сурияда ҳам шундай... Айни ҳолат юз йиллар ва эҳтимолки минг йиллар давомида шакллангандир. Бу ҳолатни ислоҳ қилиб бўлмайди. 1930 йилларда дунё харитасига назар солсангиз, аксарият мамлакатларда демократия шаклланмаган эди. Фашистлар ва ирқчилар давлат тепасида эди. Бу ўзгарди ва сўнгги йилларга қарасангиз демократия тобора қулоч ёймоқда. Марказий Осиё давлатлари бу жараёндан четда қолиши мумкин эмас. Албатта, бир томонда Россия ва бошқа томонда Хитой бор. Лекин Россияда тузум демократлашгани билан бу ўз таъсир кучини қўшниларга ўтказа бошлайди. Зотан, Марказий Осиё жумҳуриятлари қаршисида бошқа чора йўқ...

Хайрулло Файз: Аммо биласиз, туркийтил давлатлар бирлиги ғоясига Ғарбда, қолаверса, минтақада ҳам “пантуркизм” деган тамға урилади. Яъни, қайсидир маънода, туркийтил халқлар бирлиги айни шу асосда иттифоқ қуришида шундай бир миллатчилик унсури бор, шундай эмасми? Ана шу танқидларга жавоб бериш осон бўлармикан?

Аҳад Андижоний: Тўғри, “пантуркизм” атамаси 19-аср охирлари ва 20-аср бошларида ўртага келди. Бу атама билан Ғарб Усмонли империясига қарши курашиб ҳам кўрди. Аммо, на Туркия ва на бошқа туркийтил жумҳурриятлар буни амалга оширди ё ҳаракат қилди. “Пантуркизм” дер экансиз, бир мамлакатни босиб олиш эмас, балки ҳамкорлик ҳақида гапирсангиз, бунинг нимаси ёмон? Нима учун, бошқа давлатлар тил ўлароқ ҳамкорлик қилсалар бунга қаршилик йўқ? Бунақа айбловларга бугун қулоқ бериб ўтириш керак эмас. Замон ўзгарди.