"Мардикорлар қозоқ иқтисодига 1 миллиард доллар фойда келтиради"

Image caption Мустақил иқтисодчиларга кўра, мардикорлар келтираётган фойда расмий рақамлардан ўн баравар йирикроқ

БМТ ҳисоботига кўра, меҳнат муҳожирлари бир йилда Қозоғистон иқтисодига 1 миллиарддан кўпроқ фойда келтиради. Ҳисоботда айтилишича, Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ишлаб топган пулларнинг ҳаммасини ватанига юборган тақдирда ҳам, ишлаб турган жойида ҳаражат қилиш орқали мезбон давлат иқтисодига 1 миллиарддан кўпроқ фойда келтиради.

Мустақил кузатувчилар эса ишчиларнинг Қозоғистон бюджетига келтираётган даромади аслида ўн баравар ошиқ бўлиши мумкинлигини айтишади.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси учун ижтимоий ва иқтисодий комиссияси тадқиқотларида мигрантларнинг Қозоғистон иқтисодига келтираётган соф фойдаси камида 1,1 миллиард доллар эканлиги айтилган.

Бу Қозоғистон Ички ялпи маҳсулотинининг 0,57 фоизини ташкил қилади.

Бу ҳақда Қозоғистондаги КазТаг ахборот агентлиги хабар берган. Агентликнинг ҳисоботга иқтибосан ёзишича, меҳнат муҳожирлари топган-тутганини қолдирмай ўз ватанларига юборган тақдирда ҳам, бир қисм пулларини ишлаётган юртида озиқ овқат, яшаш жойи, тиббиёт хизмати, кўнгилхушлик ва хизматлардан фойдаланишга сарфлашади.

"Натижада умумий талаб ортади, бу ИЯМ даражасининг кўтарилишига олиб келади", - дейилади ҳужжатда.

Аммо, "Машварат-Маслаҳат" консалтинг фирмаси асосчиси, иқтисодчи анвар Ҳусаинов ҳисоботда ишчиларнинг меҳнати орқали қолаётган фойда ҳисобланмаган дейди.

"Мигрантларнинг Қозоғистон иқтисодиётига келтираётган фойдалари ҳақида камтарона гапирилади. Кўп ҳолларда, онгли равишда уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги муҳим ўрни, келтираётган даромадлари камситилади, яширилади. Бу ҳақдаги статистиканинг жуда кўп хатоларини аниқлаш мумкин", - дейди жаноб Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра, меҳнат муҳожирлари томонидан Қозоғистон бжджетига 10-15 фоиз фойда келаётган бўлиши мумкин.

Қозоғистонда амалга оширилаётган қурилиш ва нефть соҳасидаги мутахассисларнинг асосий қисмини четдан келган меҳнат муҳожирлари ташкил қилади.

"Келаётган фойдани агар 10-15 фоиз деб оладиган бўлсак, мигрантларнинг меҳнати орқали 10-12 миллиард доллар атрофида қўшимча қиймат ҳосил бўлади. Чунки нефть, газ соҳасида Атирау, Павлодар ва бошқа жойда техниклар, ўрта техник касбларининг эгалари, инженер, менэжерлар орасида мигрантлар етакчи ўринларни тутишади", - дейди иқтисодчи.

Қозоғистонда фаолият юритаётган мигрантларнинг асосий қисми ноқонуний равишда ишлашга мажбур.

Қозоғистон фуқароларига уй юмушлари учун беш нафаргача меҳнат муҳожирларини ёллаш ҳақида қонун парламент ва сенат томонидан тасдиқланган бўлса-да, президент томонидан имзо чекилмагани учун ҳали кучга киргани йўқ.

Бундан ташқари, юридик шахсларга муҳожирларни ишга ёллаш учун бир йиллик квота 100 минг киши этиб белгиланган. Таҳминий ҳисоб-китобларга кўра, қонун кучга кириши билан таҳминан 200 мингдан ортиқ меҳнат муҳожирининг ишлаши қонунийлаштирилади.

Ишлаш учун келадиган мигрантларнинг сони эса бир йилда 1 миллион атрофида экани айтилади.

Иқтисодчи Ҳусаинов Қозоғистон иқтисоди меҳнат муҳожирларининг кучи эвазига янада гуркираб ривожланиши мумкинлигини таъкидлайди.

Бунинг учун мигрантларнинг фаолияти қонунийлаштирилиши ва улардан солиқ олиниши йўлга қўйилиши лозим. Ҳамда хорижликларга кичик ва ўрта бизнесни юритиш учун рухсат берилиши керак.

"Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик соҳасини кўтариш, чексиз ерларини ўзлаштириб ўша ерларда масалан, озиқ овқат маҳсулотлари етқазишни йўлга қўйиш керак. Бу ишларни амалга оширишга қозоқ халқининг жисмонан сони етишмайди. Демак, келаётган меҳнат муҳожирларини фақат қора меҳнатчи қилиб қўймаслик керак", - дейди жаноб Ҳусаинов.

Қозоғистон Россиядан сўнг Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун иккинчи энг йирик меҳнат бозори ҳисобланади.

Сиз Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожиримисиз? Ўз тажрибангиз билан ўртоқлашинг.