‘Cеконд-ҳэнд’ни таржима қиласиз, бўлмаса жаримага тортиласиз’

Image caption Масъулларга кўра, барча номлар давлат тили ва халқнинг миллий ўзига хосликларига мувофиқ бўлиши шарт

Тожикистонда шу йил бошидан буён давлат тили ва халқнинг миллий ўзига хосликларини назарда тутмаган номдаги турли кўнгилочар иншоотлар, дўконлар ва дорихона эгаларига қарши ўнлаб ишлар маҳкамага оширилган.

Маълум бўлишича, уларнинг ишлари Тожикистон Маъмурий Кодекси асосида кўриб чиқилади ва қонунбузарлар жаримага тортилишади.

Душанбедан мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, биргина Ёвон шаҳрининг ўзида 15 га яқин маъмурий иш маҳкамага оширилган. Давлат тилига оид қонунни бузганларга жарима солинган.

Аммо, тожикистонлик масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, агар шундан кейин ҳам дўконлари ёки ресторанлари номини ўзгартиришмаса, тўлайдиган жарималари миқдори ҳам ортади. Қонунни такроран бузганларининг эса, бизнеслари буткул ёпиб қўйилади.

Буларнинг барчаси Тожикистонда бир неча ойдан буён давом этаётган ва “Тилдаги нуқсонлар”га барҳам беришга қаратилган миллий кампания доирасида амалга оширилмоқда.

Унга мувофиқ, тожикистонлик масъуллар мамлакат шаҳару туманларида хорижий тилларда ёзилган реклама тахталарини олиб ташлашмоқда.

Дўконлар, гўзаллик салонлари ва ҳашаматли ресторанлар номларини зудлик билан тожикчасига ўгиришни талаб этишаётир.

Масъулларга кўра, барча номлар давлат тили ва халқнинг миллий ўзига хосликларига мувофиқ бўлиши шарт.

Тожикистонда бундан бир неча йил бурун қабул қилинган қонунга мувофиқ, тожик тили ягона давлат тили саналади ва барча ишу ёзишмаларнинг давлат тилида олиб борилиши тақозо этилади.

Биз сўнгги ўзгаришларга тожикистонлик зиёлийларнинг муносабатларини билиш учун Абдурасул Мамадалиевни суҳбатга тортдик:

Соф тожикчасига, аммо...

Image caption "Секонд ҳенд"....Тожикчага тўғридан-тўғри таржима қилсангиз, "Дасти дуюм", яъни "Иккинчи қўл" бўлади

Тожикистонлик масъуллар бундай талаб билан ўтган йил охирида чиқишганди.

Янгилик дунёга донғи кетган брендларга тааллуқли бўлмайди.

Аммо, Тожикистондаги мухбиримиз Анора Саркорованинг хабар беришича, улар рекламаларининг ҳам давлат тилида бўлиши тақозо этилади.

Масъулларга кўра, хорижий атамалардан буткул воз кечиш талаб этилаётгани йўқ.

Уларнинг айтишларича, фақат катта ҳарфлар билан ёзилаётган ном тожикча бўлса бас. Остида майда ҳарфлар билан чет тилдагисини ҳам ёзиб қўйиш мумкин.

Бироқ русча ва бошқа хорижий тиллардаги атамаларнинг таржимаси билан шуғулланаётган махсус ҳайъатларнинг ўзлари ҳам озмунча бошоғриқ билан тўқнаш келишмаётган экан.

Дейлик, биргина "мебель" сўзини олинг. Унинг тожикчада муқобили йўқ. "Жиҳоз барои хона", яъни "Уй жиҳозлари", деб таржима этишингизга тўғри келади.

Ёки "Секонд ҳенд"....Тожикчага тўғридан-тўғри таржима қилсангиз, "Дасти дуюм", яъни "Иккинчи қўл" бўлади.

"Бистро"-чи? Уни ҳозир "Тезпаз", деб таржима қилишга ўтишган. Аммо тўқима сўз эмасми, унча-мунча одам маънисини бирдан илғай олмаслиги тайин.

Тавсиядан талабга

Image caption Маҳаллий таҳлилчиларнинг айтишларича, хусусий иншоотлар соҳибларини давлат тилининг мақомидан кўра, бозордаги вазият кўпроқ қизиқтиради

Масъуллар фармойишлари аввалига тавсиявий тусда эканини айтишганди.

Аммо, мухбиримиз Анора Саркорованинг айтишича, кўрилаётган маъмурий ишлар, маҳкама қарорлари ва жарималар амалдорларнинг тил софлиги учун курашга жиддий бел боғлаганликларини кўрсатади.

Дейлик, қаҳвахонасини ўз исми билан атагани учун қонунни бузгани айтилган душанбелик йигит онасининг сўзларига қаралса, ўғли маҳкама орқали 124 АҚШ долларига тенг миқдорда жарима тўлаган.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг айтишларича, хусусий иншоотлар соҳибларини давлат тилининг мақомидан кўра, бозордаги вазият кўпроқ қизиқтиради.

Чунки уларга тегишли ширкату дўконларнинг айримлари бир неча ўн йилдан буён фаолиятда ва Тожикистондан ташқарида ҳам ҳозирги номларида танилиб улгуришган.

Лекин, шунда ҳам, уларнинг шаҳар ҳокимияти қарори юзасидан маҳкамага мурожаат этиш эҳтимоллари ҳақиқатдан анча йироқ.

Аммо ишбилармонлар орасида масъуллар томонидан қонунбузарларга қарши бирдек муносабатда бўлинмаётганига оид шикоятлар ҳам йўқ эмас.

Сўнгги йилларда Тожикистонда кўча, майдон ва туманларнинг номларини ўзгартириш кенг тус олган.

Шўро давридаги партия раҳбарлари, таниқли инқилобчилар, ёзувчи ва шоирларнинг номлари олиб ташланиб, уларга Тожикистонда машҳур тарихий шахслар ва жамоат арбобларининг исмлари берилмоқда.

Масъуллар эса, барчанинг аста-секинлик билан сўнгги ўзгаришларга кўникиб кетишларига умид қилишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ