Қирғизистон: 'Таблиғи Жамоат' атрофида баҳс қизимоқда

Қирғизистон Мусулмонлар Кенгаши аъзолари "Таблиғи Жамоат" ташкилотини террорчиларга тенглаштирган сиёсатчиларни қоралаб чиққанлар.

Кенгаш аъзолари пойтахт Бишкекда матбуот анжумани уюштирганлар ва Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссияси раҳбари ва парламент депутатини "Таблиғи Жамоат"ни террорчи, экстремист ва радикалга қиёслаганлари учун танқид қилганлар.

Бундан олдин "Таблиғи Жамоат" ташкилоти аъзолари экстремистик ғояларни тарқатаяптилар ва ОДКБ ташкилоти 2010 йилда "Таблиғи Жамоат"ни экстремист ташкилотлар рўйхатига киритгани учун Қирғизистонда ҳам уни тақиқлаш таклифи илгари сурилган эди.

Мусулмонлар Кенгаши сиёсатчиларни ушбу масалани ҳал этишда эҳтиёткор бўлишга чақирган.

Қирғизистон матбуотига кўра, Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссияси "Таблиғи Жамоат"ни ҳимоя қилиб чиққан Мусулмонлар Кенгаши аъзоларини давлат идорасининг ишига аралашишда айблаган.

Давлат комиссиясига кўра, Қирғизистон қонунларига биноан мамлакатда даъват билан фақат Мусулмонлар Диний идорасининг шуғулланишига изн берилган.

Мамлакатда 2012 йил ёзида "Ислом дини" деб номланган китоб нашр этилгани ва уни нашр қилишга Қирғизистон Мусулмонлари диний идораси рухсат берганини айтган Дин ишлари комиссияси.

Ушбу китобда "Таблиғи Жамоат"га "ваҳҳобийлик оқимидан ажралиб чиққан секта", "янги динни барпо этишга уриниш" деб таъриф берилганини билдирган комиссия.

Қирғизистон Дин ишлари комиссияси Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилоти котибияти қарори билан "Таблиғи Жамоат" экстремист ташкилот деб эълон қилинганини эслатган, комиссия ҳам Мусулмонлар Кенгаши аъзоларини ўз баёнотларида эҳтиёт бўлишга чақирган.

"Таблиғи Жамоат" ташкилотига 1926 йилда Ҳиндистонда асос солинган.

Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиё мамлакатларида ҳам "Таблиғи Жамоат" аъзолари кўпайган.

Ўзбекистон ва Тожикистонда "Таблиғ"га аъзоликда айбланган инсонлар озодликдан маҳрум этилганлар.

Би-би-си қирғизистонлик имом Рашод қори Камолов билан "Таблиғи Жамоат" ташкилоти ва ғоялари ҳақида суҳбатлашди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ