Максим Бакиев устидан Америкада очилган маҳкама иши тўхтатилди

Image caption Қирғизистон ҳукумати Максим Бакиев маҳкамасидан уни экстрадиция этилишини кутаётган эди.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг Британияда яшаб келаётган ўғли Максим Бакиев устидан АҚШда очилган маҳкама иши бекор қилинган.

Душанба куни Лондондаги суд 35 ёшли жаноб Бакиевни Америкага экстрадиция қилиш бўйича қарор қабул қилиши кутилганди, бироқ АҚШ унга қарши айбловни рад қилган ва бу дегани у энди АҚШга топширилмайди.

Расмий Қирғизистон мазкур қарордан норозилик изҳор қилган. Максим Бакиевни қирғиз маҳкамаси коррупция учун аллақачон сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Қирғизистонлик мухбиримиз Гулнора Қасмамбетовадан бу хабар тафсилотларини сўрадик.

Унинг айтишича, Америка томони Максим Бакиев АҚШдаги биржаларда молиявий қаллобликларни амалга оширишга уринган деган айблар билан унинг экстрадициясини талаб қилиб келаётганди. Бироқ Блумберг агентлигига кўра, бу айблар бекор қилинди ва АҚШ энди унинг Америкага топширилишини талаб қилмайди.

Америкадаги маҳкама бу ҳақида эълон қилди, лекин биронта изоҳ бергани йўқ. Лондондаги Вестминстер маҳкамаси ҳам бу фактни тасдиқлади, яъни иш тўхтатилишини айтди, бироқ у ҳам изоҳ бермади.

Қирғиз тарафи маҳкама бўлишини кутаётган эди ва табиийки ушбу хабар кутилмаган бўлган.

Қирғизлар Максим Бакиев Америкага топширилса, уни Америкадан Бишкекка топширилишига эришмоқчи эдилар. Чунки Британия ва Қирғизистон ўртасида гумондорлар ё жиноятчиларни топшириш борасида экстрадиция шартномаси йўқ, бироқ АҚШ ва Қирғизистон ўртасида шундай шартнома мавжуд.

Албатта, охирги қарордан Қирғиз сиёсатчилари жуда норози бўлишаяпти. Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдулдаев АҚШнинг Бишкекдаги элчисини чақириб олган ва ўз таассуфини изҳор қилган. Бироқ, элчилик ҳам нима учун Максим Бакиевга қарши айбловлар бекор қилинганини тушунтириб бермаяпти. Қирғиз расмийлари Максим Бакиевни кўплаб жиноятларда айблаганлар ва энди уни қўлга тушириш учун ва маҳкамага тортиш учун янгича ва қийинроқ йўлларни ўйлаб топишлари керак бўлади.

Демак, Америкадаги айбловлар бекор қилинган бўлса, жаноб Бакиев бемалол Британияда яшаб юраверади, дейиш мумкинми? Ёки унга қандайдир таҳдидлар бўладими?- деган савол туғилади.

-Қайсидир маънода, Максим Бакиевга ҳозир хавф йўқ дейиш мумкин. Балки қирғиз томони қаттиқроқ ҳаракат қилиб, Британия билан маълум дипломатик шартномаларни тузишга эриша олар ва унинг Бишкекка топширилишига Лондонни рози қилиши мумкиндир. Лекин ҳозирнинг ўзида Максим Бакиев Британияда тинчгина ухлайвериши мумкин, дейди қирғизистонлик ҳамкасбимиз Гулнора Қасмамбетова.

Бу мавзуда батафсилроқ