Тожик мухолифатчиси кўпхотинлиликда айбланмоқда

Зайд Саидов ўртада
Image caption Зайд Саидов яқинда "Янги Тожикистон" номли сиёсий партия ташкил этаётгани ҳақида эълон қилганди.

Тожикистонда "Янги Тожикистон" номли янги партия тузиш ташаббуси билан чиққан бизнесмен Зайд Саидовга қарши жиноий иш очилган.

Ҳозир Саидов жаноблари кўпхотинлилик ва солиқлардан бўйин товлашда айбланмоқда.

Текширувларда асосий эътибор жаноб Саидов қўли остидаги "Точ-Сохтмон Байналмиллал" ширкатига қаратилган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбарининг матбуотга айтишича, Зайд Саидовга тегишли бизнес идоралари фаолияти текширилганда "қалбакилаштирилган рақамлар"га дуч келинган.

Ширкат раҳбарияти рақамларни сохталаштириш ва солиқлардан бўйин товлашда айбланади.

Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш агентлигининг билдиришича, "Точ-Сохтмон Байналмиллал" пойтахтдаги Душанбе Плаза қурилиши пайти 2 миллион сомоний (400, 000 доллардан ортиқ) ноқонуний равишда ўзлаштирган.

Айбловлар Зайд Саидов Тожикистон теннис федерацияси раҳбари сифатида Парижда ўтаётган теннис мусобақаларида иштирок этаётган пайтда янграган.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Мардон Муҳаммадга кўра, Зайд Саидовга қарши очилган иш асосан унинг "Янги Тожикистон" сиёсий партиясини очиш ташаббуси билан боғланмоқда.

Маълум қилинишича, айнан мана шу партия ташкил этилаётгани борасида эълон қилиниши ортидан Саидов жаноблари ва бошқа ташкилотчиларга нисбатан босимлари кучайган.

Зайд Саидовнинг ўзи Би-би-си билан суҳбатда ўзига қарши айбловларни рад этган ва мамлакатга қайтиб, ўзининг айбсизлигини исботлашини таъкидлаган.

Зайд Саидов ким?

Зайд Саидов Тожикистондаги бадавлат ва энг таниқли бизнесменларидан бири ҳисобланади.

"У собиқ шўролар даврида ҳам майда бизнес билан шуғулланган ва нафақат Тожикистон, балки Совет Иттифоқи ҳудудида ҳам ном чиқарганди", дейди Мардон Муҳаммад.

Тожикистондаги ички урушлар даврида Зайд Саидов Москвага кетган ва 6 йил давомида фаолиятини ўша ердан туриб давом эттирган.

Тинчлик битими имзоланиши ортидан у Тожикистонга қайтиб, 1999-2006 йилларда Тожикистон Саноат вазири вазифасида ишлаган.

Ҳозир жаноб Саидов ўз бизнесидан ташқари Тожикистон бизнес ассоциацияси ҳамда мамлакат теннис федерациясига ҳам раҳбарлик қилади.

"Тожикистонда уни сиёсий шахсият сифатида бўлмаса-да, бир бизнесмен сифатида яхши танийдилар", дейди Би-би-си мухбири.

Кўпхотинлиликда айбланаётган 54 ёшли Зайд Саидовнинг 4 аёли ва улардан 10 фарзанди борлиги айтилади.

Тожикистонда икки ва ундан ортиқ маротаба уйланган шахслар Республика Жиноят кодексининг 170-моддасига биноан жазоланади. Қонунга кўра, улар жаримага тортилиши ёки озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Тожикистон бизнес ассоциацияси ҳам Зайд Саидовни вазифасидан бўшатиш масаласида тез орада қарор беришлари мумкинлигини маълум қилган.

Мухолифатга босимлар

Яқиндан бошлаб Тожикистон мухолифати, жумладан, Ислом Уйғониш Партиясига нисбатан босимлар кучайгани хабар қилинганди.

Мазкур босимларни мухолифат вакиллари ва таҳлилчилар ноябр ойида бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари олдидан қилинаётган сиёсий босимлар сифатида изоҳлашмоқда.

Мардон Муҳаммаднинг хабар қилишича эса, Зайд Саидов журналистлар билан суҳбати чоғи президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлиги ва янги партияси 2015 йилги парламент сайловларида иштирок этишни режалаётганини бир неча бор таъкидлаган.

"Лекин, агар Зайд Саидов президентликка номзодини қўйса, жорий раҳбар Имомали Раҳмонга асосий рақибларидан бири бўлиши мумкин", дейди мухбиримиз.

Ҳозиргача жорий Президент Имомали Раҳмоннинг сайловларда иштирок этиши маълум.

Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматилло Зоировдан бошқа ҳеч ким ҳозирга қадар рақиб сифатида ўз номзодларини илгари суриши эҳтимоли хусусида расман эълон қилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ