Бостон ҳужумчиларининг қозоғистонлик дўстлари ҳамон ҳибсда қолмоқда

Image caption Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда ҳибсда олинган талабаларга ҳар томонлама ёрдам берилаётганини айтади

Бостон портлашларидан сўнг ҳибсга олинган икки нафар қозоғистонлик талаба ҳануз қўйиб юборилгани йўқ.

Бостондаги коллежда таҳсил олган талабаларнинг портлашларни содир этишда гумон қилинаётган ака-ука Царнаевлар билан яқин алоқада бўлгани айтилади.

Бироқ Қозоғистон расмийлари ушбу талабаларнинг портлашларга алоқаси йўқлиги ва улар Америка виза тартибларини бузгани учун ушлаб турилганини билдирган.

Азамат Тажаяков ва Диас Кадирбеков портлашлардан бир неча кун ўтиб 20 апрел куни ўз квартираларида қўлга олинганлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги келтирган баёнотда талабалардан АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Царнаевлар билан нақадар яқин алоқада бўлганини суриштирган.

Суриштиришлар давомида қозоқ талабаларнинг мавжуд виза тартибини бузганлиги аниқланган ва ҳодисага ойдинлик киритилгунга қадар уларни ҳибсда сақлаш қарори олинган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидаги вакил Жанбўлат Усеновнинг Би-би-сига айтишича, мамлакат консуллиги ушбу талабалар билан яқин алоқани сақлаб турибди.

"Консулимиз улар билан доимий алоқада. Уларга адвокат ёллашда ёрдам бердик. Консуллик томонидан ҳар қандай ёрдам керак бўладиган бўлсак, барчасини фуқароларимиз олади, бу ҳолатда ҳам шундай бўлаяпти", - дейди Жанбўлат Усенов

Қозоғистонлик талабаларнинг адвокати Роберт Шатл телефон орқали суҳбатда Associated Press журналистига талабаларнинг Бостондаги портлашларга алоқаси йўқлигини айтган.

Бундан ташқари қозоғистонлик талабалар умумий дўсти бўлмиш Жоҳар Царнаевда зўровонлик ва терроризмга мойилллик кўрмаганини билдирганлар.

Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг ҳимоясидагилар тергов билан яқин ҳамкорлик қилаяпти ва Бостон портлашлари бўйича гумондор эмас.

Бироқ улар талабалик визаси тартибини бузганликда айбланмоқда.

АҚШ муҳожирлик полицияси эса қозоқ талабаларини ҳибсда ушланиб туриши борасида бирор изоҳ бермаган.

Associated Press қозоқ талабалари ўқиган коллеж директорига иқтибосан келтиришича, Диас Қадирбаев талабалар сафида бошқа йўқ, Азамат Таджаяков эса келгуси курсга ўтган.

Ижтимоий тармоқларда бу икки талабанинг Жоҳар Царнаев билан бирга тушган суратларини кўриш мумкин.

Бир расмда БМВ русумли машина олдига "биринчи рақамли террорист" деган ёзув акс эттирилган.

Маълум бўлишича, машина Қадирбаев номига тиркалган.

Адвокатга кўра, ушбу ёзув ҳеч қандай сиёсий кайфиятни билдирмайди, балки бемаврид пайдо бўлган шунчаки аҳмақона ҳазилдир.

Бундан ташқари Американинг Эй-би-си телеканали полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, ака-ука Царнаевлар портлашлардан сўнг, қозоқ талабаларнинг квартирасига келган ва уларнинг ўртасида телефон орқали алоқа бўлганини таъкидлаган.

Бироқ мустақил манбалардан ушбу тахминларни тасдиқлангани йўқ.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди.

Бу мавзуда батафсилроқ