Туркманистон: 'Озодлик' мухбири террор бўлимида сақланмоқда

Image caption Ровшен Язмуҳаммедов Туркманистондаги ўта кам сонли мустақил журналистлардан бири. (rferl.org сурати)

Туркманобод шаҳридан "Озодлик" радиоси туркман хизмати учун ишлаган 30 яшар Ровшен Язмуҳаммедов 6 май куни тушдан кейин уйдан чиқиб кетгунича қайтиб келмаган.

Икки кундан кейин милиция унинг онасига қўнғироқ қилиб, ўғлининг 6-бўлимда сақланаётгани ва Ровшеннинг паспортини келтиришни талаб қилишган.

Она ўғлини бориб кўргани ва "ташқи кўриниши ёмон эмаслини", аммо бошқа ҳеч нарса билмаслигини айтган.

Ровшен Язмуҳаммедовга қарши қандай айбловлар илгари сурилаётгани маълум эмас.

"Унинг террор ва уюшган жиноятчиликка қарши курашувчи 6-бўлимда сақланаётгани қанақа айбловлар олдинги сурилиши мумкинлиги борасида тасаввур беради" - дейди хорижда яшаётган туркман ёзувчиси ва мустақил журналист Ак Вельсапар.

"Туркманистонда истаган айбларини қўя олишади, исташса, наркотик ташлашади, исташса, қаттиқ қўрқитишади".

Хабарларга кўра, ҳозир унинг уйи олдида кузатув камералари ўрнатилаяпти.

"Ровшеннинг онаси билан бугун боғланиш имкони бўлмаяпти, унинг телефони ёки ўчириб қўйилган, ёки узиб ташланган" - дейди "Озодлик" радиоси Туркман хизмати раҳбари Муҳаммад Тоҳир.

"Озодлик" радиоси тинимсиз қўнғироқларга қарамай, ҳали бирон масъул ва расмий билан гаплаша олмаганини айтмоқда.

Лебапдан ягона мустақил овоз

Ўзбекистонга туташ Лебап (собиқ Чорджўй) вилоятида ишлаган Ровшен Язмуҳаммедов ижтимоий мавзуларни ёритиб келган.

"Унинг вилоятда кўплаб ёш аёллар ҳижобга киришаётгани ҳақидаги мақоласи интернетда катта баҳсларни қўзғаганди" - дейди Ак Вельсапар.

Image caption "Озодлик" радиоси учун ишлаган Ўғилсапар Мурадова туркман қамоқхонасидан тирик чиқмаганди

"Икки ой илгари қўй ва мол гўшти етишмай, қимматлаб кетгани боис одамлар чўчқа гўшти сотиб олишга мажбур бўлишаётгани ҳақидаги мақоласи ҳам қизғин баҳсларга етаклаганди".

Ровшен Язмуҳаммедовнинг ҳибсга олиниши борасида тафсилотларни ўрганиш учун Лебап ва Туркманободдаги милиция ҳамда бошқа расмий идораларга қилинган қўнғироқлар ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Туркманистонда бу мамлакатдаги ҳаёт ва сиёсат ҳақида танқидий мақола чоп этмайдиган айрим хорижий журналистлардан ташқари, ғарблик мустақил мухбирларнинг фаолиятига рухсат берилмайди.

Баъзида эса, от пойгаси ёки бошқа маданий тадбирларни ёритиш учунгина хорижий журналистларга вақтинчалик ишлашга изн берилади.

Туркманистон ўз мустақиллик йилларида журналистлар учун ишлаш энг қийин бўлган, интернет ва эркин сўз айтиш ҳуқуқи ўта чекланган дунёнинг энг ёпиқ икки-учта мамлакатидан бири саналади.

Бу ерда ўтган йиллар қатор мустақил журналистлар ва ҳатто улар билан ҳамкорлик қилганлар ҳам қамоққа ташланган.

Масалан, 2006 йили ҳибсга олинган "Озодлик" радиоси журналисти Ўғилсапар Мурадова қамоқда оламдан ўтганди. Яқинлари унинг бўйни ва бошида жароҳат излари бўлганини айтишган.

Четдаги туркман кузатувчиларига кўра, Ровшен Язмуҳаммедовни ҳибсга олган Туркманистон ҳукумати шу асно мамлакатдаги ўта кам сонли мустақил журналистларнинг ҳам овозини ўчиришмоқчи.

Бу мавзуда батафсилроқ