'Тожик поездлари наркотик ташийди'

Image caption Россиялик айрим расмийлар тозалик, хавфсизлик ва наркотиклар боис Тожикистон билан темир йўл алоқаларини тўхтатиш керак, деб чиқишмоқда

Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини чеклаш тарафдорлари янгича баёнотлар билан чиқишмоқда.

Россия Чегара Хизмати раҳбари муовини Владимир Мочалов бу сафар Тожикистондан келадиган наркотикларга эътибор қаратди.

"Душанбе-Москва поезди Россияга мунтазам тарзда бангивор модда ташиш учун ишлатилади" - деди жаноб Мочалов.

Олдинроқ Россиянинг бошқа мулозимлари Тожикистон поездлари тозалик ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги боис уларни киритмаслик таклифи билан чиқишганди.

Айримлар Тожикистон билан темир йўл алоқаларини бутунлай узиш таклифини ўртага суришган.

Бу баёнотлар Россияга энг кўп меҳнат муҳожири экспорт қилаётган уч мамлакат - Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга нисбатан виза тизими жорий этиш керак, деган ҳаракатлар манзарасида ўртага чиқмоқда.

Бош вазир муовини Дмитрий Рогозин олдинроқ МДҲ давлатлари фуқаролари учун виза тизими жорий этилиши эҳтимоли ҳақида гапираркан, уларнинг ташқи паспортлар билангина Россияга киритилишига ишора қилганди.

Ҳозир мавжуд келишувлар асосида Тожикистон фуқаролари ички паспорт билан бемалол Россияга келишлари мумкин.

Хорижда қўлланиладиган алоҳида ташқи паспорт жорий этилмаган Ўзбекистон фуқаролари ҳам Россияга бориб ишлаш ва ё яшаш учун ОВИР ёки четга чиқиш визаси олишлари шарт эмас.

Марказий Осиё, айниқса, Тожикистон фуқаролари фақат хорижда қўлланиладиган ташқи паспортлари билан киритилсалар "Россияда наркотиклар ва террор тарқалишини жиловлаш мумкин" деган фикрлар айтилмоқда.

'Ўзлари ялинишади ҳали...'

Жаноб Рогозин эса ҳатто Душанбедан келган поездни кўздан кечириб тушгач, "бунақа поездлар Россия аҳолиси саломатлигига хавф туғдиради" деб айтганди.

Россиялик мулозимларга кўра, Тожикистон поездларида овқат сақлайдиган совутгич ва музлатгичлар ишламайди, одамлар вагон-ресторанда ухлашади.

Image caption Миллионлаб тожик, қирғиз ва ўзбек учун бугун оила боқишнинг ягона умиди - Россия

Аммо Тожикистон вакиллари бу даъволарни рад этишган ва барча поездлардаги вагон-ресторанларда совутгичлар борлигини айтишган.

Олдинроқ Марказий Осиёдан келаётган қуруқ мевалар ҳам касаллик тарқатади, дея тақиқ қўйишга ҳаракатлар бўлганди.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия ҳукумати аксилмуҳожир кайфиятидаги аҳолиси ва миллатчилик кучайган Россия жамиятини тинчлантириш учун хўжакўрсинга ўзини шу каби амалларга қўл ургандек кўрсатади, аслида эса аҳолиси камаётган, аммо иқтисоди ўсаётган Россия учун юз минглаб ишчи кучи керак.

Шу қаторда, Оврўпо Иттифоқи билан визасиз борди-келди ўрнатишга интилаётган Россия қашшоқ Марказий Осиёдан келаётган қора ишчи кучи ва малакасиз муҳожирлар оқимини жиловлай олишини кўрсатиши зарурлигини айтаётганлар ҳам бор.

Баъзи кузатувчиларнинг ўйлашича, бу каби баёнот ва пўписалар билан Кремль Марказий Осиё давлатларини ўз таъсири остида ушлаб туришни мақсад қилади.

Ҳозир Россияда 10 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири бўлса, уларнинг ҳар иккинчиси ўзбек дейилади. Тожиклар эса бир миллиондан ошиқроқ.

"Майли бизни чиқариб юборишсин, виза киритишсин, кейин кўрамиз қурилиш, хизмат кўрсатиш, тозаликни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида ким ишларкан?" - дейди ўзбекистонлик суҳбатдошим бамайлихотир -"Қофқозликлар бозорларда енгил ишларни қилишади, кора ишларда ишлашни эса русларнинг ўзлари исташмайди, шу боис ўзбек ё тожик қолмаса, ўзлари яна бизни ялиниб чақириб олишади керак бўлса".

Бу мавзуда батафсилроқ