Қирғизистон: 'Қумтор' можаросидан ким қандай фойдаланаяпти?

24 апрел куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда 1000 тача киши "Қумтор" олтин кони бўйича Қирғизистон Канада ширкати билан имзолаган шартномани бекор қилиш талаби билан норозилик намойиши уюштирганлар.

Ташкилотчиларга кўра, Қирғизистоннинг энг даромадли олтин конидан мамлакат етарли фойда кўрмаяпти.

Қумтор можароси Қирғизистонда Бакиев ҳукумати ағдарилган пайтдан буён давом этиб келади, Қирғиз расмийлари бу битим халқ манфаатига тўғри келмаслигини айтиб текшириш бошлаганлар.

Бишкекда эрталабдан қаттиқ ёмғир ёғди, мухбирларга кўра, бу митингга одамларни бутун минтақалардан йиғиб келишган.

Қирғизистондаги таниқли сиёсатчи, собиқ муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров етакчилик қилган тадбирга, мухбирларга кўра, 1000 тача одам йиғилган, мухолифатдаги бир неча партия вакиллари келишган.

Митинг ташкилотчилари бутун Қирғизистондан Бишкек марказига 11 минг-15 минг одамни олиб чиқишларини айтганлар.

Бишкек марказида йиғилганлар "Қумтор" халқники, халқ бойлиги халққа тегишли бўлиши керак" деган талаблар билан чиқишган.

"Қумтор" кони бўйича шартнома адолатсиз, деб чиқаётганларга кўра, Қирғизистон ҳукумати бу ширкат акциясининг 33 фоизлик пакетига эга, қолган даромаднинг ҳаммаси чет элликларга кетаяпти.

Ҳозир Қирғизистонда Канаданинг "Centerra Gold" ширкати билан 2009 йилда имзоланган битим тоза бўлмаган, шунинг учун бу шартномани қайта кўриб чиқиш керак, деган чақириқлар янграмоқда.

Бундай чақириқ тарафдорлари "Қумтор" конида олтин қазиб олишдан тушадиган кўпроқ фойда Қирғизистонда қолиши керак, деб чиқмоқдалар.

Қирғизистоннинг икки давлат идораси "Centerra Gold" ширкатини экологияга зарар етказишда айблаб 150 миллион доллардан ортиқ жарима тўлашини талаб қилиб чиқмоқда.

Ҳозир Қирғизистон парламенти талаби билан Бош прокуратура ширкат фаолиятини текширишни бошлаган.

Вазият тўла ўрганиб чиқилганидан кейин бир қарорга келинади, деб кутилаяпти.

""Centerra Gold" раҳбарияти ҳеч қандай жарима тўламоқчи эмаслиги, ўзларининг ҳамма ҳужжатлари ва олиб бораётган фаолияти Қирғизистон қонунлари доирасида эканини урғулаб келади.

Ширкат ўтган 2012 йили молиявий нуқтаи назардан даромадли йил бўлмаганини, 9,8 тоннага яқин олтин қайта ишлашга эришганини айтади.

"Қумтор" Қирғиз Ялпи Ички маҳсулотига энг кўп тушум даромад олиб келадиган ширкат ҳисобланади.

Ширкатдан мамлакат иқтисодига ҳар йили 1 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағ тушади.

Бугун "Қумтор" битими халқ манфаатини кўзламаганини айтиб, намойишчилар билан ҳамфикр эканини айтган Қирғизистон парламентидаги коалицион кўпчилик раҳбари Феликс Кулов, ҳамма иш қонун доирасида бўлиши лозим, деб урғулаган.

У "Қумтор" бўйича бошланган текширишлар ва музокараларнинг натижасини кутишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ