Афғон деҳқонлари яна кўкнори экишга қайтишмоқда

2006 йилда Ҳелманд вилоятида хавфсизлик Британия кучлари назорати остига ўтганидан бери афюн етиштириш уч карра ошган.

БМТга кўра, бу йилги ҳосил ундан ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

Афюн героиннинг хомашёси саналади.

Буюк Британия ва Оврўпо кўчаларигача кириб келадиган бу ноқонуний заҳри қотил Афғонистонда ишланади ва ё бу мамлакатда ҳосил бўлган хомашёдан ясалади.

Ҳелманддаги бошқа деҳқонлар каби Ҳамидуллоҳ ўтган йили пахта экди.

Америка ва Британиядан келган қишлоқ хўжалиги мутахасиси уларга “ҳайбаракалла”чилик қилиб туришди.

Аммо пахтасини сотишга бозор топмаган деҳқон бу йил яна кўкнори экди.

"Пахтанинг нархи арзон, унга сарфлаган меҳнат ва ўғитни қопламайди”, дейди Ҳамидуллоҳ.

У оиласини боқиш учун пахтасини арзон-гаровга сотиб юборишга мажбур бўлди.

Кўкноридан тушадиган фойда эса ўн карра кўпроқ бўлишини ҳисоб-китоб қилди.

Пахта “оқ олтин” бўлмади...

Image caption "Пахта билан косам оқармайди", дейди деҳқон Ҳамидуллоҳ

Хориждан келган қишлоқ хўжалиги мутахасислари бир неча йилдан бери афғон деҳқонларини кўкнорига муқобил экин-тикин етиштиришга чорлаб, турфа дастурлар тақдим этиб келишади.

Бу дастурларнинг аксарияти муваффақиятсизликка учради.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчилик ташкилотининг тахминига кўра, бу йил кўкнори етиштириш яна ортади.

Бунга қисман қишлоқ хўжалигига ёрдам озайгани сабабдир.

Бошқа бир муҳим омил хавфсизлик вазиятининг “хавотирли” даражада ёмонлашиб бораётгани деб кўрсатилади.

Халқаро иттифоқчи кучлар ўз қўшинлари сонини озайтириши ҳам кўкнори ҳосилини “суғоради”.

Бу турфа халқаро лойиҳалар муваффақиятсизликка учраётганидан дарак беради.

Дунёда ишлаб чиқариладиган аксарият героиннинг хомашёси Афғонистон етиштирилади.

2001 йилда Британия Бош вазири Тони Блейр (собиқ) гиёҳванд моддалар савдосини Толиблар режимининг қон томирларидан бири дея тасвирлаган ва “ биз бу савдони вайрон қилишимиз керак” , деб айтганди.

Буюк Британия гиёҳванд моддаларга қарши курашда яловбардорлик қилган ва 2006 йили Ҳелманд вилоятида хавфсизлик назоратини ўз маъсулиятига олган эди.

Минтақа мамлакатда кўкнори етиштириш бўйича энг илғори эди.

БМТ ҳисоботининг тахминига кўра, бу йил Ҳелманддаги 75000 гектар ерга кўкнори экилган.

Бангилар

Image caption Кўкнори гуллади...

Ҳелманднинг янги ҳокими Муҳаммад Наим кўкноризорларни йўқ қилиш учун кенг бир дастурни тақдим қилди.

Бу дастур ишловчилари полиция ҳимояси остида далаларга бориб, кўкнори ҳосилини вайрон қилишлари керак.

Аммо мен декабр ойида Ҳелмандга борганимда аксарият бу лойиҳага қарши норозилик изҳор қилди.

Бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун бозор касод бўлган бир вақтда айни чора-тадбирлар деҳқонларни қашшоқлик гирдобига отади.

Ана ундан кейин чорасиз қолган деҳқонлар Толиблар тарафига ўтиб кетиши мумкин.

БМТнинг ҳисоб-китобларга қаралса, бу йил Афғонистонда афюн этиштиришнинг ярми Ҳелманд ҳиссасига тўғри келади.

Аммо яқингача кўкноризордан холи бўлган Тахор ва Нангарҳарда ҳам афюн етиштирилмоқда.

Афғонистонда етиштирилган афюн фақатгина Покистону Эрон орқали ташқи дунёга чиқарилмайди.

Мамлакатнинг ўзида ҳам бир миллионга яқин бангилар борлиги тахмин қилинади.

Бангилар Кобулнинг йирик масжиди ортида, футбол стадионига яқин жойда очиқ шаклда афюн истеъмол қилишади.

Ҳозир 22 ёшда бўлган Ҳашмат 12 ёшлигидан бери афюн чекишини айтади.

Фазилнинг эса уч нафар фарзанди бор.

Image caption Ҳелманд вилояти 2006 йилдан бери Британия кучлари назорати остида эди

У Кобулга шу одатини ташлаш учун келгани, аммо уддасидан чиқолмаганини айтади.

Гиёҳванд моддаларга қарши курашувчи мулозимга кўра, бир неча бангилар қўлга олинганини айтади.

Аммо унинг айтишича, аксариятни ҳисбга олишнинг имкони йўқ, чунки уларни тепадагилар қўриқлайди ва у ўз ишини йўқотишдан хавотирда...

Британия Ташқи ишлар вазирлиги мулозимига кўра, “ БМТнинг бу йил кўкнори ҳосили ортиши ҳақида ҳисоботи албатта ҳафсалани пир қиладиган омил, аммо афюн нархининг кўкка ўрлаётгани ҳисобга олинса бу кутилмаган ҳол деб бўлмайди”.

"Афғонистонда гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошланганига кўп бўлгани йўқ. Бошқа давлатлар тажрибасига эътибор берсак, бу кураш мураккаб ва бир неча ўн йиллаб давом этиши мумкин. Бир йилда натижага эришиш мушкул”, дейди Британия мулозими.

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Буюк Британия бундан кейин ҳам Афғон ҳукуматининг афюн етиштиришни назорат этишга қаратилган ҳаракатларини дастаклашни давом этади.