Қозоғистон ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари ҳибсга олинган

Image caption Қозоғистон Мудофаа вазирлиги генерал-майор Аскар Булдешев ҳибсга олинганини тасдиқлаган.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво мудофааси кучлари қўмондонининг ўринбосари генерал-майор Аскар Булдешев ҳибсга олинганини тасдиқлаган.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Остона шаҳридаги брифингда Қозоғистон Ҳаво мудофааси қўшинлари қўмондони Александр Сорокин ўзининг муовини Қозоғистон махсус хизматлари томонидан қўлга олинганини тасдиқлади.

Брифингда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги матбуот котибаси Сауле Смаилова айтишича, генерал-майор Булдешевнинг нима сабабдан қўлга олингани сабаби вазирликка маълум эмас.

Аскар Булдешев қўмондонликда қурол-яроғ сотиб олиш ва уларни янгилаш учун масъул бўлгани хабар қилинмоқда.

Унинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар 24 апрел куни тунда тарқалган.

Қозоғистондаги КТК телеканали тарқатган хабарга кўра, жаноб Булдешевни ҳарбий техникани таъмирлаш билан боғлиқ фирибгарликларда гумон қилишмоқда.

КТКга кўра, хусусан гап Украинада Ан-27 учоқларини таъмирлаш ҳақида ҳам кетмоқда.

Телеканалга кўра, Қозоғистондаги учоқлар аҳволини текшириш ўтган йили декабрида Чимкент шаҳри яқинида Ан-27 ҳарбий учоғи ҳалокатга учраганидан кейин бошланган.

Ҳалокат оқибатида учоқ бортида бўлган 27 инсон ҳалок бўлган эди.

Учоқда Қозоғистон Чегара хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи Турганбек Стамбеков ҳам бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ