Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Кветтадаги ҳужум учун масъуллигини айтди

Image caption Ҳужумда бир неча полиция ходимлари ҳалок бўлган

13 май куни Покистоннинг Кветта шаҳрида полиция бошлиғини нишонга олган ҳужум учун маъсулиятни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз зиммасига олган.

Ҳужумда 10 киши ҳалок бўлган, 75 инсон яраланган.

"SITE Intelligence Group" нашрининг ЎИҲ баёнотидан иқтибос келтиришича, гуруҳ воизи Яҳё Ҳикматий ҳужум нишони Балучистон полицияси бошлиғи, генерал Муштақ Аҳмад Суҳера бўлганини тасдиқлаган.

Ҳужумда бир неча полиция ходимлари ҳалок бўлган.

Қатор жиҳодий форумларда эълон қилинган баёнотида ЎИҲ Кветтадаги ҳужум ўтган ой Покистон армияси амалга оширган ҳаво зарбаларига жавоб амали эканини айтган.

Ҳужумда ўзбек исломий жангчилари назорат қилиши айтилган Зубайр мадрасаси нишонга олинганди.

Ота-бола ўзбек ҳужумчилари

Покистон хабар агентликларининг расмийларга иқтибосан ёзишича, Кветтадаги бомба ҳужумини Али исмли 52 ёшли ўзбек ҳужумчиси амалга оширган.

Портловчи моддалар ортилган машинадаги ҳужумчи полицияси бошлиғининг конвойи қаттиқ қўриқланадиган Балучистон полицияси қароргоҳига кириб бораётган пайт бомбани портлатган.

Хабарларга кўра, у ўз машинасини аввалига генерал Аҳмад Суҳера ўтирган машинага бориб урмоқчи бўлган, аммо нишонни ўтказиб юборган.

Шундан сўнг конвойдаги полиция автоуловларидан бирига бориб урилган.

Покистон мулозимларига кўра, Алининг Умма Усмон исмли қизи ҳам 2012 йил ноябрида Моҳманд минтақасида ўзини портлатиб юборган.

Ҳужумда Жамоати Исломий партияси раҳбари Қози Ҳусайн Аҳмад нишонга олингани айтилади.

Ҳодисада бурқа кийиб олган аёл ҳужумчи Қозининг конвойи яқинида ўзини портлатиб юборган, аммо Жамоати Исломий раҳбари омон қолган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Покистоннинг Афғонистон билан чегарадаги қабила ҳудудларида амал қилиши айтилади.

Ҳаракат асосчиси Тоҳир Йўлдош 2008 йилда АҚШнинг дрон ҳужумида ҳалок бўлган.

Ундан кейин ҳаракатга раҳбар этиб тайинланган Абу Усмон Одил ҳам 2012 йилдаги ҳаво ҳужумида ўлдирилган.

Покистонда амал қилаётган ўзбек жангариларининг сони бир неча юз экани айтилади.

Сўнгги пайтларда Марказий Осиё давлатлари расмийлари ЎИҲ жангариларининг Афғонистон шимолида фаоллашганидан хавотир изҳор қилишган.

Ўтган ҳафта Президент Ислом Каримов АҚШ ва Нато қўшинлари 2014 йилда Афғонистонни тарк этиши ортидан минтақада вазиятнинг ёмонлашишини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ