Москва миллиардерларининг сони бўйича дунёда иккинчи, Ўзбекистон-чи?

WealthInsight таҳлилий маркази ўзининг сўнгги тадқиқотлари ортидан бу каби тўхтамга келган.

Аммо марказнинг янги рейтингида Москвадан бошқа бирор бир собиқ Шўро шаҳри йўқ.

Бу нимага далолат қилади?

WealthInsight таҳлилий марказининг маълумотларига таянилса, Москвада бойлиги 1 миллиард доллардан ошувчи 64 та миллиардер истиқомат қилади.

Рейтингда биринчи ўринни эгаллаган Нью-Йоркда эса, миллиардерларнинг сони 70 тани ташкил этаркан.

Таҳлилий марказнинг янги рейтингида юқори бешликка кирган шаҳарлар Лондон (54 та миллиардер), Гонгконг (40 та миллиардер) ва Пекин (29 та миллиардер) бўлишган.

WealthInsight Москвада яшовчи миллиардерларнинг кимлар экани тафсилотларини очиқламаган.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дунёнинг миллиардер шаҳарлари рўйхатига Россия пойтахтидан бошқа бирор бир собиқ Шўро давлатлари шаҳарлари киришолмаган.

Шу жумладан, юқори йигирмаликда бирорта ҳам Марказий Осиё шаҳри кўзга ташланмайди.

'Миллионерлар ҳам, миллиардерлар ҳам бор...'

Аммо, маҳаллий кузатувчиларга кўра, ўтган чорак аср давомида минтақа давлатларида ҳам ўнлаб миллионеру, оз сонда бўлса-да, миллиардерлар ҳам етишиб чиққан.

Улар миллиардеру миллионерлар сони бўйича Марказий Осиёда Қозоғистон биринчи, Ўзбекистон эса, иккинчи ўринда туришини тахмин этишади.

Агар, таҳлилчиларнинг, "Ўзбекистондаги асосий олигархлар давлат амалдорлари ёки уларнинг қўл остларидаги шахслар" эканига оид сўзларига таянилса, улардан аксарияти пойтахт Тошкентда истиқомат қилишади.

Яқинда Париждан таҳлилчи Камолиддин Раббимов Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида World Ultra Wealth таҳлилий марказининг ўтган йилги ҳисоботига асосланиб, Ўзбекистонда 80 га яқин миллионер бўлиши мумкинлигини тахмин этганди.

"Агар, ҳисоботга қаралса, улардан ҳар бирининг бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан ортади. Ўша 80 та одамнинг умумий ялпи бойлиги ҳажми эса, 12 миллиард доллардан ошаркан. Лекин улар қайси асосда, қандай ҳисоб-китоблар билан бундай рақамларни келтирганликларига қизиқиб, тополмагандим", деганди таҳлилчи.

Турли хорижий журнал ёки газеталар рейтингида дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатига кириб келаётган ўзбекистонликлар эса, бошқа мамлакатлар ишбилармони сифатида эътироф этилганлар.

Кўпчилик бу ҳолатни ўзбекистонлик бойларнинг ўз бойликлари миқдорини ошкор этмасликни истамасликлари билан изоҳлайди.

Мультимиллионер шаҳарлар рўйхатида-чи?

WealthInsightнинг ушбу рўйхатига бошқа собиқ Шўро давлатлари шаҳарлари уёқда турсин, ҳатто, Москва ҳам киролмаган.

Таҳлилий марказ бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан ортувчи инсонларни мультимиллионерлар сирасига киритади.

Ушбу рўйхатда 4.224 та мультимиллионери билан Лондон пешқадамлик қилган.

Иккинчи ва учинчи ўринларни эса, Токио(3.525) ва Сингапур(3.154) эгаллашган.

Юқори бешликка яна 2.929 та мультимиллонер яшовчи Нью-Йорк ва 945 та мультимиллионери билан Италия пойтахти Рим киришга муваффақ бўлишган.

Аммо, WealthInsight таҳлилий марказининг тахмин этишича, келаси уч йил ичида дунёнинг иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бораётган давлатларида миллионерлар сони 3.5 миллионга яқинлашиши мумкин.

Таҳлилий марказ, бунинг акси ўлароқ, Америка Қўшма Штатларида бойлар сони уч юз мингдан ортиқроққа камайиб кетишини башорат қилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ