Роберт Блейк: Марказий Осиё мамлакатлари 'Араб баҳори' сабоқларини ёдда тутмоқлари лозим

Image caption АҚШ Давлат котиби ўринбосари Роберт Блейк Twitter конференция уюштирди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк "Америка овози" Рус хизмати билан Twitter орқали саволларга жавоб қайтараркан, АҚШнинг Марказий Осиёдаги сиёсатини ҳимоя қилган.

18 апрел куни #AskBlake хэштеги билан Twitterda АҚШ Давлат котиби ўринбосарига савол юбориш имкони бўлди.

Америка ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари ўринбосари мамлакатининг Марказий Осиёга бағишланган "Янги Ипак Йўли" сиёсати билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарган.

"Америка овози" Рус хизмати хабар қилишича, Twitter фойдаланувчиси Бехзод Мамадиев (@mamadiev) "Янги Ипак Йўли" аниқ амаллардан кўра қуруқ ваъдаларга ўхшайди, деб ёзган.

Бунга жавобан жаноб Блейк, "булар қуруқ ваъдалар эмас", деб ёзган.

"Мамлакатлар минтақавий интеграцияга ёрдам берадиган йўллар, темир йўллар ва электр узатиш тизимларини қуришаяпти", деб ёзган Давлат котиби ўринбосари.

Twitter фойдаланувчиси @mukabiri11 Америка Қўшма Штатларини икки хил стандартларда айблаган ва нега Вашингтон "Марказий Осиёдаги коррупцияга ботган ва диктаторлик режимларини қўллаб-қувватлаяпти", деб сўраган.

"Икки хил стандартлар йўқ. Биз Марказий Осиёда демократияни дастаклаймиз ва Марказий Осиё ҳукуматларини очиқ жамиятга интилишга ва коррупцияга қарши курашишга чақирамиз", дея жавоб берган Роберт Блейк.

Жаноб Блейк бундан олдин ҳам Яқин Шарқдаги ҳодисалардан хулоса чиқариб, Марказий Осиё ҳукуматларини ислоҳотларни тезлаштиришга чақирган эди.

"Марказий Осиё мамлакатлари "Араб баҳори" сабоқларини ёддам тутмоқлари лозим", деб ёзган АҚШ Давлат котиби ўринбосари ҳукуматларнинг шаффофлигини таъминлаш муҳимлигини урғулаган.

Ҳукумат очиқлиги муҳимлигини ўтган ҳафта Ўзбекистонда бўлган АҚШ Давлат котибининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Майк Ҳаммер ҳам таъкидлаган эди.

Америкалик юқори мансабли меҳмон ташрифи муносабати билан Тошкентда ташкил этилган анжуман "Давлат ҳокимияти органларининг очиқлиги - жамоат назоратини таъминлашнинг муҳим шарти" деб номланган.

Жаноб Ҳаммер Америка Қўшма Штатлари мустақил журналистларни қўллаб-қуватлайди, деб айтган.

"Биз уларни тўртинчи ҳокимият деб кўрамиз, уларнинг хабарларига таянамиз", деб айтган жаноб Ҳаммер.

Бу мавзуда батафсилроқ